ЎзА Ўзбек

14.05.2019 17:01 Чоп этиш версияси

Улуғбек мадрасаси ва Самарқанд давлат университети илмий-таълимий давомийлик намунасидир

Улуғбек мадрасаси ва Самарқанд давлат университети илмий-таълимий давомийлик намунасидир

Ҳар қандай цивилизациянинг қиймати ўз тарихи мобайнида инсоният тамаддунига қўшган қадриятлари миқдори билан ўлчанади ва баҳоланади. Ислом динининг пайдо бўлиши билан у ўзига хос қадриятларни яратди ва шу билан цивилизациялар тарихида ўзига хос мавқега эга. Вақти-вақти билан исломий цивилизацияда шаклланган илмий ва фалсафий тараққиёт оригинал эмаслиги хусусидаги баҳслар ўртага чиқса-да, бу маданият яратган қадриятлар инсоният тарихида ўчмас из қолдиргани ҳам айни ҳақиқат. Бунга исломий цивилизация тарқалган географик ҳудудда бизнинг давримизгача сақланиб қолган моддий-маънавий маданият унсурлари бўлмиш қадриятларни мисол келтириш мумкин. 9-12 асрлар оралиғида исломий цивилизацияда илмий ва фалсафий тараққиёт ўзининг юқори чўққисига эришган порлоқ бир тарихий давр экани маълум. Бу даврда шаклланган илмий-фалсафий фанлар ривожи кейинги асрларда ҳам ўзига хослигини сақлаган ҳолда давом этган. 

Самарқанд давлат университети ректори профессор Р.Холмуродовнинг шу йил февраль ойида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган "Самарқанд университети қачон ташкил топган?" мақоласида Туркистон ҳудудидаги мадрасаларнинг ислом дунёси ва дунё тамаддуни тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилади. СамДУ Мирзо Улуғбек мадрасасининг бевосита давоми экани ҳақидаги ҳаққоний фикрлар баён қилинади. Тамаддуний тараққиёт узлуксиздир ва унинг қисмлари ўртасида кўзга кўринмас минглаб иплар билан боғланган узвий ришталар мавжуд.

Ҳақиқатан ҳам, 771 ҳижрий/1370 милодий йилда Амир Темур тарафидан барпо этилган ва 913 ҳижрий/1507 милодий йилга қадар унинг ўғиллари ва неваралари томонидан 130 йил давомида ҳукм сурган Темурийлар империяси Ислом цивилизациясида илмий-фалсафий тараққиётни таъминлаб берган буюк салтанат сифатида қаршимизга чиқади. Бу салтанат илм-фан маркази ҳолига келишида Амир Темурнинг беқиёс хизмати бордир. Қадами етган ҳар бир минтақа ва ўлкадан олимлар, тарихчилар, моҳир ҳунармандларни саройига даъват этиб, ўз ҳимоясига олган бу буюк шахс қисқа муддатда мамлакатини илм-фан ва фалсафа ривожланган марказ ҳолига келтирган эди. Натижада Темурийлар салтанатининг икки муҳим маркази – Самарқанд ва Ҳиротда бир-биридан фарқли иккита илм-фан, маданият ва санъат маркази шаклланди. Бу тафовут ўша даврдаги давлат арбобларининг дунёқараши, эътибор берган фан соҳалари, ҳаёт тарзи билан яқиндан алоқадордир. Ҳирот шаҳрида Шоҳруҳ Мирзо ва Бойсунғур Мирзонинг қўллаши туфайли аҳли диний билимлар, адабиёт ва санъатга алоқадор илмлар, Самарқанд эса Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида Ҳиротдагидан фарқли ўлароқ, табиий ва фалсафий фанлар гуркираб ривожланган ва дунёнинг муҳим илмий марказлари ҳолига келган. Самарқанд, айниқса, Улуғбек даврида табиий фанлар, астрономия ва математика соҳасида энг юксак нуқтага кўтарилди. Улуғбекнинг ўзи бу соҳаларда яхши таълим ва тайёргарликка эга экани, болалик йиллариданоқ Мароға расадхонасини зиёрат қилгани, олимларнинг мажлисларида илмий баҳсларга гувоҳ бўлиши ва олимларга буюк ҳурмат-эътибор кўрсатиши қисқа муддатда Самарқандни ўрта асрларнинг энг муҳим илм-фан марказига айлантирди. Натижада Самарқандда бизнинг давримизгача етиб келган, ўрта асрлардаги исломий маданиятнинг буюк обидалари бўлмиш Улуғбек мадрасаси ва Самарқанд расадхонаси вужудга келди. Марказий Осиё тамаддуни тараққиётининг чўққиси бўлган Темурийлар цивилизациясининг шоҳ асари, ўрта асрларда ўзбек халқи вужудга келтирган илмий ва таълимий жавҳар ҳам Улуғбек мадрасасидир.

20-асрнинг биринчи чораги охирида Самарқанд давлат университети янги тарихий шароитларда ушбу мадраса анъанасининг давомчиси сифатида ўртага чиқди ва у ҳам худди ўз ўтмишдоши каби ўзбек халқига ва минтақадаги қардош халқларга хизмат қилиб келмоқда. Шу сабабли СамДУ тарихини Мирзо Улуғбек мадрасаси билан боғлаш ғоят мантиқли қадам, деб ҳисоблаймиз.

Кишимжан ЭШЕНҚУЛОВА,
Қирғизистон-Туркия Манас университети 
Адабиёт факультетининг фалсафа бўлими доценти.

ЎзА
2 612