Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.02.2018 12:29 Чоп этиш версияси

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга

Адабиёт гулшани

Navoiy.jpg
Алишер Навоий

Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга.
Ўқларингдин дамбадам таскин топар кўнглум ўти,
Бордурур бир қатра су гўёки ҳар пайкон анга.
Бир диловардур кўнгулким, ғам сипоҳи қалбида,
Оҳи новак, тоза доғидур қизил қалқон анга.
Новакининг парру пайконида рангин тус эрур
Ёки кўнглумдин чу паррон ўтти юқмиш қон анга.
Номаи шавқум не навъ ул ойға еткай, чунки мен
Эл отин ўқур ҳасаддин ёзмадим унвон анга.
Хизри хаттингнинг ажаб йўқ сабзу хуррам бўлмоғи,
Лаббалаб чунким берур су чашмайи ҳайвон анга.
Эй хушо, муғ кўйиким, рифъат била зийнатда бор
Меҳр анга бир шамсаву кўк тоқидур айвон анга.
Истамиш булбул вафо гулдин магарким, жоладин
Бағри қотмиш ғунчанинг, баским эрур хандон анга.
Қилмамиш жонин фидо жононға етмас дер эмиш,
Эй Навоий, ушбу сўз бирла фидо юз жон анга.


Луғат:
Пайкон – ўқ.
Сипоҳ – қўшин.
Новак – кичик ўқ.
Унвон – адресат.
Рифъат – юксаклик.
Меҳр – қуёш.
Шамса – айвонлар пештоқига нақш этилган қуёш сурати.
Кўк тоқи – осмон гумбази.

Байтларнинг насрий баёни:
Бир париваш ишқида шундай зору саргардон бўлдимки, бу ишқдан олам менинг ҳолимга ҳайратга тушибди, мен эса паривашимга ҳайронман.

Кўнглим ўти тинимсиз ёғилаётган ўқларингдан таскин топмоқда. Гўёки ҳар бир пайконингда бир томчи сув бордек туюлади.

Кўнгил ғам қўшинининг қуршовида якка ўзи жанг қилаётган бир жасур жанговарга ўхшайди. Унинг қуроли – оҳ, қалқони эса янги ҳосил бўлган қип-қизил доғдир.

Отаётган ўқининг учи ва пати қизил рангга бўялганми ёки кўнглимни тешиб ўтганида қоним юқдимикан?!

Шавқим изҳори бўлмиш мактуб ул ойга қайдан борсинки, мен бошқалар унинг исмига назари тушишидан рашк қилиб, мактубнинг унвонида исмини ёзмадим.

Лабинг устида майса урган хаттинг яшнаб хуррам бўлиши ажабланарли эмас, чунки бу хат Хизр каби обиҳаёт чашмаси – оғзингдан сероб бўлган.

Муғ кўйи қандай юксак мақомки, унинг улуғворлиги ва зийнати олдида Қуёш шамса – айвоннинг пештоқида чизилган нақш, осмон эса, қасрнинг киришидаги айвончага ўхшайди.

Булбул гулдан вафо истабди магарким, очилган ғунча бағри жала ёғилганидан тошдек қотиб, ўзи хандон бўлиб қолибди.

Жонни фидо қилмагунча жононга етиб бўлмас, дермиш ёр, эй Навоий, шу сўзининг ўзига юзта жонни фидо этса арзийди.



Ғазалнинг умумий маъно-моҳияти:
Мазкур ғазал ошиқ руҳиясининг бадиий ифодаси ўлароқ юзага келган. Биринчи мисрада маъшуқа “париваш” – ғайб оламига тегишли гўзал хилқат эканлиги тавсифланади. Лекин бу гўзалликни ҳамма ҳам англаб, қадрига етолмайди. Бу ҳусну жамолнинг беназирлигини кашф қилган лирик қаҳрамон ёр ишқида шу даражада ҳайрат оламига ғарқ бўлибдики, бошқалар унинг ҳайратидан ҳайратда қолмишлар. Фахриддин Розийга кўра, ҳайрат икки навдир: ақл ҳайрати ва қалб ҳайрати. Ақл ҳайрати инсон тафаккури англашга ожиз қолган нарсалар ва воқеа-ҳодисаларга нисбатан пайдо бўлади. Дейлик, техниканинг сўнгги ютуқлари илк марта намойиш этилганда кўпчиликни ҳайратга солади. Аммо ишлаш тарзи ҳақида маълумот ҳосил қилингач, ҳайратдан нишон қолмайди. Қалб ҳайратида эса, туйғуларнинг моҳияти очилавергач, ҳайрат янада қувватланиб бораверади.

Ҳайратнинг ошишига сабаб бўлган омиллар ёрнинг ошиқ кўнглига қарата отган ўқлари каби бадиий тимсол ва образлар ёрдамида ифодаланган. Навоий тасвирида ошиқнинг кўнгли – Ишқ оламида ғам сипоҳига қарши якка ўзи кураш олиб бораётган бир қаҳрамон. Бу жасур жанговарнинг асосий қуроли – Ишқ ўтидан фалакка ўрлаган “оҳ”лар, қалқони эса – захмлар нишонидан пайдо бўлган доғ. Ишқ дардига мубтало бўлган киши кундалик ташвишлар, ғам-ғуссалар, беқарорлик ва таҳликаларни жигарларни ўртовчи бир оҳ билан енгади, бундай одамнинг кўнглида бошқа нарсага жой қолмайди. Ошиқ кўнглидан чиққан бир оҳ дунёвий ташвишлар хирмонини алангалатиб юборади. Шу сабабли, ғам қўшини қуршовида қолган ошиқ кўнглини шоир енгилмас ва жасур баҳодирлардек таърифлайди:

Бир диловардур кўнгулким, ғам сипоҳи қалбида,
Оҳи новак, тоза доғидур қизил қалқон анга.

Кейинги байтда яна иккинчи ва учинчи байтларда қўлланилган образлар – ёрнинг отган ўқлари ҳақида сўз юритилади. Шеърият тилида ёр бир нигоҳи, кўз қири билан қиё боқиши ошиқ кўнглини ўзига сайд қилиши боис, унинг назарини ўққа ўхшатишади. Муболағанинг авжи аълосини қўллаган Навоий бу ўқларнинг рангин патларини кўнгил қонига бўялган, деган тасаввурни жонлантиради:

Новакининг парру пайконида рангин тус эрур
Ёки кўнглумдин чу паррон ўтти юқмиш қон анга.

Кейинги байтда Ишқ зўрлигидан рашк ва ғаюрлик ўти қанчалик аланга олганини мушоҳада этиш мумкин: ошиқ маъшуқага хат ёзаркан, ёрининг исми одамлар тилига тушмаслик учун мактуб унвонига ёзмаганини айтади.

Шиблий деган авлиё илоҳий ишқ жозибасидан дастлаб Бағдод кўчаларини девонавор кезиб, кимки “Аллоҳ” деса, ширинлик улашиб юраркан. Кейинчалик ҳоли ўзгариб, кимки “Аллоҳ” деса, бошини чопиб ташлайман, деб қилич кўтариб чиқибди. Бу ҳолни пири – Жунайд Бағдодийга бориб етказишибди. Жунайд айтибди:

– Уни ўз ҳолига қўйинглар. Ишқ ғалаёни ва рашк ўтининг алангаси туфайли бу ҳолга тушибди.

Навоий тасвирлаган ҳолат ҳам айни шу мақомга мос тушади. Ёрининг жамолини бошқалардан пинҳон тутмоқни истаган ошиқ дилдорнинг сабза урган мурти – хаттини Хизрга қиёслайди ва бунга икки нарсани сабаб қилиб кўрсатади: биринчидан, яшнаб турган хат Хизрдек Ҳусн ва Ишқ водийсида саргардон бўлганларга раҳнамолик қилса, иккинчидан, бу хат жон бағишловчи калом ва файз манбаи – Ёрнинг оғзи устидадир. Ҳусни таълил санъатининг ажойиб намунаси бўлган бу байт талмиҳ, истиора ва ташбиҳ санъатлари билан қоришиқ ҳолда келиб, ажойиб санъаткорона байтни вужудга келтирган.

Кейинги байт муғ дайри васфига бағишланган. Навоий таърифига кўра, муғнинг остонаси шунчалик баландки, тўртинчи фалакда жойлашган қуёш унинг айвонида нақшланган бир акс кабидир. Муғ сўзи мағупат – Қуёшга сиғинувчиларнинг руҳонийсига нисбатан қўлланиладиган атама эканлигини биламиз. Аммо Навоий васф этган муғ – Қуёшпараст мажусий эмас, балки Қуёш унинг улуғлик айвонида бор-йўғи бир зийнат бўлган олиймақом бир зот. Ана шундай тавсифлар бизни мажоз оламидаги ҳақиқатлар асрорини очишга ундайди.

Кейинги байтларда ҳам анъанавий образлар қўлланилган. Табиатнинг чиройли манзараси – жала ёғилиши сабаб, ғунчанинг очилиши ҳамда бу ҳолатни (ғунча очилишини) кутиб яшаган булбул кўролмай армонда қолганини бебақо гўзаллик соҳибларидан вафо кутиб бўлмаслиги ҳақидаги фикрга боғлаб шундай маҳорат билан тасвирланганки, ҳатто ана шу бебақолик ва бевафолик талқини кишини тушкунликка туширмайди, балки Вафо ва Бақо соҳиби томон талпинишларни янада кучайтиради.

Мақтаъда эса Навоий вафо тушунчасига эш бўлган фидойилик ҳақида сўз юритиб, ёрга жонфидо бўлиш муҳаббатнинг исботи эканлигини таъкидлайди ҳамда ўзи ҳам шу йўлда минг жони бўлса ҳам қурбон қилишга тайёр эканлигини билдиради.

Олимжон Давлатов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

ЎзА
9 945