Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.08.2017 19:25 Чоп этиш версияси

Туркманистонлик хонанда Лала Бегназарова: «Шарқ тароналари» халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлайди

Самарқандда “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мусиқа форуми маданият ва санъатни янада ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Фестивалнинг ўзига хос муҳити ва халқаро нуфузи санъаткорларни янги ижодий изланишларга руҳлантирмоқда.

ЎзА мухбири 2009 йилги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг Гран-при соҳибаси, туркманистонлик хонанда Лала Бегназарова билан ушбу мусиқа байрами ҳақидаги фикрларини билиш мақсадида интернет орқали боғланди:

– Авваламбор шуни таъкидлашни истардимки, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида қатнашиш – катта шараф ва улкан масъулият. Мазкур фестиваль халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, ҳар бир иштирокчига ўз истеъдодини намойиш этиш ҳамда тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Ўзбекистонга бир неча бор келиш, биргаликда ташкил этилган концертларда иштирок этиб, туркман халқ қўшиқларини ижро этиш бахти менга насиб этди. Ўзбекистонлик санъат шинавандалари бизни ҳамиша илиқ кутиб олади. Ўзбекистон, айниқса, Самарқанд ўзининг бетакрор шарқона таровати, бой тарихи ва меъморий ёдгорликлари билан мени мафтун этган. Ҳар сафар келганимда ўзим учун Ўзбекистоннинг янги қирраларини кашф этаман.

Ҳайъат аъзолари менинг чиқишимни олий мукофот – Гран-прига лойиқ топганидан жуда хурсандман. Ушбу нуфузли фестивалда ўз мамлакатимни муносиб таништирганимдан бениҳоя бахтли эканим, бундан нақадар фахрланишимни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бу менга қанот бағишлади, янада кўпроқ ишлашга ундади. Фестивалдан сўнг менга Туркманистон халқ артисти фахрий унвони берилди. Бунга “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалидаги ғалабам ҳам сабаб бўлди, деб ўйлайман. Бизни илиқ кутиб олган фестиваль ташкилотчилари, Ўзбекистон халқига ўз миннатдорлигимни билдираман.

“Шарқ тароналари” фестивалида иштирок этганим, бош совринни қўлга киритганимни туркман ва ўзбек халқларининг қардошлик алоқалари мустаҳкамлигидан далолат, деб биламан. Бу воқеа ижодим ва ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Фестивалдан сўнг мен дунёнинг кўплаб давлатларида ўз ижодимни намойиш этдим.

Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкамланиб, гуллаб-яшнасин!

Яқинлашиб келаётган фестиваль иштирокчиларига муваффақият тилайман!

Нодира Манзурова, ЎзА
2 053






Все о погоде - Pogoda.uz