ЎзА Ўзбек

03.10.2019 Чоп этиш версияси

Туркий халқларнинг бобокалон шоири ва мутафаккири

Туркий халқларнинг бобокалон шоири ва мутафаккири


Марказий Осиёда яшовчи қондош-жондош ва ёндош туркий халқларнинг илк шоири ва донишманди Юсуф Хос Ҳожибнинг туғилганига бу йил ёхуд келгуси йили 1000 йил тўлади. Унинг Мағрибу Машриққа машҳур «Қутадғу билиг» достони яратилганига 950 йил тўлиши муносабати билан ЮНЕСКОдек нуфузли халқаро ташкилот томонидан жорий 2019 йил – «Қутадғу билиг» йили деб эълон қилингани бутун туркий халқлар учунбирдай шарафли ва ифтихорли воқеа бўлди.

Заҳматкаш, забардаст тилшунос олим Қаюм Каримов (охиратлари обод бўлсин!) бундан ярим аср муқаддам ҳозирги қариндош туркий халқлар учун бир хилда муштарак бўлган ушбу нодир ёдномадан барча ўзбек китобхонларини бахраманд этиш мақсадида асарни араб ёзувидаги Наманган нусхаси матни асосида транскрипсия ва ҳозирги ўзбек тилига тавсиф қилди (қ.:Юсуф Хос Ҳожиб. «Қутадғу билиг» – «Саодатга йўлловчи билим».«Фан», Т.,1971:961 саҳифа –40,8 босма табоқ). 1976-йилда эса олим шу ёдгорлик юзасидан «Илк бадиий достон» номли илмий тадқиқотини нашр эттирди. Ана шу икки нашр билан яқиндан танишиб чиққан ўзбек ўқувчиси «Қутадғу билиг» ва унинг муаллифи ҳақидаги ғаройиб маълумотлар билан ошно бўлади.

Достонда баён этилишича, муаллифнинг асл исми –Юсуф, у Қорахонийлар давлатининг Баласоғун шаҳрида туғилиб, ёшликдан ўз давридаги барча соҳага оид билимларни, туркий, араб, тожик тилларини зўр иштиёқ ва қунт билан ўрганган. Ушбу китобни ҳижрий 462-йили (милодий ҳисобда 1069-70 йилда) 18 ой ичида ёзиб тугаллагани ва ўша пайтда унинг ёши 50дан ўтиб 60 сари бораётганини шундай ифодалаган:

Йил алтмиш эки эрди тўрт юз била,
Бу сўз сўзладим ман тутуб жан сура,
Тугал ўн сакиз айда айдим бу сўз,
Ўзурдим, азирдим сўз эвдиб тера.
Эллик ёшим менга қўлини тегизди,
Энди олтмиш менга, кел, дея чорлаётур.

Туркийшунос олимлар ана шу маълумотларнинг таҳлили асосида Юсуф Хос Ҳожибни тахминан милодий 1019-20 йиллар атрофида таваллуд топган деб ҳисоблашади.

Бу даврда Қашғардан тортиб Каспийгача бўлган кенг ҳудуд Бўғрахоннинг тасарруфида бўлган. Ўша даврда Қорахонийлар давлати юксалиб, илм-маърифат, маданият анча ривожланган, араб, форс тилларида турли соҳага оид кўплаб асарлар яратилган эди. Беадад йирик давлатни мустаҳкамлаш, идора қилиш, хон ва беклар орасидаги низоларга барҳам бериш учун шу ҳудудда яшовчи барча туркий қабила, элат ва қавмларга бирдай тушунарли тилда ёзилган низомномага эҳтиёж катта эди. Бутун мазмун-мундарижаси билан тўлиғинча таълим-тарбия, ахлоқ-одоб, маънавият ва илм-маърифат йўл-йўриқларини қамраб олувчи қомусий «Қутадғу билиг» асари ана шундай талаб ва зарурат тақозоси билан майдонга келган.

Юсуф достонга ўқувчининг бахт-саодатга эришувини ният қилиб, «Қутадғу билиг» деб ном бергани ҳақида шундай ёзади:

Китаб ати урдум «Қутадғу билиг»
Қутадсу ўқуғлиқа тусу элик.

Асарда мазкур худуддаги барча элатлар тили умумий ном билан «Бўғрахон тили» деб аталган. Муаллиф достоннинг уйғур ёзуви билан кўчирилган бир нусхасини қорахоний ҳукмдор Тавғач Бўғрахонга тақдим қилади. Китоб хонга манзур бўлгани боис Юсуфга «Хос Ҳожиблик» («Эшик оғаси» – хоннинг бош хизматкори) лавозимини беради. Шундан бошлаб шоир Юсуф Хос Ҳожиб тахаллуси билан шуҳрат қозонади.

«Қутадғу билиг» ўз даврида кўплаб мамлакатлар донишмандлари тарафидан энг яхши асар сифатида эътироф этилади ҳамда қуйидаги каби зариф атамалар билан шарафланади: чинликлар уни «Адаб-ул-мулук»(«Ҳукмдорлар одоби»),мочинликлар «Ойин-ул-мамлакат» («Мамлакатнинг тартиб-усули»), машриқликлар «Зийнат-ул-умаро» («Амирлар зийнати»), эронликлар «Шоҳномаи туркий», туронликлар «Қутадғу билиг» ва баъзилар «Пандномаи мулук» («Ҳукмдорлар пандномаси»), деб атайдилар.

Юсуф Хос Ҳожибнинг фан ва турмушнинг деярли барча сохаларига оид кўпдан-кўп ғаройиб фикрлари, орзу-умидлари ва қарашлари бундан роса 950 йил муқаддам баён этилганига қарамай, ҳозирги глобаллашув замонида ҳам ҳаётийлиги ва долзарблигини йўқотмай келаётгани диққатга сазовордир.

Баъзи далилларга назар ташлайлик. Аввало, Юсуф Хос Ҳожиб ўз замонасининг йирик донишманди, илм-маърифат жарчиси ва ҳомийси сифатида билимни бахт-саодатга эришишнинг бош калити деб ҳисоблайди. Асарнинг кўплаб бобларида илмни, олимларни юксак даражада улуғлайди. Унинг фикрича, илм – нур, олимлар – машъал:

Улар илми халққа бўлади чироқ,

Чироқ ёнса, тунда адашмас оёқ.

Ёки:

Йўқ эса жаҳонда гар олим, доно,

Экиб унмагай эрди ерда дона.

Адиб одам дунёда билиши мумкин бўлмаган нарса, билим билан ечилмайдиган жумбоқ йўқ. Билим туфайли ҳаттоки кўкка ҳам йўл очилади деб ҳисоблайди:

Ҳамма эзгуликлар билим нафидур,

Билим ҳатто осмон сари йўл очур!

Юсуф одамларни дунё ишларининг барчасидан огоҳ бўлиш учун билим ва заковат соҳиби бўлишига чақиради:

Заковат қайда бўлса, улуғлик бўлур,

Билим кимда бўлса, буюклик олур.

Ҳаётда юз берадиган барча ярамас ишлар жоҳиллик, нодонлик, билимсизлик оқибати эканини алоҳида уқтиради. Билимсиз киши мисоли бир хаста, уни ўз дардини даволашга – билим ўрганишга ундайди:

Билимсиз кишилар бўлар кўр мисол,

Билимсиз, билимдин келиб ҳисса ол.

Давлат раҳбари, бек ва амалдорларни олимларни, уларнинг илмини астойдил севишга, қадрлашга, илм-маърифат аҳлини ҳимоя қилишга, ўз атрофига фозил кишиларни тўплаш ва уларнинг маслаҳатлари асосида иш юритишга даъват этади.

Қомусий билимлар соҳиби Юсуфҳар жиҳатдан етук, комил инсон бўлиш учун ўз давридаги табобат ва илми нужумдан тортиб барча табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш ва пухта ўзлаштириш зарурлигини кайд этади.

«Қутадғу билиг»нинг «Тил одоби» («Тил ардами») деб номланган 7-бобида муаллиф тилнинг жамият ва маданий ҳаётдаги ўрни, дунёни, унинг сир-синоатларини билиш ва ўрганишдаги аҳамияти, тил илми, нутқ одоби ва нотиқлик санъати каби масалалар ҳақида фикр юритади.

Юсуф Хос Ҳожибнинг фикрича, тил билимли ва заковатли бўлишнинг асосий воситасидир. Одам тилнинг шарофати билан ўз билими, ақл-идрокига сайқал беради, фикрини ойдинлаштиради. Кишининг қадр-қимматини оширадиган ҳам, туширадиган ҳам тилдир:

Заковат, билимга калитдир бу тил,

Ёритгувчи эрни равон тилни бил.

Кишин тил улуғлар, топар қут киши,

Кишин тил тубанлар, ёрилар боши.

Зеҳн кўрки сўздир, бу тил кўрки сўз,

Киши кўрки юздир, бу юз кўрки кўз.

Олим одамларни, айниқса ижодкорларни, элчиларни, тилга алоҳида эътибор, масъулият ва эҳтиёткор бўлишга, уни ардоқлашга, айтмоқчи бўлган фикрини обдон ўйлаб, билиб, тўғри ва тушунарли ифодалашга даъват этади. Фикрни мумкин кадар ихчам, қисқа, ҳатто ўн минг сўз мазмунини бир сўз билан баён этишга сай-ҳаракат қилиш лозимлигини алоҳида уқтириб ўтгани диққатга сазовордир:

Талай сўзлама сўз, бироз сўзла оз,

Талай сўз чигалин шу оз сўзда ёз.

Сўзни кўпни сўзлама, бироз озроқ сўзла

Туман сўз тугунин шу бир сўзда ёз.

«Қутадғу билиг» қўлёзмасининг ҳар учала нусхасини (Ҳирот-Вена, Қоҳира, Наманган) узоқ йиллар давомида синчиклаб тадқиқ этган атоқли рус туркийшунос олими С.Е.Маловнинг хулосасига кўра, мазкур ёднома, гарчи араб ва уйғур ёзувида сақланган бўлса-да, аслида ҳозирги туркий тиллар учун бир хилда муштарак манба ҳисобланади. Матннинг луғат таркиби ва грамматик хусусияти жиҳатидан эса у нисбатан эски ўзбек адабий тили манбаларига яқинроқдир.

Давоми бор.

Юсуф Эшонқулов,
Филология фанлар номзоди, доцент.


6 111
ЎзА