Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.10.2017 21:04 Чоп этиш версияси

Тожикистон маданияти кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Тожикистон маданияти кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида ташкил этилган маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, тожикистонлик санъат ва маданият намояндалари, ёшлар, мухлислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Тожикистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари И.Машрабов ва бошқалар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча жабҳалар қатори маданият соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Бу каби маданий-маърифий тадбирлар халқларимизнинг бой анъана ва қадриятларини, санъат соҳасидаги ютуқларини кенг намойиш этиш билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тожикистон маданияти кунлари доирасида Тошкентда ўтказилаётган "Замонавий Тожикистон" номли фото ва мўйқалам усталарининг ижод намуналари кўргазмаси, халқ ҳунармандлари маҳсулотлари намойиши таассуротларга бой бўлмоқда. Ушбу тадбирлар давомида ўтказилган мулоқотларда ўзбек ва тожик халқларининг асрлар давомида ёнма-ён яшаб, бир-бирининг маданияти ва санъатини бойитиб келгани, бу анъаналар бугун янги босқичда давом эттирилаётгани таъкидланди.

Кечада Тожикистон санъат намояндалари томонидан намойиш этилган концерт иштирокчиларга мумтоз куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлиш имкониятини туҳфа этди.

3.JPG

Концерт “Зебо” рақс ансамблининг чиқиши билан бошланди. Тожикистон халқ артистлари Саидқул Билолов ва Давлат Холов, шунингдек, Шарофат Усмонова, Амиржон Рўзиев, Фотима Машрапова каби хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар тингловчиларга манзур бўлди.

– Халқларимиз ўртасида ҳам маънавий, ҳам маданий муштараклик бор, – дейди Тожикистон давлат академик опера ва балет театри директори Манучеҳр Шарифзода. – Жорий йил май ойида Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтган эди. Ўзбекистонда ўтказилаётган Тожикистон маданияти кунлари унинг мантиқий давоми бўлиб, маданий-гуманитар ҳамкорлигимиз изчил тараққий этаётганидан далолатдир.

Маданият кунлари доирасида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида тожикистонлик кино режиссёрлари томонидан суратга олинган бадиий фильмлар намойиши бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ушбу мамлакат ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар тақдимотлари, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.

Улуғбек Шоназаров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
5 878






Все о погоде - Pogoda.uz