Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Тошкент Фотосуратлар уйида навбатдаги кўргазма ташкил этилди

Ёш ҳунарманд Нуриддин Расулов яратган маҳобатли кунгура парракларидаги нафис нақшлар бири бошқасини такрорламайди. "Бирдамлик назарияси" деб номланган мазкур инсталляция халқлар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатлик, дўстликка ишорадек.

I Тошкент халқаро амалий санъат фестивали доирасида Тошкент Фотосуратлар уйида ташкил этилган кўргазма Нуриддин каби иқтидорли ёшлар, уларнинг устозлари ижоди билан яқиндан танишиш имконини бермоқда.

– Бу кўргазмани чинакам мўъжиза, деб аташ мумкин, – дейди озарбайжонлик ҳунарманд Инна Костина. – Мазкур фестиваль жуда кўтаринки ва байрамона руҳда, юксак савияда ўтмоқда. Унинг доирасидаги лойиҳалар жуда ранг-баранг.

– Амалий санъатнинг умрбоқийлиги халқнинг азалий меросига таяниши билан бирга ҳаётимизни янада безашга, уни гўзал, кўркам бўлишига хизмат қилишида, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, созгар уста Тўхтамурод Зуфаров. – Бу фестивални миллий маданиятимизнинг халқаро миқёсдаги намойиши, десак муболаға бўлмайди.

Кўргазмада уста ва ҳунармандлар, уларнинг шогирдлари томонидан яратилган ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, ганчкорлик, матога гул босиш, созгарлик ва бошқа йўналишлар бўйича ижод намуналари мухлислар эътиборига ҳавола этилган.

Шу куни гобелен, қоғоз тайёрлаш, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги бўйича ёшлар учун маҳорат сабоқлари бўлиб ўтди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 435






Все о погоде - Pogoda.uz