Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 12:18 Чоп этиш версияси

Ўтмиш ва бугунни туташтирган кўприк

Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Миллий истиқлол мафкурасининг шаклланишида музейларнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Вилоят маданият бошқармаси ҳамда Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей қўриқхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тарихчи ва археолог олимлар, музейлар ходимлари иштирок этди.

Анжуманда юртимиз тарихи ва маданияти, халқимизнинг бой маънавий мероси ҳақида тушунчага эга бўлиш, ундан бугунги авлодни хабардор этишда музейлар алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Шу боис мамлакатимизда мазкур муассасалар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг замон талаблари даражасида иш олиб боришини таъминлаш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Музейлар тўғрисида”ги қонуни ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи юртимизда илк бор ташкил этилган муассасалардан бири сифатида ҳамда ноёб ва бетакрор экспонатларга бойлиги билан ажралиб туради, – дейди Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий ва бадиий музей қўриқхонаси директори Х.Муҳаммадиев. – Эътиборлиси, бу музей ўз йўналиши ва фондидаги ашёлар таркибига кўра, Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Музей илмий фондидаги нумизматика ва рангтасвир асарлари коллекцияси Ҳамдўстлик мамлакатларида мавжуд бўлган шундай коллекциялар ўртасида юқори ўринларда туради. Музейда археология коллекцияси, Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид фото ва ҳужжатлар, кийим-кечаклар, турли халқлар маданиятига тааллуқли гиламлар ва бошқа ноёб ашёлар сақланади. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибида 8 музей фаолият кўрсатиб, уларда юртимизнинг бир неча минг йиллик тарихи ва маданияти, аждодларимизнинг бой илмий меросига оид 235 мингдан ортиқ ашёлар, тарихий маълумотлар сақланмоқда.

Музейлар йўналишига мос тарихий экспонатларни тўплаш, уларни ўрганиш ва сақланишини таъминлаш, илмий-текшириш ишлари олиб бориш, экспозициялар тайёрлаш ва кўргазмалар ташкил этиш, ноширлик ишлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик музейлар фаолиятининг асосини ташкил этади. Кейинги йилларда Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи учун янги бино ажратилиб, замон талаблари даражасида реконструкция қилинди. Вилоят ўлкашунослик музейи, “Афросиёб” музейи, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Каттақўрғон, Иштихон ва Пахтачи туманларидаги тарих музейларида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий жиҳозланди. Самарқанд шаҳри тарихига оид ноёб экспонатлар жамланган “Афросиёб” музейида Афросиёб деворий суратларининг 3D шаклидаги видеофильми тайёрланди.

Конференцияда музейлар фондини бойитишда археологик тадқиқот ишлари ҳамда жаҳон музейшунослиги тажрибасидан самарали фойдаланиш, ёшларни истиқлол мафкураси руҳида, юксак ватанпарварлик ғоялари билан тарбиялашда бундай маданият масканларининг аҳамияти ҳақида маърузалар тингланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 549






Все о погоде - Pogoda.uz