Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.08.2017 14:51 Чоп этиш версияси

Темурийлар даврининг буюк мусаввири

Камолиддин Беҳзод ўзининг бетакрор асарлари билан Шарқ ва жаҳон маданияти тарихида ўчмас из қолдирган буюк мусаввир. У Алишер Навоий достонлари ва девонлари, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си, Низомий Ганжавийнинг «Хамса»си, Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Хамса”си, “Темур тарихи” мураққаъси, Саъдий Шерозийнинг “Бўстон” сингари асарларига бетакрор миниатюралар чизган.

Темурийлар тарихи давлат музейида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб очилган кўргазма Камолиддин Беҳзод ижодига бағишланди.

Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейи ҳамкорлигида ташкил этилган “Камолиддин Беҳзод – Темурийлар даврининг буюк мусаввири” деб номланган кўргазманинг очилишида олимлар, санъатшунослар, мусаввирлар ва журналистлар иштирок этди.

Темурийлар тарихи давлат музейи директори Х.Файзиев ва бошқалар Шарқ миниатюра санъатини шаклий, фалсафий ва мазмунан бойитган улуғ аждодимиз Камолиддин Беҳзод қолдирган бой ижодий мерос бугунги авлод учун катта ижодий мактаб вазифасини ўтаётганини таъкидлади. Мусаввирлар томонидан яратилаётган замонавий шакл ва кўринишдаги миниатюра асарларида буюк бобомиз бошлаб берган қадим анъана, услуб ва йўналишлар давом эттирилаётгани қувонарлидир.

Манбаларга кўра, Беҳзод ота-онасидан жуда эрта етим қолиб, таниқли Ҳирот хаттоти ва рассоми Мирак Наққош қўлида тарбия олган. Миниатюрасоз Мирак Наққош уйидаги ижодий муҳит, гўзаллик ва нафосат бўлажак мусаввирни санъатга ошно этди. У 23 ёшидаёқ устози ижодиётининг давомчиси, етакчи миниатюрачи рассом бўлиб етишгани тарихий маълумотларда ёзилган. Айниқса, Камолиддин Беҳзод ижодий ўсиши ва камолотида Алишер Навоийнинг ўрни ва хизмати беқиёсдир.

– Камолиддин Беҳзод тарихий мавзуларда асарлар яратиш билан бирга ўзи бевосита мулоқотда бўлган замондошларининг суратларини чизиб, портрет жанрини янада мукаммаллаштирди, – дейди Темурийлар тарихи давлат музейи бўлим мудири А.Мадраимов. – Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Султон Ҳусайн Мирзо, Муҳаммад Шайбонийхон каби тарихий шахсларнинг портретлари Беҳзод мўйқалами сабаб бизгача етиб келган. Бугунги кунда унинг асарлари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида, Қоҳирадаги миллий кутубхонада, Нью-Йоркдаги Метрополитен музейида, Санкт-Петербургдаги кутубхоналар ва бошқа масканларда томошабинларни маҳлиё этмоқда.

Кўргазмадан мусаввирнинг "Донишмандлик дарслари", "Жомий масжидининг қурилиши", "Икки вафодор дўст", "Буюк шоирлар даврасида Алишер Навоий", "Султон Ҳусайн Мирзо қози олдида», «Шоир изтироблари» каби асарлари ўрин олган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 489






Все о погоде - Pogoda.uz