Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.04.2017 13:23 Чоп этиш версияси

Тарихий меросимиз – бебаҳо бойлигимиз

Мамлакатимиз ҳудуди қадимий обида ва маданий ёдгорликларга бой. Улар халқимиз ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадрият сифатида бебаҳо мулк ҳисобланади.

Кўҳна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда. Айни пайтда инсоният тамаддунининг ажралмас қисми сифатида улкан тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Шу боис мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилиб, уларни келажак авлодларга безавол етказиш, халқимизнинг инсоният цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 29 июлдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқимизнинг бой тарихидан далолат берувчи ушбу археологик ва меъморий ёдгорликлар, санъат асарлари, диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш, уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш борасида Андижон вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

– Вилоят ҳудудида маҳаллий ва республика аҳамиятига молик 371 тарихий ва маданий мерос объекти рўйхатга олинган, – дейди маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси Андижон вилояти бўлими етакчи мутахассиси Дилшодбек Юсупов. – Улардан 114 таси археологик, 66 таси меъморий ёдгорликлар, 117 таси маҳобатли санъат ёдгорликлари – ҳайкаллар бўлиб, 74 таси диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳлардир. Улар муайян бир давр, маскан, улуғ шахслар ҳақида маълумот олиш имконини беради.

Бугунги кунда вилоятда махсус дастур асосида ана шу тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ободонлаштириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар иштирокида тузилган тарихий-маданий экспертиза комиссияси томонидан туман ва шаҳарлардаги маданий мерос объектлари, деб эътироф этилган ёдгорликлар тўла ўрганиб чиқилди. Уларнинг аксариятида кадастр-баҳолаш, муҳандислик-тадқиқот, топономик, картография ишлари амалга оширилди. Археологлар, тарихчи олимлар томонидан Марҳамат туманидаги Мингтепа, Избоскан туманидаги Элатан, Жалақудуқ туманидаги Далварзинтепа ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди.

Андижон шаҳридаги Мирпўстин ота, Балиқчи туманидаги Тузлуқ момо, Учбулоқ, Андижон туманидаги Меҳмони Валий, Пахтаобод туманидаги Ховускон ота, Хўжаобод туманидаги Имом ота, Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ сингари зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, зиёратчи ва дам олувчилар учун барча қулайлик яратилган. 50 дан зиёд тарихий ёдгорликлар ва зиёратгоҳларнинг кадастр ҳужжати, 50 дан зиёд объектнинг паспорти тайёрланган.

Миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тадқиқ этиш ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини юксалтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 272






Все о погоде - Pogoda.uz