Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 20:32 Чоп этиш версияси

Тарихий маданият – маънавиятимиз асоси

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Миллий ва умуминсоний маданиятлар уйғунлиги: назария ва амалиёт” мавзуида анъанавий илмий-амалий конференция ўтказилди.

Миллий университет, Республика миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманга олий ва ўрта махсус таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мустақил тадқиқотчилар, илмий ходим изланувчилар, магистрантлар, бакалаврлар, коллеж ва академик лицей ўқувчилари таклиф этилди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети проректори О.Холмуҳамедов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларда инсон қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида устувор масалага айланганлиги, кенг кўламли дастурлар доирасида бажарилаётган ишлар жаҳон миқёсида тан олинаётганлиги, барча соҳалардаги ислоҳотларнинг бардавомлиги осуда ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим омилларидан эканини таъкидлади.

– Бугунги тадбирда миллий ва умуминсоний маданиятлар уйғунлиги, илмий изланиш ва натижалар ҳақида батафсил фикр юритилди, – дейди фалсафа фанлари доктори, профессор А.Қодиров. – Бу борадаги илмий изланишлар «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ижроси доирасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада оширишга қаратилгандир. Мамлакатимизни модернизация қилиш, ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришда миллий ва умуминсоний маданиятлар уйғунлиги таъминланишига кўмаклашиш, маънавий етук, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир масалаларни илмий асослаш масъулияти олимлар зиммасидадир.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимиздаги кўҳна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлининг катта қизиқишини уйғотиб келмоқда. Улар инсоният тамаддунининг ажралмас қисми сифатида улкан тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Шу боис мустақиллик йилларида мамлакатимизда маданий мерос объектларини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилиб, уларни келажак авлодларга безавол етказиш, халқимизнинг инсоният цивилизацияси тараққиётига қўшган буюк ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Мазкур анжуманга 200 дан ортиқ мақола тақдим этилган, – дейди Наманган давлат университети ўқитувчиси Д.Тошбоева. – “Аҳмад Югнакийнинг фалсафий қарашларда маданият ва маънавият масалалари” мавзуидаги изланишимда Шарқ мутафаккирларининг бу борадаги ижодини ўрганиб, ўз фикр-мулоҳазаларимни илмий жамоатчиликка ҳавола этдим.

Тадбир доирасида Миллий университетнинг “Маънавият асослари ва диншунослик” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган янги ўқув-услубий адабиётлар жамланмаси, Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг «Асрлараро саёҳат», «Адрас жилоси» миллий либослар коллекциялари, тасвирий санъат асарлари намойиш этилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
693






Все о погоде - Pogoda.uz