ЎзА Ўзбек

07.06.2019 19:18 Чоп этиш версияси

ШЕРМУҲАММАДБЕК

ШЕРМУҲАММАДБЕК


Туркистон мустақиллиги учун совет режими ва қизил армияга қарши курашда истиқлолчилик ҳаракатининг ҳарбий йўлбошчилари – қўрбошилар муҳим роль ўйнашган. Ана шундай қўрбошилардан бири Шермуҳаммадбек (1893 – 1970) ҳисобланади. Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатининг раҳбарлари ўртасида Шермуҳаммадбек алоҳида ажралиб туради. Шермуҳаммадбек қўрбоши фаолиятини тарихий манбалар асосида холис ўрганиш бугунги ёш авлод ва Ватан ҳимоячилари учун ибрат намунасини ўтайди, деган умиддамиз.

Кураш майдонига кириши

Шермуҳаммадбек (архив ҳужжатлари ва совет адабиётларида Шермат қўрбоши ёки Кўршермат, чап кўзига ўқ текканлиги учун шундай ном беришган) ҳозирги Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Гарбува (Гарбобо, Карбобо – азизлар) қишлоғида, беклар авлодидан бўлган Қўшоқбек ҳожи хонадонида, 1893 йилда туғилди. Қўшоқбек ҳожининг ота авлодлари Қўқон хонлари ҳузурида вазирлик, беклик қилишган бўлса, оналари Ойдин оғоча Кошғардан келин бўлиб тушган эди.

Шермуҳаммадбекнинг Тошмуҳаммадбек, Тожмуҳаммадбек, Рўзимуҳаммадбек деган акалари, Нурмуҳаммадбек исмли укаси ҳамда Сарвинисо ва Тўфихон исмли сингиллари бўлган. Унинг онаси Тўпахон ая Қўшоқбек ҳожининг кенжа хотини эди. Шермуҳаммадбек оилада тўртинчи фарзанд бўлиб, дастлабки таълимни қиш­лоғида, кейин Марғилонда олган. Шермуҳаммадбек ёшлигидан илмга чанқоқ, айни пайтда жангари ва жасур йигит бўлган. У кўп ўқиган, шунинг учун ҳам аждодларга ҳурмат ва мустамлакачиларга нафрат руҳида тарбияланган.

Али Бодомчининг ёзишича, Қўшоқбек 1913 йили Ҳижоз ўлкасидан – Ҳаж зиёратидан қайтиб келаётган пайтда Қримда вафот этган. Ота беш ўғлига ўлкадаги Россия мустамлакачилиги зулмига қарши кураш олиб боришни васият қилган. Отадан ўғилларга мерос бўлиб ватанпарварлик туйғуси қолган.

Шермуҳаммадбек камгап ва адолатпеша шахс эди, деб хотирлайдилар Фарғона қариялари. Аҳмад Закий Валидий кейинчалик ўзининг «Хотиралар» номли китобида ёзишича, Шермуҳаммадбек 1916 йилда Россия империяси томонидан мардикорликка олинган ва уруш марраларида ишлаш учун сафарбар қилинган кишилар қаторида Польша фронтига ташланган.

Шермуҳаммадбек Фарғона водийсида совет режимига қарши миллий озодлик учун курашнинг илк босқичидан бошлаб жанг майдонига кирган. У Катта Эргаш ва Мадаминбекнинг ўринбосарлари сифатида истиқлолчиларнинг тан олинган йирик лашкарбошиси эди. У кураш майдонига қадам қўйган илк кунлардан бошлаб «Туркистон – туркистонликларнинг юртидир, унга бошқа ҳеч кимнинг эгалик қилишга ҳаққи йўқ!» деган шиорни ўртага ташлаган. Унинг асосий мақсади Туркистонда ислом жумҳуриятини ташкил қилиш бўлган. Мадаминбек либерал йўлбошчи бўлган бўлса, Шермуҳаммадбек кес­кин ҳаракат қиладиган (радикал) қўмондон эди.

(Шермуҳаммадбек фаолияти бугунги кунда республикамизда нашр қилинган айрим китобларда бузиб кўрсатилмоқда. Файласуф И. Каримов ўзининг «Мадаминбек» номли асарида Туркистон мустақиллиги учун курашган бу фидойи инсонни Кўршермат деб таҳқирлаш билан чекланиб қолмасдан, балки кўрсатган жасоратларини сохталаштиради. Мадаминбекдан ташқари Фарғонадаги бошқа қўрбошилар ҳақида туҳматомуз фикрлар тиқилиб ётган, коммунистик ғоя ва синфийлик руҳи билан суғорилган бу китоб мустақиллигимизнинг 9-йилида нашр қилинганлиги ажиб ҳолдир. Бу ҳақда қаранг: Иброҳим Карим. Мадаминбек. – Т.: Шарқ, 2000. – 160 бет.)

Шермуҳаммадбекнинг сиёсий қиёфаси мухолифлар томонидан у қуролини ҳали ташламаган пайт­даёқ қуйидагича чизилган эди: «Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.) – миллати сарт (ўзбек – Қ. Р.) бўлиб, барча қўрбошиларнинг энг ғайратли ва қатъиятлиси ҳисоб­ланади. Жангда жуда жасур, қўл остидагиларга нисбатан талабчан ва русларга (чор россияси босқинчиларига – Қ. Р.) шафқатсиз. У аҳоли ўртасида ғоят катта обрў-эътибор ва шуҳратга сазовордир».

Тарихчи олима Д. Зиёева «Туркис­тон миллий озодлик ҳаракати» номли китобида ХХ аср 20-йилларида матбуот саҳифаларида қўзғолончилар, хусусан, Шермуҳаммадбекнинг шиорлари ва мақсадлари ҳақида чоп этилган қизиқарли маълумотларни келтиради. Унинг кўрсатишича, Антонов «Красная Фергана» газетаси (1921 йил 17 май)да шундай ёзади: «Босмачилар қўмондони Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.) совет ҳокимиятидан тўлиқ мус­тақиллик... ва умуман, Россиядан ажралишни талаб қиляпти... Унинг бу талаби РКПнинг миллий дастурига мос келадиган яхши ният, деб ўйлаш мумкин. Унинг чақириқларида миллий ҳаракат асослари яққол кўриниб турибди». И. Сольц худди шу газетада эълон қилинган «Кўршермат ва автономия» сарлавҳали мақоласи (1921 йил 10 июл)да қу­йидагича ёзади: «Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.) ишчи-деҳқон ҳукуматига таъна қилиб, 15 кун ичида Туркис­тон учун мухторият беришни талаб этмоқда». Верин ҳам шу газета (1921 йил)да қу­йидагиларни таъкидлайди: «Кўршермат (Шермуҳаммадбек – Қ. Р.), Оллоёр, буржуазия, руҳонийлар вакиллари биздан миллий-маданий мухторият, шариат, ислом, урф-­одат ва анъаналар дахлсизлигини, ҳаётни бузишни тўхтатишни талаб қилдилар».

Шермуҳаммадбек фаолиятига унинг ашаддий ғанимлари томонидан берилган бу баҳолар ва эътирофлар тўғри эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозим.

Олий бош қўмондон

Мадаминбек қизил армияга қарши курашдан четлашгач, 1920 йилнинг эрта баҳоридан бошлаб Шермуҳаммадбек Фарғона водийсидаги қуролли ҳаракатнинг Олий бош қўмондони этиб сайланди. Шермуҳаммадбек бошчилигида Туркистон – турк мустақил ислом жумҳурияти ёхуд Туркистон муваққат ҳукумати (1920 йил 3 май)нинг тузилиши водийдаги қўзғолончиларни қайта бирлаштириш ва совет режимига қарши ҳал қилувчи жанглар сари бошлаш учун муҳим ўрин тутади.

Шермуҳаммадбек бу пайтда Бухоро ва Хоразм Республикалари ҳамда Самарқанд вилоятида ҳаракат қилаётган истиқлолчилар билан алоқаларни йўлга қўйди. Анвар Пошо ва Жунаидхон билан уч томонлама ҳамкорлик ўрнатилди.

Шунингдек, Шермуҳаммадбекнинг Шарқий Бухоро қўрбошилари Иброҳимбек ва Фузайл Махдум билан муносабатлари яхши бўлган. Афғонистон ва Туркия билан ҳам алоқалар жонланган.

Большевикларнинг маддоҳларидан бири эътироф қилишича, улар учун «Мадаминбек қўрбошилар ўртасида энг кучлиси бўлган бўлса, Шермуҳаммадбек, шубҳасиз, энг хавфлиси эди».

Шермуҳаммадбек Туркистон минтақасининг барча аҳолисига қилган мурожаатида қуролли кураш моҳиятини шундай ифодалаган эди: «Большевиклар алдайдилар ва ўлдирадилар. Барча давлатлар большевикларни тугатиш учун уларга қарши курашмоқдалар. Туркистон халқига ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи берилганида эди, биз курашмаган бўлардик. Туркистонга ўз ҳуқуқи берилмас экан, биз ҳуқуқ ва виждонимиз, ор-номусимиз учун сўнгги томчи қонимиз қолгунича большевиклар билан кураш олиб бораверамиз».

Хуллас, Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракатига Шермуҳаммадбек раҳбарлик қилиши билан қизил армияга қарши кураш 1920 йил ўрталарида ўзининг янги босқичига қадам қўйди. Курашнинг бу босқичида у яна ҳам шафқатсиз ва муросасиз тус олди. Бу ҳолат қу­йидаги омиллар билан изоҳланади.

Биринчидан, 1920 йил баҳори ва кузидан бошлаб Фарғона водийси ва Самарқанд вилоятидаги истиқлолчилик ҳаракати билан бир қаторда эндиликда аввал Хоразм Республикасида, сўнгра Бухоро Рес­публикасида ҳам босқинчи қизил армияга қарши қуролли ҳаракат бош­ланди ва қисқа муддатда авж олиб кетди. Иккинчидан, истиқлолчилик ҳаракатининг янги босқичи ўзига хос хусусиятга эга бўлган мураккаб ва зиддиятли даврни ўз ичига олган эди. Ҳаракатнинг биринчи ва иккинчи босқичларида большевиклар ҳукуматига қарши чиққан қўзғолончилар туб ерли аҳоли вакилларидан иборат бўлиб, улар асосан россия­ликлардан ташкил топган қизил армия қисмларига қарши кураш олиб бордилар, яъни бу маҳаллий халқ билан босқинчилар ўртасида ҳаёт-мамот кураши бўлган эди.

Большевиклар ҳукуматида хизмат қилаётган миллий раҳбар ходимларнинг маҳаллий аҳоли вакилларини қизил армия сафига чақириш ҳақидаги талаблари дастлаб Турккомиссия ва Тошкентдаги совет ҳукумати томонидан инобатга олинмади, сирасини айтганда, улар туб ерли аҳоли вакиллари қўлига қурол беришдан чўчидилар. Натижада ҳаракатнинг дастлабки босқичлари моҳият нуқтаи назаридан олганда ҳам том маънода босқинчиларга қарши миллий истиқлол учун кураш бўлган эди.

Марказий ҳукумат раҳбарлари ва унинг Туркистондаги таянчлари фақат 1920 йилнинг ўрталаридагина бу ҳақиқатни тушуниб етдилар. Маҳаллий аҳоли вакилларини қизил армия сафларига қабул қилиб, уларни қўзғолончиларга қарши қўйиш билан бу кураш моҳиятини ўзгартиришга, Туркистон халқини Россиядаги каби фуқаролар уруши гирдобига тортишга ҳаракат қилдилар. Шу мақсадда Туркистон фронти қўмондони М. В. Фрунзе 1920 йил 7 майда қизил армия сафларига маҳаллий миллат фуқароларидан 30 000 кишини олиш тўғрисида буйруқ чиқарди.

Лекин бу билан масала улар ўйлаганидек ҳал бўлмади. Қизил армия сафида қуролли мухолифатга қарши жанг қилишни истамаган чақириқ ёшидаги минглаб эркаклар истиқлолчилик ҳаракати (қўзғолончилар) қаторини тўлдирдилар.

Қаҳрамон РАЖАБОВ,

тарих фанлари доктори,

профессор

Манба: “Vatanparvar” газетаси


ЎзА
7 891