Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 12:20 Чоп этиш версияси

Шарқ санъати ворислари

Шарқ санъати ворислари Нилуфар Аминжонова Республика дизайн коллежининг учинчи курс ўқувчиси. Миллий қадриятлар ва анъаналаримизни чизмаларда тасвирлаш унинг жону дили. Ёш иқтидор эгасининг манзара, портрет ёки натюрморт жанридаги асарларида миллийлигимиз сингдирилганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейида Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган “Шарқ санъати ворислари” кўргазмасида Нилуфар "Бувимнинг ҳовлиси", "Бувим портрети", "Ёрқин хотира" деб номланган суратлари билан устозу мухлисларини хушнуд этмоқда.

– Бугунги кўргазмани "Шарқ санъати ворислари" деб бежизга номламадик, – дейди коллеж ўқитувчиси Руслан Қодиров. – Негаки, ўқув даргоҳимизда тузилган ёш рассомлар гуруҳи ана шундай ном билан аталган. Бу гуруҳ "устоз-шогирд" анъаналари асосида фаолият юритиб, унда энг иқтидорли ёшлар жамланган. Наврўз байрами арафасида тасвирий санъат ихлосмандларига гуруҳимизнинг ўн тўрт нафар ёш ижодкори олтмишдан ортиқ чизмаларини тақдим этаётир.

Коллежда ташкил этилган "Шарқ санъати ворислари" гуруҳига Руслан Қодиров ва Марина Макеева етакчилик қилади. Улар гуруҳнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор бериб, тасвирий санъат оламидан сабоқ бериб боради. Биргаликда ижод қилиб, биргаликда изланаётган бу жамоанинг ҳамфикр ва ҳамжиҳатлигига ҳавас қилса арзийди.

Кўргазма экспозициясидан жой олган Р.Қодиров, М.Макеева, О.Йўлдошев, В.Галаутдинов, Ҳ.Ғайбуллаева, Ф.Алоев, Ф.Ҳусенова, О.Жабборова, И.Аҳмаджонова каби ёш истеъдодларнинг манзара, портрет, сюжетли композиция ва натюрморт жанрларида чизилган асарларида жаннатмонанд юртимиз жамоли, табиати, одамлари, урф-одатлари, миллий анъаналаримиз ранглар дунёсига ўзига хос тарзда кириб борган ва жилоланган.

Насиба Зиёдуллаева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
2 702






Все о погоде - Pogoda.uz