Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 12:09 Чоп этиш версияси

Ўш театри жамоаси ижодий сафар билан Андижонга келди

Ўш театри жамоаси ижодий сафар билан Андижонга келди Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театри ижодий сафар билан Андижонга келди.

Театр жамоаси ўзбек адиблари асарлари асосида саҳналаштирилган “Тоҳир ва Зуҳра”, “Лайли ва Мажнун”, “Падаркуш”, “Соҳибқирон”, “Нодирабегим”, “Зебуннисо”, “Чўлпон” сингари кўплаб спектаклларни юксак маҳорат билан намойиш этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлган. Ижодий жамоа Бишкек, Тошкент, Олмаота, Душанбе шаҳарларида ўтказилган халқаро театр фестивалларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритган.

Театр жамоаси Андижон шаҳридаги Бобур ҳайкали пойига гуллар қўйди. Меҳмонлар Андижоннинг диққатга сазовор жойлари, вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, Андижон олимпия захиралари коллежи, қиличбозлик мажмуасида ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан танишди, спортчилар билан суҳбатда бўлди.

– Тинчлик, тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган Ўзбекистондаги жараёнларни катта қизиқиш билан кузатиб борамиз, Ўзбекистон халқига чин дилдан ҳавас қиламиз, – дейди Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театри директори Набижон Мамажонов. – Бундан ўн беш йил аввал Андижонда бўлганман. Шу ўтган давр мобайнида бу ерда жуда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилибди. Бугун Андижон гўзал, замонавий шаҳарга айланганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Озода, кенг ва равон кўчалар, муҳташам биноларни кўриб, кишининг баҳри дили очилади. Юртингизда ёш спортчиларга яратилган шароитларга ҳавас қилса арзийди. Бежиз Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақалар, Олимпиада ўйинларида ғолиб бўлмаётган экан.

Андижон давлат университети талабалари билан ўтган учрашувда ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги яқин қўшничилик, дўстлик алоқалари қадим-қадимдан мавжудлиги дини бир, тили, урф-одат ва анъаналари ўхшаш бўлган икки юртда яшаётган халқларнинг маданият, илм-фан, адабиёт соҳаларидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ва қардошликни тараннум этувчи шеър ва қўшиқлар ижроси бунинг ёрқин далили бўлди.

– Андижон вилоятида қирғиз тилида ўқитиладиган тўртта мактаб, қирғиз тилида ўқитиладиган синфлар мавжуд бўлган йигирма битта мактабнинг борлиги, Андижон давлат университети филология факультетида қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 60 дан зиёд талаба таҳсил олаётгани Ўзбекистонда турли миллат вакилларига, хусусан, қирғиз миллати тили, урф-одат ва анъаналарига кўрсатилаётган юксак ҳурмат, деб биламан, – дейди Қирғизистон халқ артисти Ойтожи Шобдонова. – Бундай бағрикенг, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юртнинг келажаги албатта буюкдир.

Андижон вилоятида юздан ортиқ миллат вакиллари тинч-тотув, аҳил ва ҳамжиҳатликда яшамоқда. Улар ўз она тилини, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаши, ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Бугунги кунда вилоятда қарийб 160 мингга яқин қирғиз миллати вакиллари истиқомат қилади, вилоят қирғиз миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда.

– Ёш авлод таълим-тарбияси, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги камтарона меҳнатларим инобатга олиниб, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан “Дўстлик” орденига сазовор бўлдим, – дейди вилоят қирғиз миллий маданий маркази аъзоси, Жалақудуқ туманидаги 27-умумтаълим мактаби директори Умутхон Маматалиева. – Қирғиз миллати вакили, оддий бир қишлоқ аёли бўлсам-да, шундай мукофотга лойиқ кўрилганимдан беҳад мамнунман. Асрлар давомида аҳилликда, қуда-анда бўлиб яшаб келаётган ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик, меҳр-оқибат ришталари ҳеч қачон узилмайди.

Андижонлик театр санъати мухлислари учун Ўш театр жамоасининг Жалил Сиддиқов асари асосида Набижон Мамажонов томонидан саҳналаштирилган “Айкўл Манас” спектакли намойиш этилди.

Намойиш олдидан бўлиб ўтган тадбирда ўзининг бой тарихи, ижодий салоҳияти, репертуарининг ранг-баранглиги билан томошабинлар эътиборини қозониб келаётган Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театрининг келгусидаги ижодий режалари ҳақида сўз борди. Театр жамоасининг Ўзбекистонга ижодий сафари икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

– Ижодий жамоамиз томонидан намойиш этилаётган “Айкўл Манас” спектакли лирик жанрдаги драматик асар бўлиб, қирғиз халқи қаҳрамони Манаснинг юрт босқинчиларига қарши кураши ҳақида ҳикоя қилади, – дейди Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Режаб Тожибоев. – Ватанпарварлик, мардлик, дўстлик, камтарлик сингари фазилатлар ҳамиша инсонни эзгуликка ошно этади.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
3 203






Все о погоде - Pogoda.uz