ЎзА Ўзбек

10.06.2019 11:47 Чоп этиш версияси

Сени мадҳ этаман, Ўзбекистоним!

Сени мадҳ этаман, Ўзбекистоним!

Умрбоқий анъаналар 

Бахшичилик – миллий ўзлигимиз, бебаҳо қадриятларимиз, тарихимиз акс этган санъат. Пойтахтимиздаги “Туркистон“ саройида “Сени мадҳ этаман, Ўзбекистоним!“, деб номланган концерт дастурида бу жиҳатлар яна бир карра намоён бўлди. 

Мазкур ижодий лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази, “Ўзбекконцерт“ давлат муассасаси, “Адолат“ социал-демократик партияси, Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

photo5471955061895703471.jpg

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, “Адолат“ социал-демократик партияси фракцияси раҳбари Н.Умаров мамлакатимизда миллий анъана ва қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бахшичилик санъатини янада ривожлантириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, илк марта Термиз шаҳрида халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтди. Наинки юртимизда, балки жаҳон миқёсида илк марта ўтказилган ушбу фестиваль миллий меросимизнинг нечоғли бой ва бетакрор эканини дунё миқёсида намойиш этди. 

photo5471955061895703472.jpg

Соҳага кўрсатилаётган эътибор натижасида болалар мусиқа ва санъат мактаблари, олий таълим даргоҳларида миллий ўтмишимиз, бебаҳо меросимиз акс этган ушбу санъатни янада равнақ топтиришга, бу борадаги таълимни кенг йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

– Кейинги йилларда миллий бахшичилик санъати туб ривожланиш босқичига кирди, – дейди фольклоршунос олим Маматқул Жўраев. – Бу жиҳатлар достончилик санъати мактабининг бойиб бораётгани, устоз-шогирд анъаналари кенгроқ йўлга қўйилаётганида, бахшиларнинг ижоди бугунги шиддатли замон ўзгаришларига ҳамоҳанг бўлиб бораётганида яққол сезилмоқда. 

photo5471955061895703474.jpg

“Сени мадҳ этаман, Ўзбекистоним!“ концерт дастуридан кўзланган асосий мақсад бахшилар фаолияти билан ёшларни кенгроқ таништириш, устоз бахшилар билан ёш бахшилар ўртасида ўзига хос ижодий кўприк яратишдан иборатдир.

photo5471955061895703480.jpg

Концертда бахшичилик санъатидан энг ёрқин намуналар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Мухлислар Хоразм бахшичилик мактабининг нечоғли жўшқин ва завқлилиги, Сурхондарё мактабининг мардлик, ватанпарварлик ғояларига йўғрилгани, қорақалпоқ бахшичилиги бетакрорлигининг гувоҳи бўлдилар. Донгдор бахшиларимиз Абдуназар Поёнов, Гулнора Алламберганова, Қаландар бахши Норматов, Отахон Матёқубов, “Ниҳол“ мукофотининг совриндори Феруз Норматов, Аҳрор бахши Хушвақтов ҳамда таниқли хонандалар, ашула ва рақс ансамблларининг чиқишлари концертга кўтаринкилик бағишлади. 

Назокат УСМОНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА
2 559