Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 15:58 Чоп этиш версияси

Санъатшунос олим билан учрашув

Миллий мусиқа санъатимиз дунё миқёсида эътироф этилган. Шарқ мусиқа илмининг асосчиси сифатида тан олинган ватандошимиз Абу Наср Форобий, буюк алломаларимиздан Абу Али ибн Сино, Абдулқодир Мароғий, Алишер Навоий, Дарвиш Али Чангий, Бобур ва бошқалар мусиқа борасида назарий ва эстетик қарашларни ишлаб чиққан, мумтоз мусиқий асарларнинг муаллифи сифатида ҳам жаҳонга танилган...

Тошкент маданият коллежида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Тўхтасин Ғофурбеков ўқувчи-ёшларга шулар хусусида сўзлаб берди.

Т.Ғофурбеков кўп йиллик илмий-ижодий изланишлари билан замонавий ўзбек мусиқа санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган олимлардан. Санъатшуноснинг «Ўзбек мусиқа адабиёти», «Ўзбек мусиқа тарихи», «Ўзбекистон мусиқа маданияти», «Ҳозирги замон ўзбек мусиқаси», «Мусиқий танқид ва журналистиканинг илмий асослари» каби дарсликлари, ўқув қўлланмалари мусиқа ва санъат мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқитилмоқда.

Суҳбатда Бухоро ва Хоразм, Фарғона ва Тошкент мақомлари, анъанавий ижрочилик ва халқ бастакорлик ижодкорлиги, мусиқий достончилик санъати каби мусиқий маданиятимизнинг сарчашмалари минглаб йиллик тарихга эгалиги таъкидланди. Бой, ранг-баранг, кўлами кенг, услубан хилма-хил, қиймати бебаҳо бўлган бу мерос маънавий бойлигимизнинг негизи сифатида жуда қадрлидир.

– Учрашув биз, ёшларда катта таассурот қолдирди, – дейди коллеж ўқувчиси М.Ҳакимова. – Ўзбек, жаҳон мусиқа илмига оид янгиликлардан хабардор бўлдик. Алишер Навоийнинг мусиқа илмига оид асарлари тафсилоти билан ҳам танишдик.

Тадбирда коллеж ўқувчилари томонидан мумтоз куй-қўшиқлар ижро этилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 015






Все о погоде - Pogoda.uz