Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 10:53 Чоп этиш версияси

Самарқандда байрам нафаси

Самарқандда байрам нафаси Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами ва “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик доирасида тобора чирой очиб, ўзгача гўзаллик ва тароват касб этмоқда.

Бугун шаҳарни кезган киши бу қадимий кентда катта тўйга қизғин ҳозирлик кўрилаётганини дарров илғайди. Айниқса, Ибн Сино, Бўстонсарой, Регистон, Мирзо Улуғбек, Беруний кўчалари, Университет хиёбони, Амир Темур майдони, Шоирлар боғи, Регистон майдони ва унинг атрофида олиб борилган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари туфайли яратилган кўркам манзара киши баҳри дилини очади. Йўл бўйларидаги бир-биридан чиройли ва ўзига хос дизайн билан яратилган гулхоналар, турли конструкцияларга ўрнатилган гуллар, байрам руҳини берувчи кўргазмали воситалар тунги чироқ ва иллюминациялар ёғдусида янада мафтункор жозиба касб этади. Турфа ранг чироқлар билан безатилган фавворалар мусиқа оҳангига монанд кўкка отилиб, кишига бир олам завқ бағишлайди.

– Вилоят ҳокимлиги томонидан шакллантирилган гуруҳлар фестивалга тайёргарлик юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда, – дейди “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивали вилоят штаби аъзоси Б.Сайдалиев. – Ҳар бир гуруҳ масъули ўз фаолияти ҳақида штаб йиғилишларида доимий равишда маълумот бериб, келгуси вазифалар белгилаб олинаётир. Айни пайтда меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалида кутиб олиш ва кузатиш гуруҳи томонидан барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, гуруҳлар шакллантирилди. Улар учун махсус либослар тиктирилди. Меҳмонларга пешвоз чиқувчи қизлар ва созанда йигитлар билан бир неча маротаба репетиция ўтказилди.

Фестиваль иштирокчилари ва хорижлик меҳмонларга гид-таржимонлик қилиш учун Самарқанд давлат чет тиллар институтининг 210 нафар ёш ўқитувчи ва талабаси танланди ва улар билан доимий машғулот олиб борилмоқда. Меҳмонлар бориши кутилаётган тарихий-маданий объектлар, йирик саноат корхоналари, спорт мажмуалари ва таълим муассасаларида ҳам уларга маълумот берувчи экскурсоводлар тайёрланди. Улар учун ўқув-семинарлар ташкил этилиб, махсус кийимлар билан таъминланди.

18 (2).JPG

Транспорт хизмати кўрсатиш гуруҳи томонидан бугунги кунда халқаро фестиваль ва илмий конференция иштирокчилари, хорижлик меҳмонлар ҳамда юртимиздаги дипломатик корпус вакиллари учун 50 дан ортиқ енгил автомобиль ва микроавтобус, 80 га яқин автобус техник кўрикдан ўтказилиб, шай ҳолатга келтириб қўйилди. Ушбу транспорт воситалари ҳайдовчилари учун семинарлар ўтказилди.

Бу йил фестивалга келадиган чет эллик меҳмонлар учун “Регистон Плаза”, “Азия Самарқанд”, “Бек”, “Зилол Бахт”, “Ориент Стар”, “Арба” меҳмонхоналарида 700 га яқин жой ҳозирланмоқда. Шаҳардаги 15 га яқин ресторан қўшимча санитария кўригидан ўтказилиб, юқори сифатли, замонавий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилди.

Фестиваль иштирокчилари жойлашадиган меҳмонхоналар ва тадбирлар ўтказиладиган жойларда тиббий хоналар ташкил этилиб, тажрибали врач ва ҳамширалар бириктирилади. Улар замонавий тез ёрдам машиналари ва зарур дори-дармон билан таъминланади.

– Шаҳар кўчаларига хориждан келтирилган 1,5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди, – дейди шаҳарни безатиш гуруҳи аъзоси Ш.Йўлдошев. – Икки миллион туп гул кўчати ўтқазиш ишлари бошлаб юборилган. Анжуман бошлангунга қадар шаҳарнинг йирик чорраҳаларида композицияли гулзорлар барпо қилинади. Бундан ташқари, турли кўринишдаги конструкциялар тайёрланиб, гуллар ўрнатилмоқда. “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан Самарқанд шаҳри кўчалари фестиваль руҳига мос шиорлар, кўргазмали воситалар билан безатилди. Ўнга яқин қўшимча конструкциялар ўрнатилиб, юртимиз тарихи ва бугунги куни, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берувчи суратлар, тасвирий воситалар билан безатилди. Марказий кўчалар кесишмасида 7 йирик монитор ўрнатилмоқда. Фестиваль иштирокчилари ва юртимиз санъаткорлари танлов дастуридан ташқари концерт намойиш этиши учун шаҳардаги боғ ва хиёбонларда 5 йиғма саҳна ўрнатиш режалаштирилган.

Регистон майдони атрофида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бажарилиб, мажмуада ўрнатилган амфитеатр атрофида миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати асарлари, шарқ ширинликлари ва заминимизда етиштирилган ноз-неъматлар кўргазмаларини ташкил этишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Фестиваль асосий саҳнасида эса халқаро санъат байрамининг тантанали очилиш маросими махсус дастури репетицияси давом этмоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
3 444






Все о погоде - Pogoda.uz