Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 12:08 Чоп этиш версияси

Сўз мулки султонлари

Пойтахтимиздаги барча маданий-маърифий масканларда жаҳон шеъриятида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди саналарига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Маданият ва санъат кўргазмаси томонидан Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти музейида маънавиятимизнинг буюк намояндалари қолдирган улкан меросни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида маданий-маърифий кеча ташкил этилди.

Республика рассомлик коллежи ўқувчилари қатнашган кечада таниқли адабиётшунос, шарқшунос олимлар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди, жаҳон адабиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди. «Буюк Бобурийлар тарихи», “Жанубий, Жанубий-Шарқий ва Шарқий Осиё халқлари қадимги тарихи, диний эътиқоди, маданияти” каби номлардаги илмий асарлар муаллифи, филология фанлари доктори Н.Низомиддинов тақдим этган Бобурийлар сулоласининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, диний-маърифий қадриятлари, адабиёти ҳақидаги янги маълумотлар китобхонларда катта қизиқиш уйғотди.

– Бой маънавий мероси билан тарихимизда ёрқин из қолдирган аждодларимизнинг ҳаёти, ижодий фаолиятини илмий жиҳатдан ёритишда мустақиллик йилларида янги давр бошланди, – дейди филология фанлари номзоди Ю.Турсунов. – Бугун Навоий, Бобурни ўрганаман деган ҳар бир тадқиқотчида улкан шароит, кенг имконият бор. Қувонарлиси, ёшлар сафида ана шундай буюк сиймолар қолдириб кетган меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этишга салоҳиятли йигит-қизлар кўпаймоқда.

Кечада Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий ижросида Навоий, Бобур ғазалларига битилган ашулалар янгради.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
1 297






Все о погоде - Pogoda.uz