ЎзА Ўзбек

05.10.2019 Чоп этиш версияси

Репрессия қатағонми?

Репрессия қатағонми?


Она тилим - олтин сандиғим

Тилимизда қаттиқ сўзига асос бўлган қат ўзаги бор. Қатқалоқ десак қат, қотган лой десак қот бўлади. Бу ўзакнинг яна бир маъноси қават. Қат-қат, қатлам, қатлама сўзлари шундан. Қатилмоқ сўзининг илдизи ҳам қат. Қўшилмоқ, аралашмоқ деган мазмунда. Маъдан қотишмаси шу тушунчадан. Мис билан қалай эритиб аралаштирилса қотишма бўлади. Қатнинг бу маъноси ҳозир кўпроқ мақолларда, шеваларда қолган. Қўшилув, аралашув, бирикув сўзлари қатилувни четга суриб қўйганлар.

Ажабки, мен қатиқни сутнинг ивиб қаттиқ ҳолга келгани, қотгани, деб тушунар эканман. “Девону луғотит турк”да ёзилишича қатиқ― қатилувчи, яъни таомга қўшиб, аралаштириб тановул қилинувчи емак экан. Шу ўринда бир илова. Бир қанча Оврупо тилларида қатиқни йўгурт дейдилар. Бу соф туркий ўзбек сўзи. Уни дунёга совға қилиб, ўзимиз қатиқ деймиз. Бамисоли олов, чўғ маъносидаги ўт сўзидан ясалган ўтуг сўзимизни утюг шаклида бошқаларга бериб, ўзимиз дазмол деганимиз ёки қафтанимизни бировга кийдириб, ўзимиз тўн, чопон кийганимиз каби. Бундай ҳиммат инглизларда бор. Улар апельсин деган инглизча сўзни бутун оламга улашиб, ўзлари оранж дейдилар.

Қат билан қот ўзагининг Қошғарий бобо битмаган маънолари бугун бизда бор. Ишни, гапни қотирамиз, фарғонача айтсак, қатириб ташлаймиз. Сўзамоллик билан бошқаларни лол қилиб, қотириб қўямиз. Бундай “қотириш”лар қадимда бўлмаган чоғи, эски луғатларга кирмаган.

Қаттиқ деган сўзнинг ўзи қулоққа қаттиқ эшитилади. Гўё оҳангда маъно яширингандек. Араб тилида ҳам қатъий, қатъият сўзларининг ўзаги қатъ. Бу қаттиқ товушли сўз узиш, кесишни англатади. Қатъий сўз ― кесиб айтилган сўз. Қизиқки, инглиз тилида ҳам кесиш, қирқиш кат дейилади. Ҳеч бир қариндошлиги бўлмаган бу уч тилдаги оҳангдошликка сабаб нима? Ўзбекча қатнинг қаттиқлиги, арабча қатъ, инглизча катнинг мато кесгандаги товушга ўхшашлиги аён. Демак, ҳар бир атама замирида инсоннинг нозик ҳиссиёти, қалби ва онгидаги товушлар, ранглар дунёси, яна биз англаб етмаган олтинчи, еттинчи, саккизинчи туйғулари яширин экан.

Сўз орасида сўз: ўзбекча емак билан русча есть сўзларининг ўзаги битта ― е! Биз е, десак, руслар ешь, дейдилар. Еда, ем, едим сўзлари рус тилида емиш, емоқдаман, емоқдамиз деган маънони билдирса, ўзбекчалаб, е-да, десак, егин-да, деб қистаган бўламиз. Ем, деганда биз молга бериладиган емишни англаймиз. Едим эса еб тугатдим, деганимиз бўлади.

Агар бу ҳолни тилларнинг ўзаро таъсири, десак, туркий халқларнинг Русия билан алоқаси узоқ минг йилларга бориб тақалиши керак. Чунки ҳар икки тилдаги бу ўзак сўзнинг тарихи халқларимиз тарихи қадар кўҳнадир. Мабодо ҳар икки халқда е ўзаги мустақил равишда азалдан бор, бири-биридан олмаган десак, бундай мувофиқликка ҳайратланишимиз керак.

Мана энди асосий мақсадга келдик. Ўзбекча қат ўзагидан ясалган яна бир атама бор. Бу қатағон. От чопағон, ит қопағон, одам топағон бўлганидек, қаттиқланган нарса қатағон дейилади. Қаттиқ беркитилган эшик, қаттиқ ўрнатилган тартиб, қаттиқ манъ қилинган ишга нисбатан бу сўз айтилади. Чор Россияси ҳукмрон бўлган вақтлар ўзбекларнинг Ўрда кўпригидан ўтиб рус зодагонлари яшайдиган янги шаҳарга кириши қатағон, русча айтганда запрет эди. Ундан ҳам аввал Тошкентнинг ўн икки дарбозасидан бири Қатағон деб аталган. Кейинча Қўймас деганлар. Қатағон ҳам, Қўймас ҳам битта маънони англатади. Бу дарвоза ёпиқ.

Қаттиқ нарса қатағон, дедик. Қандай қилиб бу сўз берк маъносини олди? Бу саволга жавобни Самарқанддан топдик. Шаҳар айланиб юриб бир дўконга кирдик. Пештахта ёнида чой ичиб ўтирган сотувчилардан бири бизга қараб: ― Маҳкам!― деди. Биз бу сўзга эътибор қилмадик. Бирор Маҳкам исмли ўртоғини чақираяпти, меҳмонларга қара, ҳизмат қил, демоқчи, дея ўйладик. Кириб келавердик. Сотувчи ўрнидан туриб, жаҳл билан сўзини такрорлади: ― Ҳой, мен сизга айтаёбман: ― Маҳкам! ― Шунда англадикки, маҳкам сўзи ― берк, кириш мумкин эмас, дегани экан. Бир тилда сўзлашувчи одамлар бир-бирини тушунмаса қизиқ бўларкан. Биз узр айтиб дўконни тарк этдик.

Маҳкам деган сўзни биз қаттиқ, мустаҳкам, деб тушунамиз. Бу сўз берк маъносини ҳам англатса, демак қаттиқ сўзидан чиққан қатағон ҳам ёпиқ, кириш мумкин эмас, деган тушунчани англатиши табиий. Маҳкам ва мустаҳкам сўзларига ўзакдош бўлган истеҳкомда ҳам шу маъно бор.

Қатағонни бугун репрессия ўрнида ишлатамиз. Сўзнинг ўзаги пресс бўлгани учун тўғридан-тўғри таржима қилиб, босим ҳам дейдилар. Дарҳақиқат, у машъум йилларда босим ҳам, таъқиқ ҳам кучли бўлган. Лекин репрессия биз учун атамагина эмас, аянчли тақдир, фалокатли тарих ҳамдир. Шу маънода иккала истилоҳ ҳам халқимиз бошдан кечирган даҳшатни ифода қилолмайди. Миллионларнинг ёстиғини қуритган репрессияни қатағон, босим эмас, истибдод деса тўғрироқ бўлади. Истибдод чекланмаган ҳуқуқ билан жабр-зулм ўтказиш демакдир. Бу сўзда босим ҳам, ҳақсизлик ва шафқатсизлик ҳам, зиндон азоблари ҳам бор. Истибдод дод сўзига ўзакдош эмас. Лекин бу калимада жабрдийдаларнинг доду фарёди эшитилиб туради.

Мустабид тузумнинг тутқунлиги ― истибдод, мустақил Ватаннинг эркинлиги ― истиқлол. Истибдоднинг заволи, истиқлолнинг камоли мангу бўлсин.

Эркин ВОҲИДОВ,

Ўзбекистон халқ шоири

"Сўз латофати" китобидан.


5 247
ЎзА