ЎзА Ўзбек

08.10.2019 Чоп этиш версияси

“РЭПни тарбиявий ўзанга йўналтириш керак”

“РЭПни тарбиявий ўзанга йўналтириш керак”

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мамлакатимизда нафақат қўшиқчилик санъатига эътибор қаратади, балки қўшиқчиликнинг турли йўналишларини ривожлантириш ва ёш истеъдодларни юзага чиқаришга ҳам масъул.

Айтиш ўринлики, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси РЭП ва шу каби йўналишларда ижод қилувчи истеъдодли ёшларни нафақат қўллаб-қувватламоқда, ушбу йўналишни ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров: “Тан олишимиз керак, тақиқ қўйганимиз сари бу йўналишга қизиқиш кучайган бўлса, кучайди, аммо йўқолмади. Шунинг учун энг аввало мазкур йўналишга қизиқувчилар билан мулоқотга киришган ҳолда уларнинг қизиқишини, қобилиятини юзага чиқаришга ёрдам беришимиз лозим. Аммо РЭП ҳам дунёда тан олинган мусиқий жанр ва унинг тарбиявий аҳамиятини ҳам кўрсатиб берса бўлади. Шунинг учун биз бугун рэпперлар билан мулоқотга киришдик. Ниятимиз, РЭП йўналишидаги истеъдодларни миллий қадриятларимиз уйғунлигидаги ижод билан халқимизга кўрсатиш ва бу билан уларга нисбатан шаклланган салбий фикрларни ўзгартириш”, деган эди бир суҳбатда.

Ўзбекистонда РЭП йўналишида ижод қиладиган таниқли ёшлар бармоқ билан санарли. “UzBoom” РЭП гуруҳининг яккахон солисти Шавкат АЗИМОВ нинг ана шу саноқлилар ичида ўз ўрни бор. У деярли 15 йилдан буён шу йўналишда изланади, ижод қилади. UzBoom” РЭП гуруҳи юртимизнинг чекка-чекка гўшаларида, шунингдек, 10 дан ортиқ хорижий мамлакатларда ҳам яккахон концерт дастурларини намойиш қилган.

Биз ҳам Шавкатнинг ўй-фикрлари билан қизиқдик.

РЭП санъатига илк қизиқишингиз қачон ва қандай бошланган?

photo5251231289485405300.jpg– Ҳаммаси 14 ёшимда бошланган. 2003 йилда волидаи муҳтарамамдан ажралиб қолганман. Ҳали болалик дунёсидан чиқиб кетмаган мурғак қалбимни сўнгсиз айрилиқ, чорасизлик, жудолик, соғинч, алам ва андуҳ тўрлари чулғаб олган. Бу жуда ҳам оғир кечган. Ҳали 10 ёшга тўлмасимдан отасиз қолганман. Ёлғиз суянчиғим, қувончим бўлган онамдан ҳам ажралиб қолиш мени чинакам изтироб қулига айлантирган. Ўшанда илк маротаба чексиз алам ва андуҳлар исканжасида қолган қалбимда қаттиқ куйлаш эҳтиёжини туйганман. Ўзимча хиргойи қилиб куйлаганим сайин, соғинч азобларим тобора енгиллашганини ҳис этардим... Ўқувчилик давримда ота-онамдан айрилиқ зардобини шеър шаклида қоғозларга тўкардим, кейин синфдошларим, яқин дўстларимга куйлаб берардим. У пайтлар мен куйлаётган йўл рэп йўналиши эканлигини ҳам билмаганман. Фақат мени эшитган яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши, далда бериши менга янада руҳ, қанот бағишларди. Ўқувчилик, талабалик даврларим назаримда жуда тез ўтиб кетди. 2014 йил Плеханов номидаги Москва иқтисодиёт университетини муваффақиятли тамомлаб, Капитал банкка ишга қабул қилиндим. Кейинчалик ҳарбий соҳага ҳам қизиқишим туфайли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар вазирлигида ҳам фаолият юритдим. Лекин шу ўтган йиллар мобайнида бирор маротаба бўлсин куйлашга, айтишга бўлган қизиқишим сўнгани йўқ. Ота-онам, севган қизимга атаб ёзган рэпларимни каттаю кичик давраларда куйлаб беришимни сўрайверишди. Шунда ўзимга бўлган ишончим ортиб борди ва “UzBoom” деган гуруҳ ташкил қилдим.

– Шавкат, гуруҳингизни нима учун “UzBoom” деб номлагансиз?

Bоом сўзи инглизча портлаш, деган маънони билдиради. Орзу-умидларимнинг, армон-афсусларимнинг мазмун-моҳияти, чинакам ифодаси сифатида шу номни танлаганман. Яъники, қалбимнинг, туйғуларимнинг “портлаши”.

– РЭП ёшларни, болаларни эртароқ улғайтириб қўймаяптими? Болалар тарбиясида РЭПнинг қайси жиҳати кўпроқ: салбийми ёки ижобий?

– РЭПнинг оммалашуви табиий ҳол экан, у ҳолда олдимизда битта йўл бор: РЭПни тарбиявий ўзанга йўналтириш керак. РЭП йўналишида ижодни танладингми, демак унинг қоидасига ҳам амал қил! Жонли ижрони эпла!

РЭП – бу бўлар-бўлмас қофиялар тўплами эмас, балки Шимолий Америкадаги қора танлилар томонидан яратилган куйлаш санъати. Худди ўзимизнинг фолъклор йўналишига, айтиш жоиз бўлса, оғизда тўқилиб айтиладиган бахшичиликка ҳам ўхшаб кетади, назаримда. XX асрнинг 20-йилларида поезддан ҳайратланган одамлар уни “қора айғир“, параходни “сув айғири“, велосипедни “шайтон арава“, тракторни “ўт омоч“ деб аташган. Бугун бу нарса биз учун кулгили ҳолдир. Вақт ўтган сари турли тасаввурлар ўзгаради, эскиради. Демоқчиманки, РЭП ўзини оқлайдими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.

РЭПнинг ижросига эмас, матнга олинаётган клипларга, қўшиқчининг кийиниш маданияти ва ҳатти-ҳаракатларининг одоб доирасидан чиқмаслигига кўпроқ эътибор қаратиш шарт.

Яна бир нарсани айтиб ўтишим керакки, кейинги йилларда юртимизда рэп йўналишига бўлган эътибор яна-да яхшиланди. “Ўзбекконцерт“ бирлашмасига алоҳида раҳмат айтаман. Биз олдинги давр билан эмас, ҳозирги имкониятлар билан яшамоқдамиз. Ва мамлакатимизда истеъдодли ёшларга яратилаётган қатор имкониятлардан самарали, унумли фойдаланишимиз керак, деб ўйлайман. Санъаткор нимага қараб интилаётганини, мақсаду орзусини мухлисларининг, халқнинг олдида намоён қила олиши зарур.

ЎзА мухбири Озода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди


6 182
ЎзА