Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 11:57 Чоп этиш версияси

Регистонда дунё тароналари таралади

Самарқандда бу йил ўн биринчи бор “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилда ташкил этилган ва ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган мазкур санъат анжумани дунё халқларининг миллий мусиқа ва қўшиқчилиги анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, инсонларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этишга хизмат қилаётгани билан нуфузи ошиб бораётир. Буни фестивалда ер юзининг барча қитъаларидан вакиллар қатнашаётгани ва уларнинг сафи йил сайин кенгайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Илк “Шарқ тароналари”да дунёнинг 31 давлатидан санъат намояндалари иштирок этган бўлса, 2015 йилги ўнинчи фестивалда 67 мамлакатдан вакиллар қатнашди. Бу йил иштирокчилар сафи янада кенгайиши кутилмоқда.

Шу кунларда Самарқандда “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи таркиби ва тадбирлар режаси тасдиқланди. Ушбу режаларни амалга ошириш ва тадбирларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида 18 гуруҳ ташкил этилди. Бу гуруҳлар шаҳарни фестивалга тайёрлаш, кўчаларни безатиш, меҳмонларни кутиб олиш ва кузатишгача бўлган жараёнларда уларга юқори сифатли сервис хизмати кўрсатиш ва бошқа тадбирлар юзасидан ишларни амалга оширмоқда. Уларга тегишли ёрдам кўрсатиш, керакли ахборотлар билан таъминлаш, тайёргарлик ва фестивални ўтказиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун вилоят ҳокимлиги штаби фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Ишчи гуруҳлар фаолияти, амалга ошираётган ишлари штаб йиғилишларида муҳокама этилиб, зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Регистон майдонида фестивалнинг асосий саҳнаси ўрнатилиб, очилиш маросимига тайёргарлик ишлари бошланди. Мирзо Улуғбек мадрасаси, Самарқанд ҳунармандлар маркази ва шаҳардаги музейларда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали тарихига оид фотосуратлар, миллий мусиқа асбоблари, тарихий либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Тадбир иштирокчиларининг Самарқанд шаҳри ва Оқдарё, Ургут, Тайлоқ, Самарқанд, Жомбой, Пастдарғом, Пайариқ туманларидаги маданият ва истироҳат боғлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида фестивалдан ташқари концерт дастури намойиш этиши учун ушбу масканларда зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

– Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларини “Регистон плаза”, “Регал палас”, “Регистон”, “Нодир Самарқанд”, “Арк Самарқанд”, “Зилол Бахт” ва бошқа меҳмонхоналарга жойлаштириш режалаштирилган, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Бердиқулов. – Бунда уларнинг тили, маданияти, анъана ва қадриятлари эътиборга олиниб, шу асосда хизматлар ташкил этилади. Меҳмонларни овқатлантириш учун халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатадиган ресторан ва кафелар танланган. Бу масканларда тадбир қатнашчилари учун миллий таомларимиз билан бирга меҳмонларнинг буюртмалари асосида таомлар тайёрлаб берилади.

Аввалги йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, фестиваль қатнашчилари ва меҳмонларига Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари гид-таржимон сифатида ҳамроҳлик қилиш учун жалб этилади.

– Айни пайтда 10 тил бўйича 100 нафар асосий ва 50 нафар захира гид-таржимон сараланган, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори И.Тўхтасинов. – Уларнинг 51 нафари профессор-ўқитувчи, 99 нафари талабадир. Таржимонларнинг юртимиз тарихи ва маданияти, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, ушбу фестивалнинг тарихи ва аҳамияти ҳақидаги билимини ошириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Самарқанддаги тарихий-маданий объектларга саёҳатлар уюштирилиб, ҳар бир обиданинг тарихи ҳақида аниқ маълумотлар бериляпти. Самарқанд вилояти иқтисодиёти, маданияти ва бошқа соҳаларга оид маълумотномалар тарқатилган.

Ҳадемай Регистонда яна турли миллат ва элатлар наволари янграб, жаҳон аҳлини мусиқа ва қўшиқ сеҳри билан бир-бирига яқинлаштиради, дилларни дилларга боғлайди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
5 395






Все о погоде - Pogoda.uz