Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.10.2017 19:21 Чоп этиш версияси

Рассом нигоҳидаги Тошкент

Рассом нигоҳидаги Тошкент “Тошкент кўчаси”, “Тунги йўл”, “Тоғда”, “Эски уй”, “Чилонзор. Ҳовли” каби қирқдан ортиқ асарини мухлислар эътиборига ҳавола этган график рассом Евгений Пановнинг навбатдаги кўргазмаси Тошкент мавзуига бағишланди. Бу суратларда рассом пойтахтимиз иншоотлари, кўчалари, йўлларини тасвирлар экан, уларда болалик хотиралари билан бугунги ҳаётнинг қиёсий ифодасини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Чизмалардаги бундай ўзига хослик томошабинни азим Тошкентнинг ўтмиши ва янги манзаралари билан таништиради.

Рассом нигоҳидаги Тошкент

Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида ташкил этилган кўргазманинг очилишида мамлакатимизда тасвирий санъат соҳасига қаратилаётган эътибор мусаввирлар, жумладан, Евгений Панов учун иқтидорини янги йўналишларда синаб кўришга кенг имкониятлар очаётганини таъкидлади. Бу, айниқса, унинг манзара жанридаги асарларини акварелда ишлаётганида яққол намоён бўлмоқда.

Е.Панов Тошкент шаҳрида туғилиб, ўсган. Рассомликка бўлган меҳри уни шу йўналишда таълим олишга ундайди. Бир неча бор шахсий кўргазмалари билан мухлислар назарига тушган ижодкор бугунги кунда кино ва реклама соҳасида ишлаш бўйича ҳам катта тажрибага эга. 2014 йилдан бошлаб у “Қадимги Тошкент” лойиҳаси бўйича туркум асарлар яратиб келмоқда.

Рассом нигоҳидаги Тошкент

– Иқтидорли ва изланувчан рассом Евгений Панов картиналарида ички ва ташқи олам тасвирини кўрамиз, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси Нусратилла Абдуллаев. – Негаки, унинг тасвир объекти, ўз сўзи ва фалсафий қараши ўзигагина хосдир. Евгений Панов асарларидаги бундай ҳолат ижодкор ва томошабин фикрининг муштараклигига муҳим омил яратади. Масалан, мусаввирнинг болалик хотираларида эски Тошкент кўринишлари муҳрланган. Шу хотираларни, дейлик, эски уйлар, вақтнинг таъсири сезилган деразалар, муюлишли йўллар, эски шаҳар, ҳовлилар, балконлар тасвирини асарга кўчирган рассом сизу бизни ўтмишни эслашга ундайди.

Насиба Зиёдуллаева, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
2 469






Все о погоде - Pogoda.uz