ЎзА Ўзбек

10.05.2019 17:30 Чоп этиш версияси

Рамазон ойи амалларини ихлос билан бажарайлик

Рамазон ойи амалларини ихлос билан бажарайлик

М у н о с а б а т 

Азалдан халқимиз Рамазон ойи учун алоҳида тайёргарлик кўрган. Бу муборак кунларда барча бирдам, меҳрибон бўлиб, ёру дўстлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечириши лозим. Рамазон тенглик ойидир. Бу ойда кексалар, беморлар ҳолидан хабар олинади ва муҳтожларга ёрдам берилади.

Рамазон ойи арафасида масжидлар атрофини обод қилиш, намозхонлар учун қулай шарт-шароит ҳозирлаш ва санитария-гигиена ҳолатларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан барча жоме масжидларда “Озодалик куни” ҳашар-тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирларда халқимизга хос меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатликда масжидлар, маҳаллалар ва кўчаларни озода қилиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилди.

Бу борада пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида ҳам тизимли ишлар олиб борилди.

Президентимизнинг 2019 йил 1 майдаги “Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурматни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилишда муҳим дастуриламал вазифасини бажарди.

Маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бериладиган бўлди.

Шундай кунларда ифторлик маросимлари ташкил этишда исрофга йўл қўймаслик ҳам ҳар бир киши жиддий эътибор қаратиши лозим бўлган масаладир. Маҳаллаларда ўтказилаётган аҳоли билан учрашувларда бу масалага алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги оқсоқоллар, маҳалла фаоллари билан бирга тушунтирилмоқда. Мақсад бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилишдир.

Азимжон АЛИМЖОНОВ,
Тошкент шаҳри
Мирзо Улуғбек туманидаги
“Мулла Қосим” жоме масжиди
имом-хатиби.

ЎзА
3 529