Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 12:04 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда “Сўз мулки султонлари” деб номланган кўргазма очилди

Пойтахтимизда “Сўз мулки султонлари” деб номланган кўргазма очилди Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан. Улар қолдирган улкан адабий мерос адабиёт, санъат ва тарихимизни ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис Навоий ва Бобур ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш илм аҳли, ёзувчию шоирлар ҳамда наққошу мусаввирларнинг ҳамиша диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишлаб “Сўз мулки султонлари” деб номланган кўргазманинг очилиши ҳам бунга мисолдир.

Тадбирда Навоий ва Бобурнинг ўлмас мероси, бебаҳо бадиий асарларидаги чуқур маъно ва фалсафий мушоҳаданинг моҳирона поэтикаси тасвирий санъат вакилларининг ҳам бой ижодий илҳом манбаи экани алоҳида таъкидланди.

– Навоий ва Бобур нафақат адабиётимиз, балки Шарқ миниатюра санъатининг равнақига ҳам муносиб ҳисса қўшган, – дейди таниқли рассом Т.Саъдуллаев. – Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоддек мўйқалам соҳибининг етишиб чиқишида бу улуғ инсонларнинг хизматлари беқиёсдир. Шу сабаб бугун рассомлар ижодида улуғ мутафаккирлар фалсафаси асосий мезонга айланган. Бу кўргазмада намойиш этилаётган Ч.Аҳмаров, М.Набиев, С.Абдуллаев, Т.Саъдуллаев, А.Нур, Р.Худойберганов, Р.Ризомуҳаммедов, Б.Маҳкамов каби таниқли рассомларнинг асарларида янада аниқ намоён бўлмоқда.

Кўргазмада мусаввирларнинг "Алишер Навоий Самарқандда", "Фарҳод ва Ширин", "Баҳром яшил қасрда", "Май ва най", "Заҳириддин Муҳаммад Бобур портрети", "Камолиддин Беҳзод иш устида", "Бобурни ёд этиб" каби ўттиздан ортиқ асари мухлислар эътиборига ҳавола этилган.

Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
1 480






Все о погоде - Pogoda.uz