Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 12:46 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда “Кўзмунчоқ” болалар расмлари танлов-кўргазмаси очилди

Пойтахтимизда “Кўзмунчоқ” болалар расмлари танлов-кўргазмаси очилди Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида болажонларнинг ижодий ишлари намойиши бўлиб ўтмоқда. Улар орасида Матлуба Воҳиджонованинг “Опа-сингил” деб номланган сурати ҳам бор. Тасвирда опа ва сингил китобга қувонч билан боқмоқда. Муаллиф китобга бўлган меҳрини опа-сингилнинг юз-кўз ифодаси орқали бера олгани эътиборимизни тортади.

Матлубанинг бу чизмаси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишига монанд тенгдошларини китоб мутолааси ва китобхонликка ундаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Бадиий академияси Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг анъанавий “Кўзмунчоқ” болалар расмлари танлови ва кўргазмаси очилишида мусаввирлар, санъатшунослар, ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар иштирок этди.

Халқаро маданият карвон саройи директори Ф.Усмонов, Бангладеш Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М.Маннан, мактаб-интернат директори С.Содиқов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган шароитлар уларни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

– Бу йил бешинчи бор ўтказилаётган танлов-кўргазмада 134 нафар иштирокчининг икки юздан ортиқ иши “Энг яхши мавзу”, “Энг яхши ижодий иш”, “Энг яхши ёш ҳунарманд” ва “Энг яхши графика асари” номинациялари бўйича баҳоланди, – дейди бошланғич синфлар услубчиси С.Мўминова. – Танлов-кўргазмага қатнашиш истагида бўлган ўқувчилар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётганидан хурсандмиз.

Танлов-кўргазмада анъанавий “Тошкент қувончлари” VI халқаро болалар расмлари биенналеси иштирокчиси Шоҳжаҳон Аҳмадовни ҳам учратдик. Ўтган танловда ғолиблик насиб қилмаганидан бироз хафа бўлган болакай бизни жуда кўтаринки кайфиятда қарши олди.

– Бу сафар “Энг яхши мавзу” йўналиши бўйича ғолиб бўлганим ҳақида интервью бермоқчиман, – деб қолди у. – “Ўйин” ва “Бахтли ҳаёт” чизмаларимни таниқли мусаввирлар юқори баҳолабди. Келажакда машҳур рассомлар Рўзи Чориев, Анатолий Жибоедов изидан бормоқчиман.

Барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Насиба Зиёдуллаева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
6 505






Все о погоде - Pogoda.uz