Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.10.2017 16:01 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда “Кўҳна Туроннинг шонли ўтмиши” деб номланган кўргазма очилди

Пойтахтимизда “Кўҳна Туроннинг шонли ўтмиши” деб номланган кўргазма очилди Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли рассом Имяр Мансуровнинг “Кўҳна Туроннинг шонли ўтмиши” деб номланган кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ва Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазманинг очилиш тадбирида тасвирий санъат аҳли, санъатшунослар, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Ҳ.Аминов, академиклар А.Мирзаев, В.Бурмакин ва бошқалар таниқли рассом И.Мансуровнинг ижодий ва педагоглик фаолияти, яратган асарларидаги услуб ва мавзулар ранг-баранглиги ёш ижодкорларга катта мактаб вазифасини ўтаётгани ҳақида сўз юритди.

Пойтахтимизда “Кўҳна Туроннинг шонли ўтмиши” деб номланган кўргазма очилди

Имяр Мансуровнинг касб сирларини пухта эгаллашида Раҳим Аҳмедов, Владимир Бурмакин каби таниқли рассомлар хизмати беқиёс. Табаррук етмиш ёшни қаршилаган Имяр Мансуров бугунги кунда қизғин ижод билан бирга Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга сабоқ бермоқда.

Имяр Мансуров кўҳна Турон маданиятини, унинг шонли ўтмиши, тарихини ўрганиб, шу мавзуда қатор асарлар яратаётир. Бугунги кўргазма унинг кўп йиллик ижод маҳсули бўлиб, уларда тарихий лавҳалар жонлангандай бўлади. Чизмалардаги мавзунинг қизиқарлилиги, сюжетнинг ҳаракатчанлиги, чизгиларнинг нозиклиги, атлас рангларнинг товланиши киши эътиборини тортади. “Кушон шаҳзодаси меҳмонлари билан овда”, “Олтин одам. Жанг”, “Кушон шаҳзодаси малика билан”, “Амир Темур”, “Афросиёб”, “Ипак йўли”, ”Ғалаба билан қайтиш”, “Тўмарис”, “Афросиёб маликаси”, “Бибихоним” каби картиналарида буюк тарихимиз ранглар, деталлар, мимикалар, ҳолатлар орқали моҳирона талқин этилган.

– Рассом Имяр Мансуров ижодида тасвир, мусиқа ва шеърият садолари уйғунлашиб кетган, – дейди рангтасвир устаси Раҳимжон Ризомуҳамедов. – Чунки у яратган асарларни кузатсангиз, бўёқларга аралаш куй-оҳанг, унга монанд сўзлар оҳанрабосини сезасиз. Экспозициядаги суратларни бирма-бир кўриб, мен шундай ҳис-ҳаяжонни туйдим. Бу менга катта қувонч бахш этди.

Кўргазмада рассомнинг элликдан ортиқ рангтасвир асари намойиш этилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
5 077






Все о погоде - Pogoda.uz