Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.09.2017 17:49 Чоп этиш версияси

Озон қатлами ва иқлим ўзгаришлари ижодкорлар нигоҳида

Озон қатлами – ер юзасини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилувчи, заминимизда ҳаёт мавжудлигини таъминловчи ноёб газ қатламидир.

Инсониятнинг илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш фаолияти натижасида сайёрамизни қуёш радиациясидан ҳимоя қиладиган озон қатлами емирилиб бормоқда. Ушбу экологик муаммони ҳал этиш мақсадида 1985 йил дунёнинг 147 мамлакати иштирокида Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинган. 1987 йил 16 сентябрь куни эса Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреал протоколи имзоланган. Ўшандан буён мазкур сана Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни сифатида нишонланади.

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида озон қатламини ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгаришига бағишланган халқаро фотосуратлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросимида шулар ҳақида сўз борди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги халқаро ҳамкорлик юксак самара бераётгани таъкидланди. Мамлакатимиз 1993 йил Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреал протоколига қўшилган. Мазкур халқаро ҳужжатлар талаблари ижроси доирасида мамлакатимизда миллий дастур ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий база яратилди.

Халқаро фотосуратлар танлови озон қатламини муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш, сайёрамизнинг экологик ҳолатига тобора ортиб бораётган антропоген таъсирни камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда халқаро миқёсдаги хабардорлик даражасини ошириш мақсадида ўтказилди.

Танлов “Озон қатлами ва мен” ва “Иқлим ўзгариши менинг нигоҳимда” каби икки йўналишда бўлиб ўтди. Танловда Австралия, Озарбайжон, Арманистон, Бангладеш, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, АҚШ, Франция каби олтмишга яқин давлатдан 285 иштирокчи ижодий ишлари билан қатнашди. Бундан ташқари, танловга сув танқислиги муаммосини очиб бериш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва қурғоқчиликка қарши курашишга доир Марказий Осиё минтақавий экологик маркази фаолиятини акс эттирувчи фотосуратлар ҳам юборилди.

Танловга юборилган фотосуратлар 3 босқичда нуфузли халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан онлайн овоз бериш йўли билан сараланди. Ғолиблар махсус сертификатлар билан тақдирланди.

Фотосуратлар виртуал кўргазмаси билан www.envcontest.uz сайтида танишиш мумкин.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 295






Все о погоде - Pogoda.uz