Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.07.2018 08:00 Чоп этиш версияси

ОЙНИ УЗИБ БЕРИНГ, ДЕСАНГ-КУ, МАЙЛИ...

Бу кўҳна оламнинг рангин қиёфасидан кўнгил шодланса, жафоларидан, хиёнатларидан азият чекади. Ёш улғайиб, кўз остида нурли чизиқлар юзга “зеб” берганда аламли ўйларга чап беришга мажол қолмас экан. Ғам-андуҳдан бош чайқалганда бир меҳрибон қўл бошинг силаса, қароғинг ғилқ ёшга тўлиб, надомат юрагингни тилка-пора қилади. Тилинг базўр калимага келади: “Яхшиям бу тор дунёда ёнимда сен бор синглим!”

Биз юрак ютиб, бир дарду оҳли оламга қадам босмоққа жазм этдик, қадрдон! Унга бўйлаб гоҳо меҳру-оқибатдан лол қолсам, гоҳо юзсизликлардан тош қотаман. Шундай “ака”лар борки, сингил(лар)идан йилда бир ҳол сўраб, хабар олмайдилар... Ҳаёт ташвишларига кўмилиб кетган акалардан сингиллар “бормисиз?” дея ҳол сўрайди.

“Дардингизни олай, ўзим сизга қурбон бўлай, акажон”, дея бағир очиб келган сингил оқ оралаган сочингизни силайди. “Давлатмандим, жону-жаҳоним, акажоним”, деб дил сўрайди. Ёнингизда ўтириб, юрак-юракдан дардлашади. Қумсалган соғинчли онларни ёдга солади. Элас-элас ҳадсиз армонлар ўкинчи қулоққа чалинади. Қиёматга қолган дийдорлар сари чорлайди. Ота-она, яқинлар томон тикилган нурсиз нигоҳ равшан тортади. “Бор бўл, синглим!” дея қадрдон бўйларни тўйиб-тўйиб ҳидлагинг келаверади. Ўкинч юракга оғриқ солади. Нега? Нима учун? Шу онларда ҳофизнинг дардчил нолиши қалбни ўртайди:

Онажоним ой юзидан узилган нурсан ўзинг, 
Тоза меҳрим тафтларидан очилган гулсан ўзинг,
Мени дея жон ҳалагим жон сарагим, мунисим,
Ёнимда тур, кафтимда тур, жонимда тургин ўзинг,
Онам менга ташлаб кетган, ёлғиз ёдгорим синглим,
Яхшиям бу тор дунёда ёнимда сен бор синглим!

Ҳа, шундай: “Яхшиям бу тор дунё¬да ёнимда сен бор синглим!” Бу дунёнинг ташвишлари борлиғингни чирпирак қилганда руҳинг мадад истайди. Беун йиғидан кўзинг тинади. Чақнаб турган қуёш кўксингни илитолмайди. Гўёки юз миллион йил аввалги музлик даври бошлангандай туюлади. Беихтиёр таскин уммонига жон-жаҳд билан шўнғигинг келади. Мана шунда ҳам муштипар сингил сенга пешвоз чиқади. Пойингга қалбини пойандоз айлайди. “Борингизга шукр, акам”, деб дардингизни олади. Унинг юпанчидан чил-чил бўлган умид қайта бош кўтаради. Олдинга, ҳаёт курашларига қайта от солади. Ана, кўряпсизми, сингил меҳрининг қудрати неларга қодир-а?!

“Сен акасан… Сингилнинг акада ҳақи бор, унутма! Сингил мушфиқ ҳисобланади, у киши бандаси, киши қўлига қараган. Буғдойзордан юришга биргина сингилни кўриш учун бораётган акагагина йўл бўларкан”.

Бу ҳикматнинг мағзини чақиб кўрсангиз сингилнинг, опанинг мушфиқлигини англайсиз. Ҳақиқатан ҳам шундай.
Яна бир ривоят бор: “Кўча-кўйда ўтиб кетаётган ака “Ҳу, анави ёқда менинг синглим яшайди”, деб кўрсаткич бармоғи билан кўрсатиб ўтса ҳам, ўша қўли нариги дунёда дўзах оташида куймас экан”. Қаранг-а, нафақат сингилдан ҳол сўраб эшигига бориш, уни эслаб, қўли билан кўрсатса ҳам кифоя экан, а?!

Катта ёшли бир аканинг айтиб берган воқеаси ҳали-ҳануз мени чуқур ўйга толдиради. Узоқ мушоҳадага чорлайди.
Ака, талабалик даврида синглисининг туғилган кунларида қўлидан келганича совға улашиб турар экан. Оила қургач, ташвиш кетидан ташвишлар уланиб, гоҳо ҳол сўраш ҳам насияга қолган кезлар бўлган экан. Аммо борди-келдилар узилмаган. Ҳаммаси вақт етишмаслиги важидан ўлда-жўлда бўлиб турган-да. Тўй баҳона боришиб, яхши кайфиятда тўй тантанларини ўтказиб қайтишаётса, хотин эрини туртиб гап бошлабди. Орадан ўттиз йил ўтган воқеаларни ёдга солибди.

— Синглингизни кўрдингизми? 
— Ҳа, кўрдим, дегандай бош қимирлатибди, ака.
— Унинг рўмолига эътибор қилдингизми? Рўмоли...
Жаҳли чиққан ака шу синглимнинг рўмолидан олиб беринг, дейди деб, кескин, совуқ оҳангда:
— Нима қипти? Сенга нима? — деб ғўлдираб машинанинг ён ойнасидан атрофга разм сола бошлабди.
Хотин эса аввалги кайфиятда давом этибди:
— У сиз совға қилган рўмолни, ўраб олган экан. Акам кўриб хурсанд бўлсинлар, деб.
— А? Қачон? — дебди чеҳраси маъюс тортиб. Охирги марта совға берганига ҳам ўттиз йилдан ошибди-ку. Хаёлини чақин ургандек тебраниб, оғриқли “уҳ” тортибди. — Бўлиши мумкин эмас-е!
— Ҳа, шундай. Асраб олиб қўйган экан, акамдан эсдалик деб...
Бу гап аканинг бошига гурзидай урилибди. Ёпирай, қандай

чидаш мумкин-а?! Жонига олов пуркаган бу гап-сўз акани гирибонидан хиппа бўғиб, то манзилига ета-етгунча тилсиз қолдириб, карахт қилган экан. Тасаввур қилаверинг, энди... 

“Кимнингдир сўзига доим мунтазир,
Кимнингдир меҳрига зор яшар инсон”, — дейди шоир Муҳаммад Али.
Ахир сингил акадан бир нарса умидида эмас… меҳр истамаганмиди?!
Мана шундай киши билмас онларда кўнгиллар синиб, парчаланиб, тўкилиб бораверади ён-атрофимизда. Кимдир меҳрга, кимдир бир оғиз илиқ сўзга гадо бўлиб ўтаверади. Ҳақиқатдан ҳам уларнинг ҳолидан вақтида хабар олиб турибмизми? Ниманг кам синглим? Опа бизга нима юмушингиз бор? Нима учун бу сўзларни кейинги пайт¬да жуда кам ишлатяпмиз?
Бепарвомиз. Ўз-ўзимиз билан андармон юраверамиз. Умр ҳам ўтаверади... Меҳр-оқибат эса анқонинг уруғи бўлиб бораверади... 
Шу лаҳзада ўша ҳофизнинг дардли хонишининг давоми янграйди. 

Сендан топдим мен онамнинг изларини,
Йўқлаб бордим соғинганда чиройли юзларини,
Ўпкам тўлиб, кўнглим тўлиб, яширдим кўзёшимни,
Овозларинг эслатганда онамнинг сўзларини.
Онам менга ташлаб кетган, ёлғиз ёдгорим синглим,
Яхшиям бу тор дунёда ёнимда сен бор синглим!
Жон қадрдоним, бу оҳларнинг бои¬си, ака-ука, опа-сингилдек жигарларни қайта топа олмасликдандир. Минг афсуски, ҳаётимизда мана шундай оқибатсизликлар йўқ эмас. Унутмайлик, яқинларни ёд этиш, улар ҳолидан хабар олиш ҳар биримизнинг одамийлик бурчимиздир. Шу ўринда шоир дўстимиз Улуғбекнинг синглиси Меҳригулга аталган “Қайтиш” номли шеъри ёдга тушади.

Ёдимда, ёшликнинг хотиралари,
Қўлингдан етаклаб юрардим.
Ака, осмондаги юлдузлар қанча?
Ойнинг акаси ким? ― дея сўрардинг.

Жавоб берар эдим, ростдир, ёлғондир,
Эртаклар айтардим сочингни силаб.
Баъзан кўзларимга уйқу тўлганда,
Ўзим мудрар эдим сени эркалаб.

Ойлар, йиллар ўтиб, фасллар ўтиб,
Ёшинг ҳам улғайиб қолибди.
Йўлларимга нигоҳин тикиб,
Онамнинг кўзлари толибди.

Бир кун қишлоғимга бораман қайтиб,
Фақат кўзларимга йиғлаб қарама.
Ойни узиб беринг, десанг-ку, майли,
Унинг акаси ким? ― дея сўрама.

Она, опа, сингил ― меҳрибон хилқат,
Менинг йўлларимга муштоқ бўлган ― Бахт!
Қадрдон, сиз бугун синглингиздан хабар олдингизми?!

Ғайрат Ширинов​, ЎзА
5 158