ЎзА Ўзбек

08.02.2018 16:10 Чоп этиш версияси

Орзу оламидаги одам

Орзу оламидаги одам Инсон ҳаётига тааллуқли бўлган ажиб бир мантиқ бор: атрофидагиларга самимий хайрихоҳ назар билан қаровчи инсон охир-оқибат одамлардан иззат кўради. Бир сўз билан айтганда, эътиборли бўлган одам эътирофга муносиб бўлади – бу маълум жидду жаҳд билан вужудга келтирилувчи жараён эмас – мутлақо табиий тарзда, халқнинг нақллари сингари бунёд бўлувчи моҳият бу.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, адабиётшунос, нуктадон олим Сайди Умиров табаррук ёшда. Шундай дейману саксоннинг ажиб навқиронлиги бўлишини ҳам ўйлаб кетаман. Бир мен эмас, устозни таниган-билган барчанинг дилида кечувчи ўй шундай десам хато бўлмас.

Навқиронликда ажиб самимият бор – бу ҳақда сал кейинроқ айтаман. Ҳозир эса, навқиронлик ҳақидаги ўйлар билан мен беихтиёр йиллар ортида қолиб кетган ажиб давр хотираларига бериламан. Инқулоқ болаликнинг қизиқ ҳайратлари ёдимга тушади.

Бола эдик. мактабнинг бошланғич синфларида ўқийдиган кезларимиз. Бизникига ўхшаган қишлоққа йўлингиз тушиб, бориб қолган бўлсангиз – кўргандирсиз балки: баҳорда оғилларнинг устини қип-қизил қизғалдоқ қоплайди. Қарайсизу беихтиёр дилингиз яйраб, кўзингиз қувонади – баҳор томларга чиқиб дунёни алвон ранг билан тўлдиргандек гўё… қарайсизу тўймайсиз. Эҳтимол бизнинг қишлоққа ўхшаш жойга борганингизда кўзингиз тушиб бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлгандирсиз: ёзнинг охирги ойида ана шу томлар ёзнинг иссиғида қуриб-қовжираб қолган ўт-ҳашаклардан тозаланади ва сомоншувоқ қилинади. Шунчаки қилинмайди бу албатта, ёки ёмғир-қор ўтиб кетмаслиги учун ҳам эмас бу – айни шу сомоншувоқ қилинган жойга узум ёйиб қуритилади – майиз қилинади. Сомоншувоқ қилинган томларни бир кўрсангиз – узумларнинг ҳам яйраб-яйраб майизга айланишини тасаввур қилсангиз ажаб эмас. Янги нарсаларнинг ёқимлилигини биласиз – бу томлар ҳам шундай – янгиланади. Худди шу жараёнда қишлоқда кўпнинг иши – ҳашарга отланади ҳамма. Одатда, бир неча уйда бараварига ҳашар қилинарди ва ҳашарга келганлар бир бошидан тушиб охирги уйдан ишни тугатиб чиқиб кетишарди. Олдинги уйдагилар – ошарни, яъни ҳашарчиларга тайёрлаган овқатларини шу – охирги уйга олиб келиб турган бўлишади. Четдан қарасангиз ҳашар дегани – иш, яна лой билан боғлиқ оғир ишдек, лекин кўпчиликнинг қиладиган иши завқли бўлиб кетишиям бор гап. Биз болаларнинг иши нима бўларди – пастдаги бир неча бола хандакдан тўлатиб берилган пақирдаги қуюқ-суюқ лойни томи сувалувчи оғилнингми, уйнингми ёнига ташиймиз, у ерда катталардан бирови бир учига чангак маҳкамланган арқон билан тепага тортиб туради, томдаги бир неча бола эса шу пақирдаги лойни андава тортувчи ёши катталарнинг олдига ташиб тўкиб кетиб туради. Кўпнинг иши – қизиқ, кўпнинг ишида мушкуллик йўқ, кўпнинг ишида ажиб мароқ бор. Шу мароқ, айниқса, биз болаларга билинади. Аксарият жиддий кўринувчи катталар шу зайлда, иш маромида турли-туман ҳангомалардан айтишади, латифаларнинг ҳам ўрни келади – бизга болаларга қизиқ-да буларнинг ҳаммаси... Катталар гапи давом этаверади, биз болаларнинг қулоғимиз гапда, қўлимиз ишда – қилаётганимиз одатий иш, эшитаётганимиз қизиқ, эшитаётганимиз ҳайратли – катталарнинг гаплари болаликни улғайтириши рост.

Сайди акамнинг мақоласи чиқибди, ким ўқиди, – деди бир маҳал

пастдаги лойчелакни тепага тортиб олганидан кейин Асом тоғам томдаги андава тортаётган уч-тўрт чоғли одамга, шунингдек, пастдаги ҳашарчиларга ҳам эшитиладиган қилиб.

Ҳамма янги, бошқалар эшитмаган нарсалардан гапиряпти, Асом, шуни янгилик деб айтяпсанми? – ҳамсоямиз Носир ака андавани қўлидан қўйиб гап қўшди.

Янгилиги бор-да, охиригача ўқиш керак олдин, шундай қарадим,

қарасам... бизди район ҳақида, шарт имзосини кўрсам, Сайди Умиров деб ёзилган. Ҳашардан кейин бафуржа ўқийман, деб қўйдим. Районимизнинг ҳозирги куни, ўзгаришлари, раҳбаримиз билан боғлиқ айрим нарсаларам ёзилган, билсангиз, ҳаммаси янги гап бўлади Носир ака.

Носир ака орани тузатган бўлади:

Сайди акани ўзим меҳмон қиганман, бизди уйгаям кеган. Мен ўйлайман, ўқиган одам барибир бошқача... Ҳангомасини ҳалигача эслайман. Бировлар сендан олдин афанди айтаётганийди-да. Тўғри айтасан лекин, ёзилган нарсада янгилиги бўлади – бекордан бекорга газитга чиқмайди ҳеч нарса.

Ана кўрдингиз, гапнинг орқасидаги гап кучли бўлса – ёзилган нарса зўр бўлади. Сайди акам ўзи шундай дейди.

Силар нима десаларингам, – деди пастдаги лойхандакда оёғини у ёқдан-бу ёққа сермаб қиёмдай бўп кетган лойни аралаштираётган отам овозини баландлатиб, – шу одамнинг борлиги, бизданам шундай одам чиқиб, кичкинагина қишлоқни оламга танитиб юрганининг ўзи катта гап. Менам кўп ўқийман ёзганини – билган одам шундай ёзади.

Шуни айтаман, жезда, – дейди қўли ишда бўлган Асом тоғам. – Одамнинг борлиги билиниши керак. Шунинг ўзи бир қишлоқ, одам энди ўзининг жойини танитиши, керак бўлса, икки қишлоқ – катта гаплигиям шу! Шуйтиб айтувдим, Носир ака, янгилиги йўқ, деб буйтиб турипти...

Уйтиб турмадим-ей, худойлигимни айтдим! Ўмир бовагаям, Усмон бова, ҳатто Ҳайдар бова тугул, Ҳазрат ака, Донабой акаларам мақтаниб гуппилласа бўладиган бўп чиқди асли у киши.

Ҳа, шуйтиб гапиринг, ака... аста ўзингизга келасиз-да! – деди Асом тоғам.

Асом тоғам – онамнинг акаси Ҳазрат тоғамнинг катта ўғли. Ҳазрат тоғамнинг отаси – Усмон катта отам. Ҳайдар бова, Ўмир бова, Усмон бовалар ака-ука бўлишган. Биз, ҳали айтганимдек, эс-эс биламиз уларни, эсимизни таниб-танимай раҳматли бўлишган.

Жайдари бир феъл бор қишлоғимиз одамларида – борига тан беради, ичида ғужури-ғурури бўлади, бири-бирига эш бўлгиси келади, қайишади шундай бири бирига.

Эсимда турипти, болалигимизда қишлоқдаги уйларга тахлам-тахлам газеталар келарди. Газетадаги ўқиганларини одамлар ўзаро ҳангомаларида қўшиб-чатиб “бойитишарди”. Биз айни шундай газетаю китоб кўп ўқилувчи қишлоқда эсимизни таниганмиз, ўсганмиз. Табиийки, хаёлимиздаги ҳавасга беихтиёр эргашганмиз – ўқимишли бўлиш ҳар бир боланинг тасаввуридаги катта гап эди. Дарвоқе, қишлоқда ҳалигача “ўқимаганнинг жони йўқ” деган гап кўп ишлатилади. Сайди Умиров шу мўъжаз қишлоқ – Жўрабой қишлоғидан етишиб чиқиб, бу ердагиларнинг ҳар бирида алоҳида ҳавас уйғотган инсон, болаларга-ку, қўл етмас орзулар ўлкасидан келган одамдек кўрингани ҳам рост.

Болалик баҳона ёдга олганим сингари қишлоқдагиларга ибрату ҳавас бўлгувчи бундай мисолу воқеалар кўп, шундай воқеаларни кўриб-билиб, ҳали айтганимдек, Жўрабой деган мўъжаз ҳаваслар оламида улғайганман ахир. Вақти келиб, қишлоғимиздаги кўплаб йигит-қизлар қатори отам мениям у кишининг олдига олиб борган. Отам раҳматли қаттиққўл, ўзига хос гажир одам эди-ю ўқимишли одамларга алоҳида ҳурмат билан қарарди, уларга ажиб ихлос билан тан берарди. Отам, “Юр, Сайди Умировнинг олдига борамиз. Ўқишингни маслаҳатини қиламиз”, деди. Шундай қилганмиз. Мен Сайди тоғамнинг уйида туриб ўқишга тайёрланганман. Шу ўринда у кишининг умр йўлдоши – Ойлар янгамнинг оналарча куюнчаклиги, айниқса, менга нисбатан беқиёс меҳрини алоҳида миннатдорлик билан айтишим жоиз. (Орадан йиллар ўтди – эндилар билаяпман, у киши чинданам раҳматли онамга ўхшаркан. Йил сайин яққолроқ билинади. Онамни бошқача соғинаман мен).

Сайди Умировнинг бевосита хайрихоҳлигию беминнат кўмакларида ўқишга кирганман (“кўмак”ка изоҳ бериб ўтишим шарт шу ерда: зеҳнинг жойида, меҳнаткашсан, шундай экан, фалончининг фалончисиман, деб юрганингни эшитмаслигим керак, деганди менга) – ва билганманки, бу инсоннинг нафақат ижоди, юриш-туриши, оддий кундалик ҳаёти ҳам мактаб – камтарона мактабнинг улуғворлиги бор бунда.

Ҳозирги кунда бу мактабнинг кўплаб битирувчилари юртимиз бўйлаб, шунингдек, чет элларда ҳам маълуму машҳур – устоз, камтарин инсон, яхшиликшунос Сайди Умировни уларнинг ҳар бири чин самимият билан қутлашади, табриклашади. Бу самимий эҳтиром – ҳосилга кирган боғга ўхшайдики, боғбон ҳаётининг самараси, моҳияти намоён бўлади бунда.

Моҳиятдаги самимиятга эътибор бердингизми – табаррук саксон ёшнинг навқиронлиги шу!

Табриклаётганлар сафида эканим бахтим. Ёруғ кунлар саодати муборак бўлсин, устоз! Қутлуғ бўлсин!

Фахриддин Содиқ

ЎзА
18 785