Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.10.2017 16:19 Чоп этиш версияси

Қорақалпоғистонда Европа киноси фестивали

Нукусда 6-8 октябрь кунлари Европа киноси фестивали бўлиб ўтди.

Фестивалнинг очилиш маросимида Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров ва бошқалар Европа давлатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий маданий ҳамкорлик фаол ривожланаётганини таъкидлади. Анъанавий ўтказиб келинаётган Европа киноси фестивали бунинг ёрқин тасдиғидир.

Маданият ва санъат байрами Швейцария кинематографлари томонидан яратилган “Хайди” бадиий фильми намойиши билан бошланди. Инсон ва табиат уйғунлиги Хайди исмли қизалоқ бошидан кечирган воқеалар воситасида ишонарли ва қизиқарли тарзда кўрсатиб берилгани ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди. Фестиваль доирасида, шунингдек, Буюк Британия, Германия, Финляндия ва Франция давлатлари киноусталари томонидан яратилган бадиий ва ҳужжатли картиналар, анимацион фильмлар намойиш этилди.

Германиялик киноижодкорлар томонидан 2015 йилда суратга олинган “Тўрт қирол”, франциялик киносанъаткорларнинг 2014 йилда яратилган “Сўнгги гавҳар тош”, Буюк Британиянинг 2010 йилда яратилган “Қирол гапиради” бадиий фильмлари, Финляндиянинг “Кўл ҳақида эртак” ҳужжатли картинаси ҳамда Франциянинг “Қанот қоқиб юбор” мультфильми томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Миллий ва халқаро танловлар совриндорлари бўлган ушбу асарлар қорақалпоғистонлик томошабинларга бепул намойиш этилди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
4 165






Все о погоде - Pogoda.uz