Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2018 12:11 Чоп этиш версияси

Опера ижрочилари фестивали

Опера ижрочилари фестивали Опера – мусиқа санъатининг энг мураккаб жанрларидан бири. Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган "Ёшлик баҳори" ёш опера ижрочиларининг республика кўрик-фестивалида санъатнинг ушбу мураккаб жанрида изланаётган ижрочилар истеъдоди ва маҳорати билан танишиш мумкин.

Бир неча йилдан буён ўтказилаётган мазкур кўрик-фестивалдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг опера бўйича фаолиятини атрофлича таҳлил этиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, ижодини тўғри йўналтириш, бу йўналишда устоз-шогирд мактаби анъаналарини изчил давом эттиришдан иборатдир.

4.JPG

Ижодий лойиҳада 18 ёшдан 32 ёшгача бўлган 70 нафарга яқин опера ижрочиси иштирок этмоқда. Фестиваль бир босқичда бўлиб, қатнашчиларнинг барча чиқишлари кенг омма кўз ўнгида ўтказилмоқда. Барча асарлар оригинал тилда ва оригинал тоналликда, ёддан ижро этилиши билан санъат мухлисларига манзур бўлаётир.

6.JPG

Дониёр Аллабергенов Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманидаги санъат ва педагогика коллежини тамомлаб, Ўзбекистон давлат консерваториясининг академик хонандалик факультетида таҳсил олмоқда.

7.JPG

– Ўтган йили мазкур кўрик-фестивални диққат билан кузатиб, бу йил унда қатнашишга жазм этдим, – дейди Д.Аллабергенов. – Бу фестиваль ўз маҳоратимизни омма олдида таҳлил этиш, саҳна маданияти, ижро пайтида ўзимизни дадил ва эркин тутиш, томошабинлар билан мулоқот жараёнига доир кўникмаларимизни ростмана синовдан ўтказишга имкон беради.

10.JPG

Кўрик-фестиваль ғолиблари иштирокидаги гала-концерт 14 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида бўлиб ўтади.

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
4 406