Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2017 21:27 Чоп этиш версияси

Опа-сингилларга аталган кўргазма

Опа-сингилларга аталган кўргазма Дилбар опа-сингилларимизнинг гўзаллиги, нафосатини акс эттиришда фотография санъати беқиёс аҳамият касб этади. Айни пайтда аёлларимизнинг маънавияти, беғубор орзу-ниятлари, сабр-қаноат, шукроналик, ҳаётдан розилик туйғуси билан яшашини теран очиб беришда мазкур санъатнинг ўрни қандай?

Тошкент Фотосуратлар уйида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ташкил этилган бадиий фотокўргазма шу саволга жавоб топиш имконини бериши мумкин.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида хонадонлар ободлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, қизларни 12 йиллик таълим билан тўлақонли қамраб олиш, бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар саломатлиги ҳақида қайғуриш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур кўргазмадан ўрин олган фотоасарларда ҳам аёллар азалдан юртимизда азиз ва муқаддас саналгани, ибратли удум ва анъаналаримиз, умрбоқий қадриятларимиз акс эттирилгани билан аҳамиятлидир. Экспозициядаги суратлар асосан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг фоторассомлар шўъбаси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг фотомухбирлари томонидан яратилган ижод намуналаридир.

– Жонажон Ўзбекистонимиз шу кунларда янада гўзал ва мафтункор қиёфа касб этган, – дейди моҳир фотоижодкор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғани Жумаев. – Кўргазма юртимиздаги барча аёлларнинг яхлит сиймосини, уларга кўрсатилаётган чексиз меҳр ва эътиборни очиб бериши билан аҳамиятлидир.

Кўргазмада Турсун Али, Абдуғани Жумаев, Владимир Шлосберг, Рустам Шагаев, Муҳаммад Амин, Аъло Абдуллаев, Ёлқин Шамсиддинов, Ҳотамжон Мамадалиев, Фарҳод Абдурасулов, Тоҳир Истатов каби моҳир фоторассомлар билан бирга Назира Боймуродова, Гаянэ Аванесян, Надежда Рихсиева сингари фотография соҳасида изланаётган ижодкорларнинг ишларига ҳам кенг ўрин берилган. "Нигоҳ", "Ҳайрат", "Биринчи ўқитувчим", "Эрта баҳор", "Гуллаган новда" номли фотосуратлар аёл, Ватан, она табиатнинг нечоғли уйғун эканини акс эттириши билан диққатга сазовордир.

Назокат Усмонова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
4 348






Все о погоде - Pogoda.uz