ЎзА Ўзбек

15.05.2019 22:43 Чоп этиш версияси

Она тилида тасаввур қилиш қаҳрамонликдир

Она тилида тасаввур қилиш қаҳрамонликдир


Маънавият 

Ҳар биримиз ҳаётда зиммамиздаги вазифаларни бажаришдан ташқари бебаҳо она тилимизни асраш ва унинг хазинасини бойитишга масъулмиз. Чунки тил яшаса, миллат яшайди! Тўғри, дунёнинг кўп жойларида ўзбеклар истиқомат қилади. Лекин ўзбек тилини кўз қорачиғидай асрайдиган, унинг хазинасини бойитадиган, дунё миқёсида нуфузини кўтарадиган, келгуси авлодларга бебаҳо мерос сифатида етказадиган жой битта, бу – Ўзбекистон!

Қулиев ва Айтматов таъкидлаган ҳақиқат

Йиллар, асрлар оша яшаб келаётган буюк зотларнинг ҳикматлари бизни ҳайратга солиши билан бирга билимимизни бойитади, эзгу ишларга ундайди. Мен таниқли болқор шоири Қайсин Қулиевнинг (1917-1985) қуйидаги сўзларини ўқиганда, эсга олганда унинг теран мазмунидан ҳайратга тушаман: “Шеърият икки карра кучлидир, агар у шоирнинг юрак қони билан ёзилса ва шахсий ибрати билан мустаҳкамланса. Менинг эътиқодим шу: шоир она Ватани учун оғир дамларда олдинги сафларда бўлиши керак. Қўрқоқлик ва лоқайдлик шоирларга ёт хислатдир, бу она тилида тасаввур қилишни билмаслик ва жозибасини ҳис эта олмасликка ўхшайди”.

Шоирнинг бу сўзларини шарҳлаган машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг (1928-2008) қуйидаги фикрлари мени янада кўпроқ ҳайратга солади: “Эътибор беринг, она тилида тасаввур қилиш қаҳрамонликка тенглаштириляпти. Қаҳрамонлик фақатгина аскарларнинг жангда кўрсатган ботирлиги эмас. Қайсин Қулиевнинг ўзи буни жанг майдонларида неча марта исботлаган: у Иккинчи жаҳон уруши даврида десантчи бўлиб хизмат қилган. Тинчлик давридаги қаҳрамонлик келажакни йўқ қилишга таҳдид солаётган ҳар қандай хавфларни енгиб ўтишдир”.

Десантчиларнинг олтин қоидаси

Уруш вақтида десантчилар жанговар топшириқни бажариш учун самолётда душман ҳудудига ташланган. Агар десантчи парашютини юз метрдан баландда очса, душманларнинг тирик нишонига айланган. Агар парашютни юз метрдан пастда очса, парашют очилмай қолса ёки кечроқ очилса, десантчи ерга урилиб жон берган. Мард десантчилар душман ўқидан ҳалок бўлишдан кўра ерга урилиб жон беришни афзал кўришган ва парашютини ерга юз метр қолганда очишган. Қайсин Қулиев ҳам десантчиларнинг шу олтин қоидасига амал қилган ва жанговар топшириқларни бажарган.

1942 йилда жанговар топшириқни бажариш чоғида оғир яраланган Қулиев Чебоксардаги ҳарбий госпиталга олиб келинган. Радио мухбирлар бир оз соғайиши билан унинг шеърияти ҳақида эшиттириш тайёрлашган. Бу эшиттиришни Ёзувчилар уюшмасида ишлаётган таниқли адиб Александр Фадеев машҳур шоир Борис Пастернак билан бирга тинглаган ва улар ёш шоирнинг истеъдодига тан беришган. Дарҳол Ёзувчилар уюшмаси номидан ҳукумат раҳбарига таклифнома ёзиб, Қайсин Қулиевни урушга чақирилмайдиган ижодкорлар рўйхатига киритишни сўрашган ва тасдиқнома – бронь олишган. Соғайган шоир Москвага келиб, бир қанча адабий учрашувларда иштирок этган, кейин Фадеев ва Пастернакка ғамхўрликлари учун миннатдорлик билдирган. “Менинг ўрним Ватан учун жанг қилаётган сафдошларим ёнида”, дея бронь бўлишига қарамасдан фронтга жўнаб кетган. Чунки у десантчи эди. Десантчи ўзидан кўра сафдошини кўпроқ ҳимоя қилиши керак.

Мен халқим билан бирга бўламан

Ёзувчилар уюшмаси Қайсин Қулиев асарларини 1943 йилда Давлат мукофотига тавсия этади. Бу мукофот унга 1944 йил апрель ойида берилиши керак эди. Бироқ, 1944 йил 8 март куни икки соат ичида 38 мингдан зиёд болқор халқи асоссиз равишда Ўрта Осиёга мажбуран кўчирилди. Бу вақтда яраланган Қулиев яна ҳарбий госпиталда даволанаётган ва топшириқни бажариш чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги учун жанговар орден билан мукофотланганди. Яна Ёзувчилар уюшмаси ҳукумат раҳбарига таклифнома ёзиб, Қайсин Қулиевни ҳимоя қилади ва унинг мамлакат истаган жойида, ҳатто ўзи туғилган Чегем туманида, Москвада яшашига рухсат олади. Соғайиб Москвага келган Қулиев яна Фадеев ва Пастернакка ғамхўрлик учун раҳмат айтади. “Мен халқим билан бирга бўлишим керак”, дея Қирғизистонга йўл олади. У Фадеев тавсиясига кўра, Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси рус адабиёти бўлимида ва адабий журналнинг рус адабиёти бўлимида иш бошлайди.

Тилнинг аҳамиятини теран англаган Қайсин Қулиев қирғиз тилини мустақил равишда тезда ўрганиб олади. Аслида, қирғиз, болқор, ўзбек ва бошқа тиллар туркий тиллар оиласига киради. У қирғиз адибларининг асарларини рус тилига ўгира бошлайди. Қулиевнинг қирғиз тилини қанчалик ўргангани ва таржимонлик маҳоратига биргина мисол келтириш билан кифояланамиз. Қайсин оға маслаҳати асосида ёзилган ва у рус тилига таржима қилган Тугалбой Сидиқбековнинг “Тоғ ўғли” романи Давлат мукофоти билан тақдирланган. Муҳими, Қайсин Қулиев рус тилини яхши билгани ҳолда умри давомида болқор тилида ижод қилди ва болқор тилининг дунё тиллари оиласида яшаб қолишига беқиёс ҳисса қўшди.

Айтматов нега ветеринария техникумида ўқиган?

Чингиз Айтматовнинг отаси қатағон даврида қатл этилгани учун унинг ўзи истаган олий ўқув юртида таҳсил олиши ва ёзган ижодини матбуотда эълон қилиши тақиқланган эди. Шу боис Айтматов олдин ветеринария техникумида, кейин қишлоқ хўжалиги институтида ўқиган. Умри давомида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаган Қайсин оға Чингизни ҳам қаноти остига олади. У бутун жавобгарликни зиммасига олган ҳолда адабий журналда Чингиз Айтматовнинг ҳикоясини қирғиз тилида эълон қилдиради. Амалдорларда бу номга кўникма ҳосил бўлгандан кейин Айтматовнинг ҳикоялари рус тилида чиқа бошлайди. Қайсин Қулиев Чингиз Айтматовни Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш учун астойдил киришади ва мақсадига эришади.

Албатта, Қайсин Қулиев бу билан чегараланиб қололмасди. Москвадаги дўсти таниқли шоир ва жамоат арбоби Александр Твардовскийга хат ёзиб, Чингиз Айтматовнинг Олий адабиёт институтига ўқишга киришига ёрдам беришини сўрайди ва Айтматов шу даргоҳда ўқий бошлайди. Кейин у Айтматовнинг “Жамила” қиссаси нуфузли журналда чоп этилишига ва китоб ҳолида нашр қилинишига ёрдамлашади. Чингиз Айтматовнинг бундан кейинги ҳаётини – қирғиз халқи ҳаётидан олинган асарлари билан миллатини дунёга танитганини кўпчилик билади.

Саҳрои кабир қандай пайдо бўлган?

Бундан чорак аср илгари ўсимликшунос олима билан суҳбатлашгандим. У бехосдан “Саҳро бўлиш қандай бошланади?” дея савол берди ва ўзи жавоб қайтарди: “Саҳро бўлиш уйингиз атрофидаги битта гиёҳни бекорга юлишдан бошланади”. Олима бу гапни айтганда, Саҳрои кабир остида катта шаҳар қолдиқлари ҳали аниқланмаганди. Демак, ўша қадимий шаҳарда кимдир битта ўсимликни, бошқаси иккинчи, яна бири учинчи ўсимликни йўқ қилган... Оқибатда Африка қитъасининг 25 фоизини эгаллаган Саҳрои кабир пайдо бўлган.

Бу жараён тилга ҳам тааллуқли. Бугун кимдир она тилимиздаги битта сўзни унутса, эртага бошқаси иккинчи сўзни, индинга биров учинчи сўзни ёдидан чиқарса “саҳролашиш” бошланади. Олимларнинг дунёда 7500 дан ортиқ тил бўлгани тўғрисида илмий фаразлари бор. Қани улар? Ҳатто кўплаб тилларга алифбосини улашган лотин тили ҳам унутилган. Шу боис Қулиев ва Айтматов она тилида тасаввур қилиш ва жозибасини ҳис этишни қаҳрамонликка менгзашган. Токи биз она тилимиз – ўзбек тилида тасаввур қилиб, жозибасини ҳис этар эканмиз, жаҳонда ўзбек тили ҳам, ўзбек миллати ҳам, Ўзбекистон ҳам яшайди.

Спартакиада – мустабид тузум чайнаган сақич

Она тилимизда мавжуд сўзлар ўрнига керак-нокерак чет сўзларни ишлатиш, воқеликка зид атамаларни қўллаш луғат бойлигимизга салбий таъсир кўрсатади, айниқса, ёш авлод таълим-тарбиясига зарар етказади. Кимдир гап исботи билан бўлсин, дея луқма ташлаётгандир. Ўтган йили пойтахтимизда Тошкент спартакиадаси ўтказилди. Спортда олимпиада атамаси Олимп шаҳри ўйинлари маъносида қўлланилади. Демак, спартакиада нима эканини аниқлаш учун Спартак кимлигини билишимиз керак. Бунинг учун мустабид тузум сиёсати асосида тайёрланган Ўзбекистон Совет энциклопедияси (ЎзСЭ)га мурожаат қиламиз.

Спартак – қадимги Римда милоддан аввал 74 (ёки 73)-71 йилларда бўлиб ўтган қуллар қўзғолонининг раҳбари. Фракийлар қабиласидан, қул қилиб сотилган ва Капуя шаҳридаги гладиаторлар мактабига олинган. Гладиаторлар билан Везувийга қочиб, қулларнинг йирик қўзғолонига раҳбарлик қилган. Рим армиясига қарши жангда ҳалок бўлган (ЎзСЭ, 8-жилд, 1978 йил, 278-бет).

Спартакиада – йигирманчи асрнинг 20-йилларида Европанинг баъзи мамлакатларида ишчиларнинг спорт иттифоқлари мусобақалари буржуа спорт бирлашмалари мусобақаларига қарама-қарши суратда спартакиада (Спартак шаънига) деб атала бошланган (Ўша китоб, 279-бет).

Европанинг баъзи мамлакатларига ойдинлик киритсак. Дастлаб собиқ Иттифоқ мустабидлари ўз ишчи-хизматчилари, яъни спартаклари ўртасида ўтказилган мусобақаларни спартакиада деб номлаган. Кейин Иккинчи жаҳон уруши туфайли пайдо бўлган ЧССР ва ГДРда шундай номдаги мусобақалар ўтган. Йигирманчи аср охирига келиб, жаҳон харитасидан СССР, ЧССР, ГДР деган мамлакатлар номи йўқолди ва уларда ўтказилган спартакиадалар ҳам барҳам топди. Кўриниб турибдики, озод Ўзбекистоннинг озод фарзандлари ўртасида ўтказилаётган спорт мусобақаларининг қадимги Римдаги қулга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шу сабабдан истиқлол ғояси асосида яратилган Ўзбекистон Миллий энциклопедиясининг 2004 йилда чиққан 8-жилдига “спартакиада” атамаси ёш авлоднинг онгини заҳарламаслиги учун киритилмаган.

Мустақиллик йилларида қадриятларимизга мос “Алпомиш ўйинлари”, “Тўмарис ўйинлари”, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” каби спорт мусобақаларига асос солинди. Пойтахтимизда ўтган мусобақани ҳам Тошкент спорт мусобақаси деб номлаш мумкин эди. Ёки олимпиада атамасидан келиб чиққан ҳолда Тошкентиада деб атасак, юнонлар ҳам, инглизлар ҳам, Беруний кашф этган уммон ортидагилар ҳам Тошкентда янги спорт мусобақасига асос солинганини билиб оларди.

Ўтган йили вазирлик, идора ва ташкилотлар ўртасида ҳам спорт турлари бўйича “Дўстлик спартакиадаси” ўтказилди. Қизиғи, унда шоҳмот-шашка мусобақалари ҳам бор эди. Тафаккур баҳслари ҳисобланмиш шоҳмот-шашканинг яроғ ишлатишдан бошқа нарсани билмайдиган Спартакка қандай алоқаси борлигини тушуниш қийин. Хуллас, уни оддий ва тушунарли қилиб “Дўстлик мусобақаси” деб номлаш ярашарди. Айрим ташкилотлар ҳам спартакиада ўтказишяпти. Унда ташкилот жамоаси оила аъзолари билан қатнашади, кучи етганлари бирор спорт турида мусобақалашади, бошқалари ишқибозлик қилишади. Тўкин дастурхон ёзилиб, ош тарқатилади, совриндорлар тақдирланади. Бундай тадбирларнинг номи спорт сайли дейилади. Ачинарлиси, ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳам спартакиада ташкил қилинаяпти. Ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларнинг номи бор – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”.

Тил ва миллатнинг ҳаёт манбаи

Икки буюк адиб таъкидлаганидек, она тилида тасаввур қилиш, она тилида сўзлашиш ва унинг хазинасини бойитиш нафақат келажак авлодларимиз, балки инсоният олдидаги шарафли бурчимиздир. Чунки инсоният тиллари оиласида ўзбек тили, ўзбек миллати абадий яшаши керак. Шоир Қайсин Қулиев тўлқинланиб ёзганди:

Она тилим! Жонли неъматсан бешак,

Бизга куч берасан ва завқли ижод.

Биз сени эшитсак, сенда гаплашсак,

Демак, биз ҳаётмиз, демак, биз ҳаёт!

Дарҳақиқат, она тилида тасаввур қилиш, она тилида сўзлашиш, она тилидаги сўзларни эшитиш тил ва миллат учун ҳаёт манбаи ҳисобланади.

Асрор МЎМИН,

Ўзбекистонда хизмат

кўрсатган журналист.


ЎзА
7 699