ЎзА Ўзбек

25.02.2019 Чоп этиш версияси

Эврил Турон, "ОЛТИН ЎЛКА" эссе

Эврил Турон, "ОЛТИН ЎЛКА" эссе

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан

Эврил ТУРОН

42a7b3c6_a5fe_4b22_9619_220df6d0092d.jpg
(2-қисм)

ОЛТИН ЎЛКА
“Йўлдаги ўйлар” туркумидан


ХАЙРЛИ ТАКЛИФЛАР

...Айланма йўлдан айлана-айлана буюк Шароф Рашидов қурган ўқдек тўғри сўқоққа чиқдик. Буюк Шароф Рашидов бу буюк сўқоқни УЛУҒ ИПАК ЙЎЛИ лойиҳаси асосида қурдирган. Лойиҳа очунолар Темурда сақланган. Қонли парчаланишлар силсиласида у ўз даврининг етук инсони Файзулла Хўжа қўлига ўтган. Аммо лойиҳа унинг иккинчи хотини Фотима (озор қизи) хонимда (мен бу хонимнинг Москвадан унга узоқ бўлмаган уйида қўноқ бўлганман) қолади. Фотима хоним эса лойиҳани Шароф Рашидовга беради.

Буюк Шароф Рашидов оламшумул тарихга эга бўлган сўқоқни замонавий усулда қайта қурдиради. Мен бу улуғ сўқоққа шу икки номдан бирини берилишни таклиф қиламан:

УЛУҒ ИПАК ЙЎЛИ,
ШАРОФ РАШИДОВ ЙЎЛИ

Негаки, Шароф Рашидов ўз миллати учун буюк хизмат қилган шахсдир. Унинг мана бу ишлари айниқса беқиёсдир: Тошкент метроси, Тошкент – Термиз йўли. Яна халқни уйқудан уйғотувчи: “Кашмир қўшиғи”...

Йўл – йўлакай кўп эски замонларда Улуғ Ипак Йўли ёқаларида пишиқ қирпиш (ғишт)дан қурилган сув сақлагичларни (сардобаларни) зиёрат қилдим. Оқолтин, Пахтакор туманларида жойлашган бу сув сақлагичлар ўз қадимий довруқ ва кўркларини қўмсаган ҳолда кўзлардан четда мунғайиб турибди. Зинҳор унутмаслигимиз лозим: булар шонли кечмишимиздан бизгача етиб келган ноёб ёдгорликлардир.

Ҳозир Президентимиз шарофати билан туризмга кенг йўл очилаётир. Сайёҳлар сони икки баробарга ошди. Қўниқлар (отеллар) сони икки мингга етмоқда. Бу йил 45 та давлат кишилари юртимизга тўсиқсиз (визасиз) кириб келадилар. Бундай давлатлар сони ҳозир 64 тага етди.

Ватанимиз тарихида бундай қутлуғ онлар бўлганми? Энди Ўзбекистон очунга ўз эшигини очди. Энди Ўзбекистон ер юзи давлатлари билан иноқ. Энди Ўзбекистон тараққиёт йўлига кирди. Буни жаҳон тан олмоқда.

Ватанимизда туризм ой сайин камол топаркан, қанча-қанча юз йилликларда қанча-қанча карвонларни сув билан таъминлаган сардобаларни ўз ҳолига ташлаб қўйишимиз ачинарли. Узоқ кечмишимиздан ёдгорлик бўлмиш бул сув сақлагичларни илк ҳолатига қайтариш вақти етди. Замон шуни талаб қиляпти. Улар улуғ усталар томонидан таъмирланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Сув сақлагичларнинг тегралари кўркам оғочлар (дарахтлар), турли тус чечаклар ва майин майсалар билан безатилса, ажиб манзара вужудга келади. Сайёҳларни қувонтирадиган манзара! Шарқона қўниқ (отел), шарқона фаввора, шарқона ҳовуз (бассейн), шарқона ошхона, замонавий ёзилма (туалет), олмонча йўл, йўлаклар қурилса...

Сардобалардан Улуғ Ипак Йўлининг бир тармоғи бўлмиш – Зомин, Бахмал довонлари оша Самарқандга сайёҳлар сўқоғини очиш керак. Аслида, бу саодатли йўл бор. Фақат таъмирталаб. Оврўпача таъмир... Мен Тангрига яқин бу қадим сўқоқдан ўз машинамда талай марта Самарқандга саёҳат қилганман. 

Қор аримас тоғлар, арчали ўнгурлар, ҳайбатли чўққилар, виқорли қоялар, ёввойи оғочлар, муздек булоқлар, тиниқ ҳаво, саболар, кўм-кўк ўтлар-у чечаклардан завқ олароқ саёҳат қилганман. Ўз йўлдошларим билан бирга. Такрорланмас даражада гўзал бу табиатни бир кўрган киши яна ва яна кўргиси келади. Келаверади. Кўрган сайин тўймайди. У оҳанграбодек ўзига тортаверади.

Агар сайёҳ шаршара, булоқ, арчали ўрмонни оралаб ўтувчи сўқоқдан юқорига бироз ўрласа, унга очунда ҳам кам учрайдиган афсонавий Супа довони юз очади.

Тоғ тепасида ҳайҳотдек текис майдон. Бир замонлар буюк Шароф Рашидов беқиёс бу ошёнга Халқаро чанғи мусобақаси ўтказиладиган мажмуа қурилиши масаласини ўртага ташлаган. Буни Брежнев қўллаган. Бироқ казо-казо... шовинистлар бу масалани орқага сурганлар.

Мен буни давлат арбоблари: Сарвар Азим, Бектош Раҳим, Тўрақул Йўлдошлардан эшитганман.

Леонид Брежневнинг вафоти, Шароф Рашидовнинг ўлими сабабли бу иш амалга ошмай қолган.

Ёзарларнинг Жиззах – Зоминда ўтказилган кўчма тўпландисида, айнан Супада Сарвар Азим бу ошённи “Ўзбек Швейцарияси”, деган эди. Ўшанда ҳинд ёзари Дугалнинг Сарвар оғага айтган жавоби ҳам эсимда қолган: “Швейцариядан-да гўзал!”.

Буюк Шароф Рашидовнинг вафотидан сўнг ўзларини Осмон билишган нафслари ғор каслар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмаган.

Тузатишлар осон кечмайди: сиёсий емрилишлар, иқтисодий емрилишлар, миллий емрилишлар, ижтимоий емрилишлар, маънавий емрилишлар тикланмагунча.

Одил ойдинларнинг айтишларича, яъни 2 йилдан бери: тили, эрки, эътиқоди, бўғовланган эл эркин нафас ола бошлаган. Энди буюк Шароф Рашидов фикри амалга ошар, деб ишонаман. Энди Супада спорт мажмуаси қурилмаса-да, у сайёҳларнинг севимли масканига айлантирилади. Тангри қўллови, Президент журъати билан...

Зомин – Бахмал тоғ йўли кўнгилларни яйратар даражада таъмир этилади. Оврўпа сўқоқлари мисол. Мен буни қалбимдан ҳис этяпман.

Агар бу сўқоқ, умуман, Жиззах воҳаси ва юрт сўқоқлари хусусийлаштирилса, йўл қурилиши бошқонлари-ю қурувчилари йўлларнинг эни-ю бўйларидан уриб қолишдан, асфальт, бетон, цемент, қум, тошларни “ейиш”дан маҳрум бўладилар.

Ўзбекистон йўллари лойиҳаларга амал этилмай қурилган. Тор, энига, бўйига урилган, сифатсиз. Шунга тез бузиляпти, ўнқир-чўнқир бўлиб қоляпти. Назорат қилувчи ташкилотлар пулга сотилмоқда... Йўқса, бундай ҳол юз бермаган бўларди.

Агар сўқоқлар хусусийлаштирилса, шубҳасиз, йўллар текис, равон, тоза сақланади. Йўл ёқалари ҳам обод бўлади, емақхоналар, ёзилмалар қурилади. 

Одам ўз боласини ўзга боласидан яхши кўради. Одам ўз томорқасини ўзга томорқасидан яхши кўради. Одам ўз мол-ҳолини ўзга мол-ҳолидан яхши кўради. Тангри одам боласини шундай яратган. Демак, инсон ўз боласига, ўз томорқасига, ўз мол-ҳолига бутун меҳри, дили билан қарайди. Шундан: баркамоллик, сифат, мўл-кўллик, қут-барака вужудга келади.

Ҳаёт шу асосга қурилган. Тириклик шу асосга қурилган. Бу Яратганнинг кўзга кўринмас қонуни. Одамзот бу қонунни ўзгартиролмайди.

Йўл хусусий мулкка айланса, сифатга эришилади. Бундан эл ҳам, давлат ҳам улкан фойда кўради, автоҳалокатлар кескин камаяди.

РИМГА ТЕНГДОШ КЕНТ

Жуда эски замонларда Чин билан Римни боғлаган буюк савдо йўлидан (Буюк Ипак Йўли) Жиззах водийсига кириб боряпмиз. У шимолда Қозоғистон, Сирдарё, жануби-шарқда Тожикистон, ботарда Самарқанд, Навоий вилоятлари билан туташган.

Юқорида мен улуғ давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовнинг уч буюк иши тўғрисида айтган эдим. Бироз шошибман. Шароф оға яна икки буюк асари билан ҳам тарихда қолади: Жиззах ўлкаси, Навоий шаҳри. Булар унинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан яралган. Шундан сўнг Навоий ҳам, Жиззах ҳам тез фурсатда йирик, муҳташам саноат марказларига айланди.

“Спарк” русумли автоуловда еларканмиз, Туркистон-Нурота тоғларининг (Темур қопқасидан чиқарга Туркистон, ботарга Нурота тизма тоғлари қад керган) оралиқ ва этакларида жойлашган Жиззах кечмиши мени ўзига жодулаб тортади.

Яратганнинг карам, каромати кишини ҳайратга солади. Яхлит тоғ қоқ иккига бўлинган, Илонўтди дараси пайдо бўлган, Помир тизмаларидан келаётган сувга йўл очилган.

Бу – Тангри эҳсони: экин-тикин қилиш учун, туёқларни кўпайтириш учун, одам боласини боқиш учун.

Эски замонларда бу сув “Жиззахдарё”, кейинча “Илонўтди”, “Сангзор” номлари билан аталган.

Яхлит тоғ иккига бўлингач, бири Туркистон отини олган. Иккинчиси Нурота. Бўлинган оралиқ эскида “Темур қопқаси”, дейилган. Ҳозирда “Темур дарвозаси” дейилади.

Улуғ Ипак савдо йўли ҳам иккала томонини қоятошлар ишғол этган Темур қопқаси аро оқаётган дарё ёқасидан ўтган. Бу ўлмас қояларга ўйиб ёзилган ўлмас битиклардан иккитаси одамни ўзига жалб этади. Буюк даҳо Улуғбек битиги: “Қудратли Тангрининг беадад мадади билан Улуғ Султон, шоҳлар шоҳи, ­ Тангрининг ердаги сояси, ислом динининг туғдори, дин ҳомийси, подшоҳ Улуғбек Кўрагоний (Тангри унинг салтанатини пойдор қилсин) жетелар ва мўғуллар юртига юриш қилди ва бу элдан бешикаст қайтди. Ҳижрий 828 сана”.

Битикда Мирзо Улуғбекнинг жетелар ва мўғуллар устидан ғалаба қозонгани (1425-1426) битилмаган. Буюк зафардан сўнг даҳо олим ўз қўшини билан Жиззахга қўнади. Жиззах эли уни қувонч ва эҳтиром билан кутиб олади. Ғалаба шарафига қўйлар сўйилади, дошқозонларда тансиқ таомлар пиширилади. Яна турли ўйин, беллашувлар ва куй-қўшиқлар ташкил этилади. Байрам – сайил уч кеча-кундуз давом этади.

Абдуллахон II Улуғбек ҳоқон битиги ёнига ушбу битикни ёздиради: “Бу жойдан ўтган барча сайёҳлар билсинларки, 979 йилда ўттиз минг жанговар қўшин билан Дарвишхон, Бобохон ва Султоннинг бошқа ўғилларига тегиш­ли қўшинлар ўртасида жанг бўлиб ўтди. Бу жангда Соҳибқирон Султон ўғилларининг эллик мингга яқин қўшини ҳамда Туркистон, Тошкент, Фарғона ва Дашти Қипчоқдан келган тўрт юз мингга яқин аскарлар устидан зафар қучди. Уларнинг қўшинига шунчалик кўп ўлим келтирдики, ўлган одамлар қони Жиззах дарёси (Илонўтди дарёси) устида бир ой мобайнида оқиб ётди. Ушбу жанг барчага маълум бўлсин”.

Қондош турки уруғлар бир-бирларига қирғин (1572-1573) келтирганликлари ва бу қонли воқеа қояга мақтанганнома битилгани ачинарли. Тарихни варақласанг, турк қавмлари ҳамма замонларда бир-бирлари билан савашганлари кўзга ташланади. Ёвларни қувонтирароқ. Бунга Темур – Тўхтамиш – Боязид ҳоқонлар ўртасида кечган урушлар бир мисол.

Яхшими, ёмонми, бу бизнинг кечмишимиз. Марказий Осиё давлатлари бундан тўғри хулоса чиқарсалар, ҳар жабҳада бир-бирларини қўллаб-қувватласалар, уларнинг йўллари ёруғ бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат замирида шу нарса сезилмаяптими? Менинг назаримда Президентимиз Марказий Осиё эллари билан ҳам, Туркия билан ҳам, умуман, дунё давлатлари билан дўстлик алоқаларини яхшилаяпти.

Жиззах дарёси бўйларида ҳали Рим кенти (Римга милоддан аввалги 754 йилда ака-ука Рамул, Ремлар асос солганлар) яралмасдан узун асрлар олдин ҳам турки қавмлар яшаганлар. Антик (қадимги) дунё (Италия) ёзар, тарихчиси Аммиан Марцеллин шундай гувоҳлик беради: “Бу юртда сак, скифлар яшайдилар. Уларнинг ичида энг беозорлари якссартлардир”.

Айрим олимлар араб сайёҳ-жосуслари Шамсиддин Абу Абдуллоҳ ал-Муқаддасий, Абулқосим Муҳаммад ибн Ҳовкал (тақрибан 990 йиллар) кабиларнинг асарларига (Йўллар ва юртлар) таянибми, Жиззах минг ёшда деган ечимга келишган.

Бироқ қуйидаги антик давр олимларининг: (Птолемей, Плутрах, Плиний, Юстин, Драйзен, Страбон, Тревер, Табарий, Наршахий, Дионист) битикларидан келиб чиқиб қаралса, Жиззах Римга тенгдош кент эканига шубҳа қилишмайди.

“Жиззах” атамаси Оқхунлар (Эфталитлар) билан чатишган Суғутларнинг “Қўрғонча” сўзидан эмас, “Жиз-Зах” бирикмасидан ҳосил бўлган. Жиз – иссиқ, Зах – нам маънони билдирди. Жиззах табиати шундай...

Қондошимиз Туркия турклари “иссиқ”ни “Сижак” дейдилар. Бу – Жиззах, Дизак, Жизах атамаларига “қондош”. Сиж – иссиқ, ак – зак (зах) жонли тилда (Ўғиз лаҳжасида ҳам) “з” ҳарфи тушурилиб, “ак” тарзда талаффуз этиляпти.

Жиззах ва Жиззах водийсида Тош асридан бери одам яшайди. Буни айрим ойдинлар, ҳатто етук олимлар ҳам “лоф” дейишлари мумкин. Ҳар кас ўз ақл, билимидан келиб чиқиб сўзлайди. Мен фикр эркинлигини жон-таним билан қўллайман. Қўллайман-у, ўз сўзимда собит тураман. Жиззахнинг табиати, иқлими, экин учун бўлиқ тупроғи, туёқ учун ўт-ўланга бой яйловлари, ҳайвонот (айиқ, қоплон, тўнғиз, бўри, жайрон...) ва наботот олами (юздан ортиқ ўсимлик), маъданларига бойлиги, сувга мўллиги (Жиззахдарё, тоғлардан қуйига югураётган жилға, ирмоқ, сойлари), стратегик жиҳатдан қулай ўрни фикримга исбот бўлади, деб ўйлайман.

Янги пайдо бўлган Қизил (Ҳайдаркўл) денгиз ҳам Жиззахнинг нуфуз, кўркини янада оширмоқда. Ундаги турли-туман балиқлар, турли-туман қушлар нафақат Жиззах водийсига, балки мамлакатимизга ҳам барака ва зийнат бермоқда.

Тарих шаҳодатича, Жиззах кўп давлатлар таркибида бўлган. Нисбийлик назарияси отаси Алберт Эйнштейннинг шу сўзи тўғри: “Хотира – ҳар нарсани ўзида сақлайдиган жомадон эмас”. Мен ҳам бу мақолада Жиззах қанча давлат тасарруфида бўлганини тўлиқ ёзолмайман. Эсимда қолгани шулар: Қанғлилар, Кушонлар, Оқхунлар, Уструшона, Сўғдиёна, Аҳамонийлар, Бақтрия, Турк ҳоқонлиги (Истамихон), Хоразмшоҳлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Темурийлар, Шайбонийлар, Ануштегинлар, Аштархонийлар, Чиғатой улуслари, Манғитлар (Бухоро амирлиги), Ўрусия...

Тангрига шукр, энди Жиззах Ўзбекистоннинг гўзал бир гулшани. Мен уни жон-у таним билан севаман! Шароф Рашидов каби, Ҳамид Олимжон каби, Сарвар Азимов каби...

Менинг дўстларим ҳам Ватанимизни борлиқлари билан севадилар. Улуғбек Найман (зоминлик, ҳуқуқшунос олим) ҳам шундай. Унинг мана бу тўртлигини ўқинг:

О, сени қанчалар севаман она!

Ҳеч ким сени менчалик севолмас ёна!

Жиззахим, сен мени беқиёс ўлкам!

Сен менинг юрагим, меҳрибон онам!

Жиззах кўп вайрон ва талон этилган. Жиззах кўп бузилган ва кўп тузалган. Энг ашаддий қирғинбаротлар ушбу ёвлар томонидан амалга оширилган: аҳамонийлар (Кир), македонлар (Александр Македонский), араблар (Қутайба Ибн Муслим), сомонийлар (Исмоил Сомоний), чингизийлар (Чингизхон), ўрислар (Генерал Романовский). Эски битиклар шундан далолат беради: Гардизий (“Занул ал- ахбор”), Ибн ал- Асир ( “Мукаммал тарих”), Табарий (“Тарих Табари”), Шарафиддин Али Яздий (“Зафарнома”), Ас-Самоний (“Насабнома”), Ҳофиз Таниш (“Абдулланома”), Муҳаммад Солиҳ (“Шайбонийнома”), Насафий (“Самарқандия”), Араб Қатоғон (“Мусаххир ал билод”), Мирза Ҳайдар (“Тарихий Рашидий”), академик Бартолд (“Туркистон муғуллар босқини даврида”)...

Оқхунлар (Хитой, Марказий Осиё, шимолий Ҳиндистон, шарқий Эронни ўз ичига олган буюк империя, миллоддан аввал) ва Турк ҳоқонлик­лари (Чин деворидан Баспоргача, Энасойдан (Енисей) Жайхунгача ерлар унинг ихтиёрида бўлган VI аср) даврларида Жиззах ўлкаси гуллаб, яшнаган. Қанғ, Кушон салтанатлари замонларида ҳам камол топган.

Эскидан – эски ўша вақтларда ҳам бу воҳада буғдой, арпа, шоли, пахта... экилган, ипак етиштирилган, туёқчилик ҳам гуркираб ўсган. Тоғларда олтин, кумуш, темир, мис... қазиб олинган. Жиззахкентда темирчилик, мисгарлик, заргарлик, қуролсозлик, кулолчилик, совунгарлик, тўқимачилик, кўнчилик ривожланган. Мато, жун, чармдан кийим-кечаклар тикилган.

Жиззах Улуғ Ипак Йўлида жойлашгани учун унда савдо-сотиқ ишлари равнақ топган. Олтин сирға, ҳалқа, узук, билакузуклар, кумуш тақинчоқлар, мис идишлар, пичоқ, ханжар, қилич, сунгу, ўроқ, теша, болта, кетмонлар, оғочдан ясалган бешик, хонтахта, сандал, эгар, ўғир, ўғирсоплар, чарм, жун, ипак, пахта матоларидан тикилган уст-бошлар нафақат шаҳар биқинидаги Мирасманда кўтарма савдо бозорида, балки Чин, Рум, Эрон, Араб... юртларида ҳам сотилган. Олимлар ҳоқони Беруний Мирасманда кўтарма савдо бозорининг бир кунлик харид баҳосини икки юз минг динор деган. Оламда Ер шари глобусини биринчи яратган даҳо айтган бу гапни мен мутлақ ҳақиқат, деб биламан.

Жиззахкентда тижорат гуркираб ўсгани, Мирасманда жаҳон бозори ва айрим тармоқлар ривожлангани тўғрисида қадим манбаларда қайд этилган. Масалан, Хитой олими Ян-Шоу “Шимолий хонадонлар” (618-907) асарида бу ҳақда ёзган. Шунингдек, у Жиззахда олтин, темир, мис конлари борлигини ҳам қайд этган. Бу гап Абулқосим Муҳаммад ибн Ҳавкалнинг (860-907) гапига ҳам тўғри келади. Яъни у Жиззахда маъдан қазиб олиш ва уни қайта ишлаш яхши йўлга қўйилганини “Йўллар ва юртлар” китобида ёзган.

… Бу тарих, Жиззах кечмишидан бир чимдим тарих... Жиззахнинг бугуни қандай? Бу бош­­қа бир мавзу, завқли бир мавзу...

(Давоми бор. Сайтимизни кузатиб боринг!)

13 913
ЎзА