ЎзА Ўзбек

07.06.2019 17:21 Чоп этиш версияси

“Олтин қалам” соҳиби Жереми Хед Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди

“Олтин қалам” соҳиби Жереми Хед Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди

Би-би-си Ўзбек хизмати сайти мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида британиялик таниқли журналист Жереми Хед “Financial Times” рўзномасида ўтган йил ноябрь ойида эълон қилган “Ўзбекистоннинг супер тез Ипак йўли“ сарлавҳали мақоласи учун “Олтин қалам” халқаро мукофоти билан тақдирланганини маълум қилди. 

Қайд этилишича, Жереми Ўзбекистондан бир дунё таассурот билан қайтган ва “Financial Times”да ёзганлари денгиздан бир томчи холос. Британ туроператорларининг бирор бир брошюраси у гўзалликни етказиб беролмайди. 

“Ўзбекистон Ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро, Хивадек афсонавий гўзал шаҳарларини дунёга танитишдек улкан имкониятга эга ва бу йўлда аллақачон катта ишлар қилиняпти. Менинг фикримча, британиялик сайёҳ дунёнинг бошқа жойида бу нарсаларни кўриши даргумон. Сиз исломий меъморчиликни Эронда кўришингиз мумкин, аммо британ турист-операторларининг бирор бир брошюраси у гўзалликни етказиб беролмайди. Ҳақиқатан ноёб. Британияликлар бундай имконият мавжудлигидан тезроқ бохабар бўлишлари керак“, деган британиялик журналист Би-би-си Ўзбек хизматига. 

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти мамлакатни дунёга очмоқда ва туризмни ривожлантириш борасида изчил стратегияни танлаган. Бу борада муҳим қарорлар қабул қилинмоқда, чекловлар олиб ташланмоқда, тартиб юмшатилмоқда. Эндиликда бу янгиликларни Британия ва Ғарбдаги бошқа сайёҳларга тезроқ етказиш қолган, холос.

Би-би-си мухбирининг ёзишича, “Олтин қалам” мукофотини топшириш маросимида Ўзбекистоннинг Британиядаги туризм элчиси этиб тайинланган Софи Ибботсон ҳам мамлакатимизга қилган саёҳатидан олган таассуротлари ҳақида гапириб берган.

С.Ибботсоннинг сўзларига кўра, ҳозир ғарблик сайёҳлар учун Ўзбекистонга боришнинг айни вақти.

“Ўзбекистон фақат ЮНЕСКОнинг машҳур масканлари саналмиш Самарқанд, Бухоро ва Хивадан ташкил топмаган, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб археологик иншоотлар, бозорлар, тоғлар, саҳролар каби чиндан ҳам мўъжизакор жойлар мавжуд. Туристлар бундан бехабар бўлиши мумкин. Менинг вазифам эса, Ўзбекистон туризми таклиф қилиши мумкин бўлган барча жойларнинг салоҳиятини сайёҳларга очиб бериш. Мақсад, улар билишсинки, Ўзбекистонда уч, тўрт ҳафта қолиб ҳам кўп нарсани кўриш имкони бор. Улар ҳар куни қандайдир янги нарсани ўзлари учун кашф қилишлари мумкин“, деган у.

Сайёҳларни жалб қилиш ҳақида сўз бораркан, Ўзбекистоннинг туризм элчиси яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратган:

“Хорижий сайёҳларни Ўзбекистонда энг кўп жалб қиладиган жиҳат – мамлакатнинг тарихий обидалари. Меъморчилик, археология, маданият билан сайёҳларни осонликча қизиқтириш мумкин. Ҳиндистон ҳақида гап кетганда, Тож Маҳал тилга олинади, Франция десангиз, Эйфел минораси ёки Лувр музейи кўз олдингизга келади. Ўзбекистон ҳам шунга тенг дурдоналарга эга. Унда Регистон ёки девор билан ўралган Хива қалъаси бор. Менинг вазифам бу жаҳоний обидаларнинг Ўзбекистонга боғлиқ эканини намойиш қилиш. Кўп ҳолларда туристлар Самарқанд ҳақида эшитган ёки “National Geographic” журналида нимадир ўқиган бўлади, суратини кўрган, аммо унинг Ўзбекистонда эканини билмайди. Демак, биринчи вазифа, бу масканлар айнан Ўзбекистонда жойлашганини уларга билдириш. Яна бир вазифа, бу масканлардан ташқари, Ўзбекистонда яна нималар борлиги ҳақида уларни хабардор қилиш. Одамлар Францияга фақат Эйфел минорасини кўргани бормайди, балки миллий таомлар, музейлар, тарихга ҳам қизиқиб боради. Ўзбекистон ҳам худди шундай. Мен туристлар Ўзбекистонга бориб, Регистонни кўришларини хоҳлайман, албатта. Чунки у ўта муҳташам ва ҳар бир инсон уни ҳаётида ҳеч бўлмаса, бир марта кўриши керак. Лекин айни дамда мен уларга Ўзбекистоннинг бошқа тарафларини ҳам кўрсатмоқчиман. Ҳар ким ватанига қайтганда, ўз хотирасида муҳрланиб қолган жиҳатни эслайди. Балки улар учун йўл четида тўхтаб қовун еганлари эсда қолар? Балки қайсидир таомни танаввул қилгани? Балки Нурота ёки Қизилқумда сайрга чиққани, қайсидир ўсимлик, ёввойи жонзот ёки гўзал кун ботишини кўргани? Улар ватанларига қайтгач, ана шу хотираларини ўз оиласи, дўстлари ё ҳамкасблари билан баҳам кўради ва ана ўшанда Ўзбекистон нималарни таклиф қила олиши намоён бўлади“.

ЎзА
3 453