ЎзА Ўзбек

01.10.2019 Чоп этиш версияси

Олисдаги синфхоналар

Олисдаги синфхоналар


1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Юсуф ҲАМИДОВ

Ўқувчилик бахтли онларим,

Барчасига у кунлар гувоҳ.

Сувратларга боқдим суқланиб,

Бўй кўрсатди ўттиз беш нигоҳ...

...Унда ранглар бари тенг эди,

Фарқламасдик оқу қорани.

Фақат айбдор билсак дўстимиз,

Дарров очар эдик орани.

Мактаб, ёни очиқ, кенг майдон,

Танаффусда тўплар сурардик.

Қўнғироқни эшитмай мудом,

Муаллимдан узр сўрардик.

Яна жажжи пахтакор эдик,

Дала мактаб тусини олар.

Қишлоқдаги синфхоналар

Баъзан ойлаб ҳувиллаб қолар.

Декабрнинг сўнгги кунлари,

Жунжикади совуқ далалар.

Эгатларни оралар севинч:

Мактаб бизни чорлар, болалар!

Бир жунжикиб, бирида ёниб,

Зир югуриб ўтди фасллар.

Бизнинг беғам кўзларимизга

Излар солиб кетди фасллар...

Хайрлашдик. Айрилув сўнгги

Қўнғироқнинг садоси бўлди.

Мактаб сенинг номингдан хитоб —

Кекса устоз дуоси бўлди:

“Оқ йўл сизга, учар қушларим,

Хавфу хатар бўлсин мангу ёт...

Дилни тутинг доимо уйғоқ,

Энди сизга дарс берар ҳаёт!”

...Кечир, ҳаёт, кечир, муаллим,

Трамвайлар ортидан елдим.

Танаффусда кечикдим бир оз,

Эллик ёшни қоралаб келдим.

Қўлим тишлаб боқарканман жим...

Хотирамда пахта шоналар.

Сизни қўмсаб, кўнглим толадир,

Олисдаги синфхоналар!..


11 372
ЎзА