Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2018 09:10 Чоп этиш версияси

Огоҳликка чорловчи фильм

Ёшларни жиноятлардан, турли иллатлардан ҳимоялаш, уларни азалий қадриятларимизга, оилага, катталарга ҳурмат, ҳалоллик, шукроналик руҳида тарбиялаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Пойтахтимизда суратга олиш жараёнлари бошланган “SCORPION” фильмида айни мавзу асосий ғояни ташкил этади.

Жорий йилнинг 12 февралида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Кинематографияни ривожлантириш марказининг ёш киноижодкорларнинг ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган бадиий фильмларини суратга олиш ва кенг намойишини қўллаб-қувватлашга доир қўшма қарори қабул қилинганди.

“SCORPION” фильми бу борадаги амалий ишларнинг дебочаси дейиш мумкин.

Кинематографияни ривожлантириш маркази матбуот хизматидан маълум қилишларича, фильмнинг суратга олиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий гвардияси кўмагида Тошкент ва Бухоро шаҳарларида, шунингдек, Россия ва Марокаш давлатларида бўлиб ўтади.

Фильм ижодий гуруҳи таркибида кўплаб хорижлик мутахассислар ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, фильм оператори германиялик ижодкор Макс Тцуи бўлиб, у Бухоро ҳақидаги имижли видео-ролик “Welcome to Bukhara”да ҳам фильм режиссёри Мухлиса Азизова билан ҳамкорлик қилган. Картина продюсери Ойбек Абдушукуров. “SCORPION” фильми ёш режиссёр Мухлиса Азизованинг тўлиқ метражли дастлабки ижодий ишидир.

Назокат Усмонова, ЎзА
10 003