ЎзА Ўзбек

13.06.2019 11:43 Чоп этиш версияси

«Очиқ осмон. Саҳро симфонияси» мусиқий лойиҳаси Нукусдан бошланади

«Очиқ осмон. Саҳро симфонияси» мусиқий лойиҳаси Нукусдан бошланади

Жорий йилнинг 18-27 июнь кунлари Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида катта мусиқий лойиҳа – «OPEN AIR. SAHRO SIMFONIYASI» бўлиб ўтади. 

Анъанага айланган лойиҳа Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг жонли концертлари ва миллий эстрада санъатининг моҳир ва ёш санъаткорлари чиқишларини ўзида мужассамлаштирган.

Лойиҳа Нукусда И. В. Савицкий номидаги давлат санъат музейи ёнидаги марказий майдонда бошланади. Мусиқа карвони концертлар билан Хива, Термиз, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий ва санъат майдонларида йўлини давом эттиради.

Жумладан, 18 июнь куни Нукус шаҳри И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи олдидаги очиқ майдонда старт олиб, 20 июнь куни Хива шаҳридаги «Ичан Қалъа» меъморчилик ансамблида, 23 июнь куни Термиз шаҳри Сурхондарё вилояти Санъат саройи амфитеатрида, 25 июнь куни Қарши шаҳри марказий амфитеатрида ва 27 июн куни Шаҳрисабз шаҳри «Оқ сарой» тарихий обидаси олдидаги очиқ майдонда ўтказилади.

Барча майдонларда лойиҳа учун ташкил этилган концерт заллари, 3 мингдан 5 мингтагача ўриндиқлар, мусиқий чироқ ускуналари билан ясатилган саҳна, шаҳарнинг ўзига хослигини акс эттирувчи визуал экранлар қурилади.

Концерт дастурларининг ҳар бири вилоятларнинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда алоҳида тузилган. Концерт дастури мумтоз асарлар, машҳур романтик куйлар ва опера мусиқалари, фильмлар мусиқалари, рақс композицияларининг асл танловлари, томошабинлар учун кутилмаган совға ва яна кўплаб қизиқарли «туҳфа»ларни қамраб олган беш турдаги шоудан иборат.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон давлат филармонияси, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Open Air Music лойиҳаси икки йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Шу давр мобайнида Ўзбекистон бўйлаб очиқ осмон остида 13 та концерт дастурлари ташкил этилган. Концерт дастурига ташриф буюрувчилар сони эса 100 мингдан ошган.

Е.ҚАНОАТОВ, ЎзА
3 516