Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 14:50 Чоп этиш версияси

Оқ кўнгилнинг оппоқ жилоси

Оқ кўнгилнинг оппоқ жилоси Миллий қиёфамиз, ўзлигимиз, анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлашда қўлигул уста ва ҳунармандларнинг хизматлари беқиёс. Тошкент Фотосуратлар уйида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилига бағишлаб ташкил этилган кўргазма экспозициясидан ўрин олган асарларни кўздан кечирган ҳар бир мухлис бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилади.

Кўргазмада Ўзбекистон халқ устаси Асрол Мухторовнинг ижод намуналари, унинг фаолияти акс эттирилган фотосуратлар, уста яратган ганч ўймакорлиги безаклари ўрин олган.

"Ҳунарманд" халқ усталари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи А.Ҳакимов, Ўзбекистон халқ рассоми Б.Жалолов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан санъатнинг барча йўналишларида самарали меҳнат қилаётган ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги ижодий марралар сари илҳомлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон халқ устаси Асрол Мухторов умрини, қалб қўрини ганч ўймакорлигига бағишлаган фидойи усталардан. Тошкент ганчкорлик мактабининг етакчи вакилларидан бўлган моҳир ҳунарманд мамлакатимиздаги кўплаб музейлар, маъмурий бинолар, театр ва санъат масканлари, муҳташам спорт комплекслари, концерт заллари, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳлар каби 300 дан ортиқ иншоотни безашда қатнашган. "Устоз-шогирд" анъанасининг бардавомлигини таъминлаб келаётган ҳунарманд ҳозиргача элликдан ортиқ ёшларга ганч ўймакорлиги сирларини ўргатган.

Ижод намуналарини кўриб, оддий гипс материали ғоят гўзал ва бетакрор, нафис безакка айланишида устанинг қунт ва саботи, маҳорати, истеъдоди, машаққатли меҳнати нечоғли катта аҳамиятга эга эканини дилдан англаш мумкин. Мазкур кўргазманинг "Оқ кўнгилнинг оппоқ жилолари" деб номлангани бежиз эмас. Зеро, бетакрор ижод намуналарида усталарнинг фидойилиги, покиза қалби, меҳнатсеварлиги, эл-юртга чексиз эҳтироми ва меҳр-муҳаббатини, касбига садоқатини ҳам кўргандек бўламиз.

Кўргазмада ганчкорликни умрбоқий санъатга айлантириш йўлида изланаётган устанинг ижод намуналари – ганчли палаклар, паннолар, декоратив безаклар билан бирга унинг изланиши, фаолиятини акс эттирувчи фотосуратларга кенг ўрин берилган.

Назокат Усмонова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА
2 626






Все о погоде - Pogoda.uz