Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2017 11:24 Чоп этиш версияси

Нурли келажак

Нурли келажак Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида ёш иқтидорларнинг “Болалар боғчаси”, “Модалар уйи”, “Дельфинарий”, “Ранг доираси”, “Абстракция”, “Меҳмонхона интерьери” каби олтмишга яқин иши намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи ҳамкорлигида ташкил этилган “Нурли келажак” кўргазмаси очилишида мамлакатимиз тараққиёти ва замонавий шаҳарсозлик равнақи йўлида амалга оширилаётган ишларга ёшларни жалб қилиш, бу борада уларнинг иқтидорини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда қўллаб-қувватлаш амалий натижалар бераётгани таъкидланди.

Миллий рассомлик ва дизайн институтининг дизайн кафедрасида “Интерьерни лойиҳалаш” ва “Касб таълими” йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабаларга тажрибали ўқитувчилар устозлик қилади. Ушбу кўргазма кафедра жамоаси учун илк ижодий намойиш бўлиб, унда йигирма талаба қатнашмоқда.

– Талабаларимиз лойиҳалар ва макетлар яратади, – дейди дизайн кафедраси доценти Муртазо Розиқбердиев. – Шу сабабли улар тасвирий санъат сирларини билиши, рангларни ишлата олиши, бой тафаккур ва тасаввурга эга бўлиши зарур. Бугун ҳукмингизга ҳавола этилган ижод намуналарида шундай муштараклик мужассам. Дилафрўз Юсупованинг “Болалар боғчаси” деб номланган лойиҳасига эътибор берсангиз, у чизган бинолар, майдончалар ва жиҳозлар кема шаклида эканини кўрасиз. Чунки бу лойиҳа айнан болалар эътиборини тортиш учун яратилган. Танланган ранглар ҳам уларга мос. Замонавий ва кўркамлиги, дизайни талабга жавоб беради. Бу каби ижод намуналари келажакда шундай янги лойиҳаларни амалга оширишга туртки бўлса ажаб эмас. Шаҳло Собиржонова, Диёра Жўраева, Суннатилла Каримов, Шарияр Утегенов, Рустам Саидов, Эъзоза Садирова сингари талабаларимиз чизган лойиҳалар ҳам эътиборга лойиқ.

Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (фото), ЎзА
4 174






Все о погоде - Pogoda.uz