Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.03.2017 16:07 Чоп этиш версияси

Музейлар – халқ бойлиги

Мамлакатимизда музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, музейшунослик ишини давр руҳи билан ҳамқадам ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг "Музейлар    тўғрисида"ги қонуни соҳага замонавий  ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ёшлар тарбиясида музейларнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтиришда, музейлар экспозициясини бойитишда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимиздаги музейлар фонди таркибига киритилган ашёлар ва коллекциялар тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжат – Миллий музей фондининг давлат каталоги саналади. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Сертификациялаш ва компьютерлаштириш маркази томонидан 2012 йилдан буён миллий музей фондининг электрон шаклини яратишга оид махсус дастур амалиётга жорий этилмоқда. Ушбу автоматлаштирилган дастурий тизим ягона миллий музей фонди каталогини шакллантиришни назарда тутган.

Миллий музей фондининг ягона электрон базасини ўз ичига қамраб олувчи ушбу тизим "SKM-muzey" дастури деб номланиб, уни яратишда дунёнинг етакчи мамлакатларида жорий этилаётган бир қатор илғор автоматлаштирилган тизимли дастурлар атрофлича ўрганилди. Мамлакатимиздаги барча музейларда сақланаётган ашёларга, музей фондлари ва коллекцияларига оид маълумотларни ушбу дастурга киритишга эътибор қаратилди. Мазкур дастур музей осори-атиқаларининг ҳисобини юритиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, илмий инвентаризациялаш билан бирга турли кўргазма ва экспозицияларга тайёргарлик кўриш, илмий изланишлар олиб боришга мўлжалланган.

"SKM-muzey" дастури музейда сақланаётган барча ашёларни рўйхатга олиб, ашёнинг расм кўриниши, илмий тавсифи ва бошқа ахборотларни ўз ичига қамраб оладиган маълумотлар базаси ҳисобланади.

Ушбу дастурий тизимнинг барча тоифадаги музейлар фаолиятига жорий этилаётгани музейдаги предметлар ҳисоби ва бошқарувини замонавий автоматлаштирилган тарзда олиб бориш, уларни сақлашга оид ишларни янада такомиллаштириш билан бирга сақланаётган ашёлар ҳолати, ҳаракатининг очиқлигини таъминлаш, турли тоифалар бўйича ашёларни қидириш ва саралашни кўзда тутади.

Ўзбекистон давлат санъат музейи юртимиз ва жаҳоннинг турли мамлакатлари тасвирий, амалий санъат, ҳайкалтарошлик санъатига оид кўплаб нодир ашёлар, картиналар, турли буюмлар, либос намуналарини ўзида жамлаган маскандир.

Давлатимиз томонидан музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган ғамхўрлик натижасида мазкур музей тубдан таъмирланди.

Музей эскпозициясининг катта қисмини ўзбек тасвирий санъатининг дарғалари ижодига мансуб картиналар ташкил этади. Юртимиз табиатининг куйчиси Ўрол Тансиқбоев, Навоий асарларидаги нафосатни чизгиларда маҳорат билан акс эттирган мусаввир Чингиз Аҳмаров, шунингдек, Абдулҳақ Абдуллаев, Лутфулла Абдуллаев, Раҳим Аҳмедов, Неъматилла Қўзибоев каби мўйқалам соҳибларнинг ижод намуналари миллий тасвирий санъатимизнинг тараққиёт босқичларидан сўзлайди. Ганч, ёғоч, тош ўймакорлиги, заргарлик, гиламчилик, каштадўзлик, кулолчилик буюмлари ўзбек амалий санъатининг нақадар бой ва қадимий илдизларга эга эканидан дарак беради.

Музей фонди ҳамиша тўлдириб борилмоқда. Бўлимларнинг илмий ходимлари альбомлар, каталоглар ва буклетлар яратиш учун тўпланган материалларни ихтисослаштириш бўйича иш олиб бориб, фонд ва тўпламларнинг аҳамияти, мазмунини пухта ўрганмоқда. Олий ва ўрта махсус билим юртларининг илмий базаси ҳисобланган ушбу масканда рассомлар, санъатшунослар, музейшунослар ва реставраторлар амалиёт ўташи яхши анъанага айланган.

Музейда илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш билан бирга мавжуд экспозицияни "SCM-muzey" дастурига ўтказиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Бу музей ашёларининг электрон ҳолатдаги яхлит тизимини ва уларга оид маълумотларнинг тўлиқ мажмуасини шакллантириш, экспонатларни асраш, хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида бугунги кунда ушбу автоматлаштирилган тизимли дастур фаолиятини давр талабига мослаштириш, модернизациялаш, техник жиҳатдан янада такомиллаштириш чоралари кўрилиб, ушбу йўналишдаги таклиф ва мулоҳазалар, тавсияларни тўплаш устида иш олиб борилмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 006






Все о погоде - Pogoda.uz