Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2018 18:46 Чоп этиш версияси

“Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг янги ва мукаммал нашри

“Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг янги ва мукаммал нашри
9 февраль – Алишер Навоий таваллуди куни

Буюк мутафаккир Алишер Навоий бундан беш аср олдин тилларнинг ўзаро чоғиштирма тадқиқига асосланган “Mуҳокамату-л-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) монографияси билан дунё тилшунослигида мутлақо янги илмий йўналиш – компративистикага асос солган эди. Аллома ушбу асари орқали чоғиштирма тилшуносликнинг тадқиқ йўллари, таҳлил усуллари, методологик базасини ишлаб чиқди. Ҳозирга қадар ҳам замонавий тилшуносликда ушбу илмий манбанинг ўрни, таҳлил ва тадқиқ усуллари катта аҳамият касб этади.

Лингвистика тарихида Алишер Навоий бошлаб берган янги илмий йўналишга асосланган компративистик тадқиқотлар Европада XIX асрнинг биринчи ярмига келибгина яратила бошлади ва бу тилшунослик тарихида қиёсий-тарихий тилшунослик номи билан ўрин эгаллади. Ҳозирги кунда бу йўналиш замонавий тилшуносликнинг йирик соҳаларидан бирига айланган.

Ҳазрат Навоий илмий тафаккурининг гултожиси ҳисобланган ушбу тадқиқот ўзбек фани тарихида ҳам тенгсиз мақомга эга. Ушбу асар бизгача етиб келган илмий ишлар орасида ўзбек тилида яратилган биринчи соф лингвистик илмий-тадқиқот ҳисобланади. Кези келганда айтиш керакки, Низомиддин Мир Алишер Навоийга қадар туркий тиллар тадқиқига бағишланган ўнлаб илмий асарлар яратилган. Бироқ улар араб тилида ёзилган ва уларнинг аксарияти ўқув қўлланма хусусиятига эга бўлган.

Навоий “Mуҳокамату-л-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асари билан ўзбек лафзида тилшунослик бўйича илмий иш яратиш услубини, ёзма илмий баён техникасини яратиб бериш билан бирга, унинг илмий атамашунослигини ҳам ишлаб чиқди. Шу жиҳатлари билан бу асар ўзбек ва жаҳон фани учун ғоят қадрли фундаментал тадқиқотдир.

Яқинда ана шу асарнинг янги нашри туркий тиллар тарихининг билимдонларидан бири Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида чоп этилди (Алишер Навоий. Mуҳокамату-л-луғатайн.. – Тошкент: “Академнашр”, 2017). Мазкур китобда асарга бағишланган тадқиқот, “Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг илмий транскрипцияси, ҳозирги ўзбек тилига соддалаштирилган ўгирмаси, асарда ишлатилган илмий атамалар сўзлиги берилган. Илова сифатида Париж ва Тўпқопи нусхаларининг факсимили ҳам келтирилган.

“Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг тўртта қўлёзмаси бизгача етиб келган бўлиб, унинг биринчи нусхаси Истанбулдаги Тўпқопи саройи музейи Реван кутубхонасида сақланаётган Навоий куллиётидан ўрин олган. Тахминларга қараганда, у мавжуд нусхаларнинг энг эскисидир.

Асарнинг яна бир нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Фотиҳ бўлимида сақланмоқда ва у Навоий куллиётига кирган. 1526-1527 йилларда кўчирилган Париж нусхаси Париждаги Миллий кутубхонада ва асарнинг тўртинчи қўлёзмаси Будапештда сақланмоқда.

Алишер Навоийнинг “Mуҳокамату-л-луғатайн” асарининг янги нашри ана шу нусхаларни ўзаро қиёслаш натижасида яратилди.

“Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг қўлёзмалари орасида Тўпқопи ва Париж нусхалари матний жиҳатдан бир-бирига жуда яқин: Тўпқопида қайси жойлари тушиб қолган бўлса, Париж қўлёзмасида ҳам айтарли шундай ҳолат кузатилади.

Асарнинг Фотиҳ кутубхонасида сақланаётган қўлёзмаси бошқа нусхалардан бирмунча фарқ қилади. Муҳими шундаки, Тўпқопи ва Париж қўлёзмаларида учрамайдиган сўз ва жумлалар ушбу нусхада тўлдирилган. Текстологик жиҳатдан бу нусханинг ўзига яраша афзаллиги ҳам бор.

Навоий ўз асарида компративистиканинг таянч усулларини ихтиро этган. Чунончи, у тилларнинг қандай бирликлари ва қатламлари солиштирилса, асосли илмий натижаларга эришиш мумкинлигини ҳам кўрсатган. Ана шу мақсадда Навоий ўзбек тилининг сўз бойлигини кўрсатиш орқали форсийда муқобили бўлмаган юзта феълни келтиради. Асарнинг Тошкент нашрида ушбу феъллар тўқсон тўққизта. Тўпқопи ва Париж нусхаларида феълларнинг сони тўқсон тўққиз, Фотиҳ ва Будапешт нусхаларида юзта. Ушбу икки нусхада бошқа қўлёзмада тушиб қолган юзинчи феъл ҳам бор. У “чимдиламоқ” феъли бўлиб, кетма-кетликда “қичиғламақ” сўзидан кейин кeлади. Асар нусхасини кўчираётган котиб айнан шу сўзни тасодифан тушириб қолдирган. Тошкент нашрида ушбу феъл учрамаслигининг сабаби ҳам шунда, нашр учун Париж қўлёзмаси асос бўлган, деган хулосага келади турколог Қ.Содиқов.

Нусхаларда нафақат бундай ҳолатлар, балки баъзи ўринларда жумлаларнинг тузилишида ҳам фарқли жиҳатлар бор. Масалан, Тўпқопи ва Париж қўлёзмаларидаги айрим жумлалар Фотиҳ қўлёзмасида таҳрир қилинган ёки аввалги икки қўлёзмада учрамайдиган жумлалар Фотиҳ қўлёзмасида тўлдирилган. Бир-иккитасини кўчириш чоғида тушириб қолдирилган, дейиш мумкиндир, лекин орада муҳим маълумотлар ҳам киритилган бўлиб, улар тил ва услуб жиҳатидан Навоийнинг жумлалари, буларни асарга муаллифдан бошқа киши киритиши имконсиздир.

Масалан, Тўпқопи қўлёзмасида: “Форсийгўй турк беглар-у мирзодалар “бўхсамақ”ни форсий тил била тиласалар-ки, адо қилғайлар!”, ёки ушбу гап Фотиҳ қўлёзмасида: “Форсийгўй турк беглар-у мирзодалар “бўхсамақ”ни форсий тил била тиласалар-ки, адо қилғайлар, аё не навъ қилғайлар”, деб берилган.

Навоий асарлари тилида сингармонизм (товушлар уйғунлиги) “темир қонун” сифатида амал қилинганини кўришимиз мумкин. Бу нарса товушлар тизимини англашга ҳам имкон беради. Масалан, муаллиф келтирган мисолларда “йўғон” ўзак-негизли сўзларга масдар кўрсаткичининг -мақ варианти қўшилади: “қуруғсамақ”, “алдамақ”, “қистамақ”, “йалинмақ” сингари; “ингичка” талаффузли сўзларга эса -mäk варианти қўшилади: “игирмак”, “индамак”, “сурканмак”, “ўртанмак” сингари. Демак, Навоий тилида орқа қатор, “йўғон” a билан олд қатор, “ингичка” ä нинг ҳар иккови мустақил фонемалар сифатида ишлатилган.

“Муҳокамату-л-луғатайн”да жониворларнинг ҳаракатини англатувчи феъллар билан боғлиқ қизиқ бир мисол бор. Асарнинг Анқара нашрида бу мисол шундай берилган: “Уй мунграмагига ва ишак инграмағиға ва ит тегишмағиға ва улимағиға лафз йўқтур”. Муҳими шундаки, ушбу жумла асарнинг Тўпқопи қўлёзмасида йўқ, Фотиҳ қўлёзмасида эса бор, нашрга ўша қўлёзмадан олинган. Яна бунда келишик қўшимчаларининг қўшилиш тартибига эътибор қаратилса, қуйидаги ҳолатга дуч келамиз: “тегишмак” сўзи “ингичка” ўзакли бўлишига қарамай, унга қўшимчанинг “йўғон” варианти қўшилмоқда: “тегишмағиға”.

Эътиборли жиҳати, асарнинг янги нашрида қўлёзмалар орасидаги бундай текстологик фарқлар батафсил таҳлил этилган. Турколог олимнинг фикрича, Навоий ҳаётлик пайтида “Муҳокамату-л-луғатайн” асарининг икки варианти бўлган. Яъни асарнинг котиб кўчирган вариантини Навоий тузатиш ва тўлдиришлар билан қайта таҳрирдан ўтказади. Шу тариқа, ўша давр илму толиблари учун бу асарнинг икки варианти кенг ёйилган эди.

Янги нашрдаги “Муҳокамату-л-луғатайн” асари туркологиядаги энг сўнгги илмий қарашларга таянган ҳолда чоп этилди. Унда сўзларнинг ўқилиши, талаффуз шаклларига ўзгаришлар киритилган. Китобнинг яна бир ютуғи, асар матни лотин алифбоси асосидаги халқаро илмий транскрипцияда берилганлигидир. Ўзбекистонда Навоий асарлари биринчи бор ана шу транскрипцияда берилаётганини илмий жиҳатдан эътироф этмоқ ўринлидир.

Мухтасар айтганда, “Академнашр” чоп этган “Муҳокамату-л-луғатайн” асари ўзбек навоийшунослигида катта ҳодиса бўлди. Унда ота-боболаримиздан қолган ёзма ёдгорликларни нашр этиш замонавий туркшуносликда ишлаб чиқилган тугал қолипга асосланилгани билан аҳамиятли. Асарнинг илмий ва мукаммал нашри манбашунослик ва матншунослик соҳасида бундан буён яратилажак ишларда муҳим манба бўла олади, деган умиддамиз.

Қудратулла Омонов,
Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси,
филология фанлари доктори.

ЎзА
16 875