Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2017 17:27 Чоп этиш версияси

Миллий санъат ва маданиятимизга эътибор

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида маданият вазирининг биринчи ўринбосари М.Ҳожиматов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини янада ошириш, ижодкор зиёлиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, миллий санъатимизни жаҳонга кенг тарғиб этишга доимий эътибор кўрсатилаётганини таъкидлади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга кўра мамлакатимизда соҳага оид миллий қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Театр ва томоша масканларини, маданий-маърифий ташкилотлар, музейлар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда вазирлик томонидан музейлар, истироҳат боғлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолияти батафсил ўрганилиб, чуқур таҳлил этилмоқда. Улар ишини замон талабига мос йўлга қўйиш юзасидан амалий чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилмоқда.

Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларни ватанпарвар, фидойи, юртга содиқ инсонлар этиб камолга етказиш юзасидан қатор лойиҳалар ҳаётга кенг жорий этилмоқда. Турли ижодий танловлар, қизиқарли лойиҳалар, бадиий дастурлар, фестиваллар, кўриклар, маданий ҳафталиклар ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Театр жамоаларининг ижодий сафари ҳамда чет эл ижодий жамоалари, санъаткорларининг концертлари мухлисларни мамнун этмоқда. Музейларга санъатнинг барча йўналишлари вакиллари, медиа тузилмаларни жалб этган ҳолда томошабинларни кўпроқ жалб этиш, маданий-маърифий муассасалар, истироҳат боғлари фаолиятини ташкил этишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Истиқлолимизнинг 26 йиллигига бағишлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида мусиқий кечалар, ижодий учрашувлар, концертлар ўтказилмоқда. "Ниҳол" мукофоти учун ижодий танлов, "Ягонасан, муқаддас Ватан!" лойиҳаси янги истеъдодларни халқимизга тақдим этмоқда.

Матбуот анжуманида вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар хусусида маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 456






Все о погоде - Pogoda.uz