Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 20:43 Чоп этиш версияси

Миллий рақс – маънавиятимизнинг ажралмас қисми

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан "Миллий рақс санъатининг ривожланиш тарихи, долзарб масалалари ва замонавий концепциялари" мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори вазифасини бажарувчи А.Ҳайдаров, "Ўзбекистон" ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Қ.Мўминов, Ўзбекистон халқ артисти Г.Матёқубова ва бошқалар истиқлол йилларида миллий санъатимизнинг барча турларини жадал равнақ топтириш, унинг бой анъана ва мактабларини асраб-авайлаш масаласига доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 февралдаги "Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ҳамда "Ўзбекрақс" миллий рақс бирлашмаси негизида "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси ташкил этилиб, унинг таркибида янги бўлим – Рақс ва хореография санъати фаолиятини ривожлантириш ва ташкил этиш бўлими тузилди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги рақс ансамблларида 600 дан ортиқ санъаткор ижод қилмоқда. Айни пайтда қатор театр жамоаларида ҳам рақс ва балет труппалари фаолият кўрсатмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувида миллий маънавиятимиз, санъатимизга дахлдор қатор долзарб вазифалар қайд этилгани ижодкорларни янада фаол, изланувчан, ташаббускор бўлишга даъват этмоқда. Шу билан бирга соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари рақс санъатини ривожлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш, энг илғор ва ижобий тажрибаларни оммалаштиришда янги истиқболларни очмоқда.

Миллий рақс санъатимизнинг энг яхши анъана ва мактаблари, ютуқлари халқимизнинг мўътабар байрамларига бағишланган концерт дастурларида, "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали, ижодий кўрик-танловлар, лойиҳаларда, хорижда Ўзбекистон маданияти ва санъатига бағишланган тадбирларда, халқаро кўргазмаларда яққол намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдод соҳиблари учун таъсис этган "Ниҳол" мукофоти совриндорлари сафида ҳам миллий рақс бўйича изланаётган йигит-қизларнинг борлиги соҳа ривожига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан дарак беради.

– Ҳар бир миллатнинг қиёфаси, юзи унинг рақс санъатида ҳам яққол намоён бўлади, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳамедова. – Ўзбек рақс санъати миллий жозиба, ор-номус, ҳаё, андиша, бетакрор нафосатга асосланади. Либослар, хатти-ҳаракатнинг мусиқага уйғун бўлиши, куй мазмунини очиб бериш, миллий руҳни сақлаган ҳолда миллий ғурурни юксалтириш раққоса зиммасидаги катта масъулиятдир. Бунда юртимизда қадимдан шаклланган анъаналар, устозлар бисотидаги ўгитлар, бой ва бетакрор миллий рақс мактаби битмас-туганмас илҳом ва ижод манбаи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Миллий рақс санъатининг ривожланиш тенденциялари, мусиқа ва рақснинг қадимий илдизлари, рақс жамоалари ва уларнинг фаолияти таҳлили, миллий рақс санъатини ривожлантиришнинг замонавий концепциялари, "оммавий маданият" ва рақс санъати каби мавзуларда маърузалар тингланди. Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
1 709






Все о погоде - Pogoda.uz