Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 18:36 Чоп этиш версияси

Жиззахда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деб номланган дўстлик фестивали бўлиб ўтди

Жиззахда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деб номланган дўстлик фестивали бўлиб ўтди Жиззахда Республика Байналмилал маданият марказининг 25 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деб номланган дўстлик фестивали бўлиб ўтди.

Вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар, диний жамоалар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган фестивалда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган миллий маданий марказлар мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда вилоятда 30 дан ортиқ миллат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилмоқда. Рус, қозоқ, қирғиз, тожик, корейс, татар миллий маданий марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда.

Фестиваль иштирокчилари миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, унинг асосида мамлакатимизда тили, диний эътиқоди ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, барча миллатлар эмин-эркин, аҳилликда яшаши учун давлатимиз томонидан зарур шароит яратилганини алоҳида таъкидлади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг фармонига мувофиқ, Республика Байналмилал маданият марказининг 25 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ фаоллар қаторида мен ҳам Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимдан қалбим чексиз қувонч ва ифтихорга тўлди, – дейди вилоят корейс миллий маданий маркази раиси Олег Ким. – Бу мукофотни шу юртни ардоқлаб яшаётган, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган барча миллатдошларимга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак ишонч ва эҳтиром ифодаси, деб биламан. Биз бу ишончга муносиб бўлиш, ёшларни Ўзбекистонимизга содиқ фарзандлар этиб тарбиялаш йўлида куч-ғайратимизни аямаймиз.

Тадбир доирасида вилоят миллий маданий марказлари томонидан амалий санъат ва халқ бадиий ҳунармандлиги, турли тиллардаги тарихий, бадиий, публицистик китоблар кўргазмалари намойиш этилди.

Вилоят миллий маданий марказлари бадиий жамоалари ва таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
2 509






Все о погоде - Pogoda.uz