Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 17:53 Чоп этиш версияси

Тошкентда “Мен билган дунё” деб номланган хайрия кўргазмаси очилди

Мадина Умарова актёрликка қизиқади. У келажакда турли роллар ижро этиб, мухлислар эътиборини қозонмоқчи. Орзулари бир олам бу қиз ҳозир Шайхонтоҳур туманидаги 37-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 9-синф ўқувчиси. Спортнинг гимнастрада тури билан мунтазам шуғулланиб келаётган Мадина Ватанига, ота-онаси ва яқинларига бўлган меҳрини суратларда ифодалашни хуш кўради.

– Тасаввуримдаги тасвирни ёрқин рангларда акс эттиришга ҳаракат қиламан, – дейди у. – Бугун намойиш этилаётган ишимда бу намоён бўлган. Тенгдошларим чизган суратларни томоша қилиб, уларнинг рангин дунёси нақадар ҳайратли, гўзал ва қизиқарли эканига шоҳид бўлдим.

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида 2 апрель – Бутунжаҳон аутизм тўғрисида маълумот тарқатиш кунига бағишланган “Мен билган дунё” хайрия кўргазмасининг очилишида ўзининг табиат, фасллар, яшил дунё ҳақидаги чизмаларини ҳавола этган ҳар бир мурғак қалб шундай ҳайрат ва қувончни туйди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи ва “Star Kids International” бошланғич таълим муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда рассомлар, тасвирий санъат ихлосмандлари, ўқитувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар иштирок этди.

Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи директори Ф.Усмонов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси ва саломатлигини муҳофаза қилишга эътибор, хусусан, бунда имконияти чекланган болаларни илк ёшдан таълимга тайёрлаш, тиббий, психологик ва педагогик ёрдамни ўз вақтида ва сифатли кўрсатиш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш ижобий самара бераётгани хусусида сўз юритди.

– Болалар ҳаётимиз мазмуни, уларга меҳр бериш бизнинг бурчимиздир, – дейди “Star Kids International” бошланғич таълим муассасаси раҳбари Г.Омонова. – Мамлакатимизда имконияти чекланган болаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, таълим-тарбия натижаси ва улар дунёси билан таништириш мақсадида ушбу тадбирни ташкил этдик. Аутизмга чалинган болалар чизган суратлар, ясаган қўғирчоқлар, тикувчилик намуналаридан кўриш мумкинки, бу уларга берилаётган ҳар томонлама кўмакнинг амалий ва ижобий натижасидир.

Кўргазмада Шайхонтоҳур туманидаги 37-, Яшнобод туманидаги 52-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқувчиларининг олтмишдан ортиқ иши намойиш қилинаётир.

– Ўғлим Алан Яшнобод туманидаги 52-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 5-синфида ўқийди, – дейди тадбир иштирокчиси З.Собирова. – Бу ерда улар учун барча шароит мавжуд. Таълим-тарбия ва мунтазам тиббий назорат самарасида ўғлимда яхши ўзгаришларни сездим. У гапиришга қийналса-да, кўргазма учун чизган баҳор тасвири, яшиллик ва камалакни тасвирлашда бу ҳолат ҳеч сезилмади. Бундан ташқари, Алан компьютерда ўйинлар ўйнаш, сузиш билан шуғулланишга жуда қизиқади.

Экспозициядан ўқувчилар яратган қўғирчоқлар, ёстиқчалар, безаклар, эсдалик совғалар ҳам жой олган.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан ўқувчиларга совғалар улашилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 209






Все о погоде - Pogoda.uz