ЎзА Ўзбек

09.07.2019 17:11 Чоп этиш версияси

Марказий Осиёдаги биринчи фотограф ким?

Марказий Осиёдаги биринчи фотограф ким?

Туркистон генерал-губернатори К. Кауфманнинг топшириғига биноан, 1872 йилнинг ёзида Қўқон хонлигига фотограф Г. Кривцов келади.

У “Туркистон альбоми” учун фотосуратлар олиб кетиши керак эди.

Маълумки, у вақтларда мусулмон дунёсида шариат бўйича одамнинг суратини олиш мумкин эмасди. Бунга риоя қилмаганларни жазолашлари мумкин эди. Умуман, одамларнинг расмини чизиш гуноҳ ҳисобланган.

Г. Кривцов келганда, Худоёрхон Асакада эди. Фотограф ўша ерга бориб, унга мақсадини айтади. Табиийки, у рад жавобини олади.

Шунда Г. Кривцов Худоёрхонга фотоаппарат билан танишишни таклиф қилади ва у ҳеч қандай хавфли эмаслигини айтади. 1872 йил 6 июль куни мусулмонлар биринчи бор қандай қилиб фотосурат олинишини кўради.

Кривцов биринчи марта сарбозларнинг фотосуратларини олади. Бу Фарғона водийсида олинган дастлабки фотосурат эди. Секин-аста Худоёрхон бунга қизиқиб қолади ва ёнидаги амалдорларнинг, меҳмонхонанинг, ўрданинг фотосуратларини олдиради. Кривцовнинг сўзига қараганда, айрим амалдорлар қаршилик қилишган, расмга тушмаслик учун йиғлашган. Худоёрхонга гуноҳ бўлади, деб ёлворишган. Аммо хон фармони бажарилиши шарт эди. Худоёрхон ва оила аъзоларининг айримлари ҳам расмга тушишади. Худоёрхоннинг розилиги билан Кривцов хонликнинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб, кўплаб фотосуратлар олади. Шу жумладан, Қўқон шаҳрида хон ўрдасининг ва бошқа биноларнинг фотосуратларини олади. Улар бугунги кунда қимматли этнографик материаллар бўлиб қолган.

Худоёрхон ва унинг ўғли Г. Кривцовдан фотоаппарат ва керакли химикатлар юборишни илтимос қилади. Шунинг учун рус фотографи билан қўқонлик Бердиқул исмли йигит Тошкентга юборилади. У фотосурат олишни ўрганиб, фотоаппарат ва керакли ашёларни олиб келиши лозим эди.

Г. Кривцов Петербургга кетиш учун шошилиб, Бердиқулга суратга олишнинг содда усулларини ўргатишга улгуради, холос. Фотограф яна Тошкентга келганда, унга фотосурат олишни чуқурроқ ва яхшироқ ўргатиб қўйишни ваъда қилади. 1872 йил август ойининг охирида Бердиқул Қўқон шаҳрига иккита фотоаппарат билан қайтади. “Туркестанские ведомости” газетаси шу муносабат билан “Ҳозирги вақтда Осиёнинг мусулмонлар марказида, яъни Қўқон хонлигида иккита фотография ишламоқда” деб хабар берган эди. Бири Қўқон шаҳрида, иккинчиси эса Андижонда эди. Шундай қилиб, Қўқон шаҳри тарихида биринчи фотограф бўлиб Бердиқул исмли ўзбек йигити ҳисобланади.

Фикримизча, у бутун Марказий Осиёда ҳам биринчи фотографдир. Чунки 1872 йил ҳеч қаерда, ҳаттоки Тошкентда ҳам маҳаллий аҳоли орасида фотограф йўқ эди.

Ҳайдарбек БОБОБЕКОВнинг “Қўқон тарихи” китобидан олинди.
Манба: “​Postda”​ газетаси​


ЎзА
1 852