Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Марғилонда драма театр иш бошлади

Марғилонда драма театр иш бошлади Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида иш бошлаган драма театрининг биноси фойдаланишга топширилди.

Театр биносининг очилиши катта шодиёнага айланди. Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти Ё.Аҳмедов ва бошқалар мамлакатимизда миллий театр санъатини ривожлантириш, санъатимизнинг мумтоз анъаналарини асраб-авайлаш, янги саҳна асарлари яратиш масалаларига қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

4.JPG

6.jpg

Фарғона вилоятида ҳам театрлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги уч йилда Фарғона шаҳрида Театр-концерт саройи, вилоят қўғирчоқ театри қурилди, вилоят рус драма театри ҳамда Қўқон шаҳар мусиқали драма театри бинолари реконструкция қилинди. "Мақом мактаби" ва "Аския мактаби" ташкил этилди.

Марғилон шаҳри азалдан маданият ва санъат маскани сифатида ҳам довруғ қозонган. Бу ердан Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Усмон қизиқ, Тамарахоним, Мукаррамахоним, Саттор бува, Мадали ҳофиз, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Мадаминжон Юсупов каби санъаткорлар етишиб чиққан. Драма театрининг ташкил этилиши эса, янги-янги асарлар яратилишига хизмат қилади.

8.JPG

10.JPG

Мазкур драма театри биноси санъат ихлосмандлари, театр фидойилари, кенг жамоатчилик учун ўзига хос туҳфа бўлди. 200 ўринли томоша залида замонавий шароитлар яратилган.

Вилоят мусиқали драма театри ва рус драма театри ижодкорлари спектакллардан парчалар намойиш этди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
10 576