Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.09.2017 14:43 Чоп этиш версияси

Марғилонда “Атлас байрами” фестивали бошланди

Марғилонда “Атлас байрами” учинчи фестивалининг тантанали очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Юртимиз ҳунармандлари намойиш этаётган маҳсулотлар, айниқса, хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, атлас, адрас, зардўзлик ва каштачилик сингари миллий маҳсулотларимизни кенг тарғиб этишда ушбу анъанавий фестивалнинг аҳамияти катта. ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ҳунарманд» уюшмаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда бу янада яққол намоён бўлди.

Томчидек дур минглаб ҳарсанг тошлардан қиммат бўлганидек, ҳунармандларимиз яратган атлас ва адраслар ҳам кўплаб матолардан қадрлироқ. Тарихи милоддан аввалги даврларга бориб тақаладиган атлас тўқиш санъати мустақиллик йилларида жадал ривожланмоқда. Марғилон ҳунармандлари яратган гиламлар, ипак матолар, заргарлик ва зардўзлик буюмлари, сопол идишлар дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган сайёҳларни ҳайратга солади.

Мамлакатимизда уста-ҳунармандларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга турли имтиёз ва имкониятлар берилаётгани миллий ҳунармандлигимизнинг ажралмас қисми бўлган атласчиликда ҳам янги даврни бошлаб берди. Ҳунармандлар фаолиятини рағбатлантириш, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш ва кенгайтириш орқали кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Марғилон матоларининг хомашёси, безаги ва тўқилишига кўра бир-биридан фарқ қиладиган ўнлаб турлари мавжуд. Маълумотларга кўра, бундан бир неча йил аввал атласнинг “қора атлас”, “барги карам”, “чақирим”, “номозшомгул”, “Шахмат”, “Қора кўзим” турлари бўлган бўлса, ҳозир уларнинг тур ва номлари янада кўпайган. Мисол учун, атлас ва адраснинг “Марғилон”, “Наврўз”, “Расадхона”, “Бибихоним” “Ноғора”, “Киприк”, “Қиролича”, “Панжа”, “Келинчак” каби ўнлаб турлари яратилган. Улар тўрт тепкили ва саккиз тепкили дастгоҳда тўқилади. Маҳсулот тайёр бўлгунча ўттиздан ортиқ жараёндан ўтади. Шу билан бирга, ҳунармандлар қадимий дастгоҳ турларини тиклаш устида ишламоқда.

– Марғилоннинг адрасу атласлари бутун дунёда машҳур бўлиб, улардан тикилган кийимлар ҳар қандай кишини мафтун этади, – дейди марғилонлик ҳунарманд Ҳилола Мамасиддиқова. – Ипак матолар орасида энг талабгори адрас ва хонатласдир. Уларнинг ўзига хослиги шундаки, безак ва гуллар матога эмас, балки ўриш ипининг ўзига чизилади. Эътиборлиси, барча ранг табиий усулда, бўёқ берувчи гиёҳлардан тайёрланади. Шу боис улар йиллар ўтса-да, ўз сифатини йўқотмайди, ранглар қоришиб кетмайди.

Фестивалнинг очилиш маросимида ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Бадарч Дендев, “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Акобир Ҳакимов ва бошқалар мамлакатимизда номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, миллий ҳунармандликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Фестиваль доирасида ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида атлас ва адрас матолари безаги бўйича маҳорат сабоқлари, “Ўзбекистон анъанавий гиламчилик санъати”, “Марказий Осиё матолари” Ўзбекистон ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилди. Ўзбекистон модельерлари шоу-дефилеси, концертлар, кураш мусобақаси, аскиячилар ва дорбозларнинг чиқишлари, “Девзира” ош танлови ҳам ўтказилди. “Марказий Осиё халқлари анъанавий матолари ва барқарор ривожланиши” мавзусидаги халқаро анжуманда миллий ҳунармандлигимизнинг ўзига хос хусусиятлари, миллий матолар ҳақида сўз юритилди.

Фольклор жамоалари, таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 219






Все о погоде - Pogoda.uz