Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 17:47 Чоп этиш версияси

Мангу барҳаёт сиймо

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишлаб "Алишер Навоий ижоди – миллий маънавий хазинамиз дурдонаси" мавзуида видеомулоқот ташкил этилди. Унда адабиётшунос олимлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар мустақиллик йилларида мамлакатимизда жаҳон маданияти, илм-фани, маърифати равнақига муносиб ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш, улардан ёшларни баҳраманд этишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Бутун инсоният миллий адабиётимизнинг беназир сиймоси бўлган Алишер Навоий даҳосига чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан қарайди. Бу буюк зотни англаш, унинг фалсафий-ахлоқий, маданий-маърифий мушоҳадаларга бой асарларини ўқиш ва тушуниш ҳар бир инсон учун улкан саодатдир.

– Бугунги глобаллашув жараёнида Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори Ҳамидулло Болтабоев. – Шу боис улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Бугунги тадбирда мамлакатимиздаги етакчи олий таълим даргоҳларининг ўқитувчи ва талабалари навоийшунос олимлар билан видеомулоқот ўрнатди. Мақсад ёшлар маънавиятини юксалтириш, онгу тафаккурига эзгулик уруғини сочиш, таълим-тарбия жараёнининг сифат ва самарадорлигини ошириш, Навоий ижодидан ёшларни кўпроқ баҳраманд этишдан иборатдир.

Видеомулоқотда буюк бобокалонимиз ўз асарларида улуғлаган эл-юрт равнақи, ободлиги, осуда ва фаровон ҳаёт, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро тотувлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини асраб-авайлашдек эзгу ғоялар бугунги жамиятимиз ҳаёти, юртимизда кечаётган изчил ислоҳотларга ҳамоҳанг эканлиги айтилди.

Навоий ғазаллари билан куйланган қўшиқлар тадбирга янада завқ бағишлади. Улуғ шоиримиз ижодига оид маърузалар тингланди, асарларидан саҳна кўринишлари намойиш қилиниб, мушоира ва баҳру байт ўтказилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
1 990






Все о погоде - Pogoda.uz