Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 18:26 Чоп этиш версияси

Халқимиз маънавий юксалишига ғоят кучли таъсир кўрсатган буюк ижодкор

Пойтахтимиздаги «Чинобод» санаториясида Алишер Навоий таваллуди куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар ҳамда Юнусобод тумани кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган адабий кечада истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жаҳон маданияти, илм-фани, маърифати равнақига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз номини тиклаш, жумладан, Алишер Навоий ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб этиш, у илгари сурган эзгу ғояларни ёшлар онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Бу эзгу ишлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан изчиллик билан давом эттирилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши халқимиз, айниқса, ёш авлодда китобхонлик маданиятини шакллантиришга, аждодларимизнинг бой маънавий меъросидан баҳраманд бўлишга хизмат қилаётир.

Навоий асарлари халқимизнинг маънавий хазинасига айланган бўлиб, ундаги эзгу ғоялар ёшлар қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини сингдиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Алишер Навоий ўзбек халқи маънавияти юксалишига ғоят кучли таъсир кўрсатган, инсонийлик, тинчликсеварлик, юртпарварлик, маърифатпарварлик ғояларини тараннум этган буюк ижодкордир, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Юнусобод тумани кенгаши раиси Нигора Эшметова. – Шоир асарларини ўқиш-ўрганиш халқимизни ана шундай қадриятлар руҳида камол топтиради.

Тадбирда Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 865






Все о погоде - Pogoda.uz